Давлат қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби
Давлат қурилиш назорати объект қурилишининг барча босқичларида амалга оширилади.
Давлат қурилиш назорати объекти ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтказилиб оммавий оферта расмийлаштирилгандан сўнг белгиланган тартибда назорат ўрнатилади.
Давлат қурилиш назорати даврида қуйидаги талаблар ўрганилади:
Назорат жараёни буюртмачининг техник, лойиҳачи ташкилотининг муаллифлик назоратлари ва пудрат ташкилоти вакилларидан (раҳбар, раҳбар вазифасини бажарувчи шахс ёки ушбу объектга буйруқ билан бириктирилган масъул шахс) бирининг иштирокида амалга оширади;
қурилиш объектининг паспорти мавжудлиги ва уни кўринарли жойда ўрнатилганлиги;
қурилиш майдони ҳудуди вақтинча ёпиқ тўсиқ билан ўралганлиги;
қурилиш объектида буюртмачи томонидан тасдиқланган ишчи лойиҳа ҳужжатлари мавжудлиги;
пудратчи томонидан ижро техник ҳужжатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари асосида (умумий иш юритиш, кириш назорати, бетон ишлари, пайвандлаш ишлари, техника хавфсизлиги журналлари, ёпиқ ишлар тури бўйича далолатномалар ва бошқалар) юритилганлиги;
объектда техник, муаллифлик ва пудратчининг ички назорати юритилиши ўз вақтида таъминланганлиги;
қурилиш материаллари ва буюмларининг мувофиқлик тўғрисидаги сертификат ва паспортлари мавжудлиги;
қурилиш-монтаж ишларининг шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мослиги;
объектга келтирилган қурилиш материалларининг мувофиқлик кўрсаткичларига, бажарилган қурилиш монтаж ишларининг лойиҳавий кўрсаткичларга мослиги бўйича синов лаборатория хулосалари мавжудлиги (зарур ҳолларда, лаборатория ходимлари ва бошқа мутахассисларни жалб этган ҳолда).
Давлат қурилиш назорати якунлари бўйича зарур ҳолларда далолатнома, ёзма кўрсатма, тақдимнома ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилади.
Давлат қурилиш назорати натижаларига кўра, аввал аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилганда ҳудудий инспекция инспектори томонидан далолатнома расмийлаштиради.
Қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларининг бажарилишида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ расмийлаштирилади.
Давлат қурилиш назорати натижаларига кўра, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш масалаларини ҳал қилиш юзасидан тақдимномалар киритилади.
Объектларда бино ва иншоотларнинг зилзила бардошлилигига таъсир қилувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлар қўлланилгани аниқланган ҳолларда, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли орган ва ташкилотларга тақдимномалар киритилади
Do'stlaringiz bilan baham: |