"Толибон" жангарилари Кобулни қўлга олди. Шу тариқа улар бутун Афғонистонни назорат қила бошлади. Жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари ва оавнинг маълум қилишича, толиблар 15 август куни кечга яқин ҳеч қандай қаршиликларсиз пойтахтни
"Толибон" жангарилари Кобулни қўлга олди. Шу тариқа улар бутун Афғонистонни назорат қила бошлади. Жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари ва ОАВнинг маълум қилишича, толиблар 15 август куни кечга яқин ҳеч қандай қаршиликларсиз пойтахтни эгаллаб, президентлик саройига кирди. Афғонистоннинг собиқ ички ишлар вазири Али Аҳмад Жaлолий ўтиш даври ҳукуматининг раҳбари бўлди, деб хабар бермоқда Рейтер агентлиги. Толиблар мамлакатда Афғонистон ислом амирлиги тузилганини эълон қилиши кутилмоқда. Чунки, 1996-2001 йилларда, толиблар бошқаруви даврида ҳам Афғонистон шундай аталарди.
Афғонистон президент Ашраф Ғани Аҳмадзой мамлакатдан чиқиб кетди. Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай мамлакатда "хаос юзага келишининг олдини олиш учун" Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилганини маълум қилган. Унинг таркибига Карзайнинг ўзи, Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла ва Афғонистон Ислом партияси етакчиси, мамлакатнинг собиқ бош вазири Гулбиддин Ҳикматёр кирган. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг мақоми аниқ эмас. Толиблар ўтиш даври ҳукумати тузилишига рози эмас ва ҳокимият тўғридан тўғри топширилишига эришмоқчи. Толиблар Кобулда хавфсизлик таъминланишини ваъда қилиб, аҳолидан хавотирга тушмаслик ва шаҳарни тарк этмасликни сўради.
"Толибон" ҳаракати Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга қарши ҳаракатлар олиб боришига йўл қўймаслигига ишонтирмоқда. "Биз ҳеч кимга Афғонистон ҳудудидан ҳар қандай мамлакатга, шу жумладан, қўшни давлатларга қарши фойдаланишга йўл қўймаслик тарафдоримиз", — деди ҳаракат вакили Муҳаммад Суҳайл Шоҳин Ҳиндистоннинг ANI агентлигига берган интервьюсида.
Ғарбнинг кўплаб давлатлари қатори АҚШ ҳукумати Кобулдан дипломатларини эвакуация қилди. АҚШнинг Кобулдаги ишончли вакили Росс Уилсон Яшил ҳудуддаги Америка элчихонасини тарк этиб, АҚШга йўл олди. Аввалроқ Оқ уй раҳбарининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод АҚШ фуқаролари тўлиқ эвакуация қилинмагунча, "Толибон" жангарилари Кобулга кирмаслигини талаб қилганди. Покистон баёнот бериб "Афғонистондаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бораётгани"ни маълум қилди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда Покистон ҳукумати вакиллари Афғонистонда ҳукумат алмашинувидан хурсанд эканликларини яшира олмаётгани акс этган видеолар тарқалган.
Германия Кобулдаги элчихонаси ходимларини Ҳамид Карзай номидаги аэропортга кўчирган. "Элчихона персонали аэропортга олиб келинган ва шу ерда фаолиятини давом эттирмоқда", деган мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас. Франция ҳукумати ҳам элчихонасини Кобул аэропортига кўчириб ўтказишга қарор қилди. Республика мудофаа вазирлиги баёнот беришича, Франция Афғонистондан француз фуқароларини эвакуация қилиш учун Бирлашган Араб Амирликларига икки ҳарбий транспорт самолёти юборади. Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга Афғонистонни тарк этишда ёрдам кўрсатишини маълум қилган. Бундан ташқари, вакиллар палатаси етакчиси Жейкоб Рис-Моггнинг CNN билан суҳбатда маълум қилишича, 18 август куни Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун британ парламенти таътилдан шошилинч қайтади.Британия бош вазири Борис Жонсон Афғонистондаги вазият муносабати билан ҳукуматнинг фавқулодда йиғилишини чақирган.
Канада хавфсизлик нуқтаи назаридан Кобулдаги элчихонаси фаолиятини тўхтатди.
Россия эса, гарчи «Толибон» РФда террорчи ташкилот сифатида тан олинган бўлса ҳам элчихонасини ёпмаслиги ва ўтиш даври ҳукумати билан ҳамкорлик қилмоқчилигини маълум қилди. Қайд этилишича, Россия элчихонаси одатий режимда фаолиятини давом эттирмоқда, "Толибон" бошқа давлатлар дипломатлари билан бўлгани каби, россиялик дипломатларнинг ҳам хавфсизлигини кафолатлаган. Шунингдек, Россиянинг Кобулдаги элчихонаси шаҳардаги вазият кескинлигича қолаётгани, лекин шаҳарда жанглар бўлмаётганини ва дипмиссияга таҳдид йўқлигини билдирган. Москва ҳозирча толибларни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олмаган.
16 август куни Нью-Йорк вақти билан соат 10:00да (Тошкент вақти билан 19:00) БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистондаги вазият бўйича шошилинч йиғилиш ўтказди. Бу йиғилиш Норвегия ва Эстония ташаббуси билан чақирилди. Йиғилиш очиқ брифинг ва ёпиқ маслаҳатлашувлар шаклида ўтди.
Катта авлод вакиллари яхши билишади, афғонистонлик ёзувчи Соҳиб Жамолнинг "Гули сиёҳ" деб номланган романи бор. Асарда кўзи ожиз Амал исмли қизнинг Нодир исмли йигит билан бўлган муҳаббати ҳақида ҳикоя қилинади. Шуниси эътиборга лойиқки, Амалнинг кўзини ўзбекистонлик шифокор аёл операция қилади. Чунки 70 йилларда ўзбекистонлик мутахассислар Афғонистонда хизмат сафарида бўлишар, қўшни ва дўст мамлакатнинг иқтисодиётини кўтариш, ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилашга сидқидилдан ёрдам беришар эди.
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга эга. Афғон ва ўзбек халқларини бир неча минг йиллик тарих боғлаб туради. Минтақада ташкил топган Парфия, Бақтрия, Кушон, Эфталитлар каби буюк давлатлар ҳар икки халққа бирдек таалуқлидир. Халқларимиз биргаликда буюк маданият яратишган. Х асрда буюк аждодларимиз тузган Ғазнавийлар давлатининг гуллаб-яшнашига минтақадаги бошқа халқлар каби ўзбеклар ҳам, афғонлар ҳам катта ҳисса қўшишган.
Евросиё марказидаги стратегик ҳолати сабаб Афғонистон ҳамиша буюк давлатларнинг кураш майдони бўлиб келган. Бу жиҳат ўн саккизинчи асрдан бошлаб яққол кўзга ташлана бошланди. Афғонистон устидан назорат ўрнатиш мақсадида Буюк Британия уч марта уруш олиб борган. 1919 йилнинг 19 августида Афғонистон Буюк Британиядан озод бўлди. 1973 йил 17 июль куни Афғонистонда давлат тўнтариши юз бериб, монархияга барҳам берилди ва республика дея эълон қилинди. Мана шу даврдан бошлаб Афғонистон тарихида сиёсий беқарорликлар бошланди. Президент Муҳаммад Довуд ислоҳотлар ўтказиш орқали мамлакатни модернизация қилишга уринди, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмади. 1978 йилнинг апрель ойида Афғонистонда инқилоб бошланди. Президент Муҳаммад Довуд оила аъзолари билан қатл этилади, ҳокимиятга Афғонистон Халқ демократик партияси келади. 1978 йилнинг апрелида юз берган Савр инқилобидан сўнг Афғонистон Демократик республикаси эълон қилиниб, унинг раҳбари этиб Нур Муҳаммад Тараки, Инқилобий Кенгаш раиси этиб эса Ҳафизулла Амин сайланади. Ҳукумат радикал ислоҳотлар ўтказа бошлайди, бу ўз навбатида, анъанавий турмуш тарзини кечиришга одатланган жамиятда норозиликлар тўлқинини келтириб чиқаради. Шу тариқа мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетади.
Афғонистонга "шўровий"лар ҳарбийлари киритилди. Натижада "шўровий"лар фуқаролар урушига бевосита аралашди, тўғри кейинчалик (1989 йилда) чиқиб кетган бўлишига қарамай, Афғонистонда фуқаролар уруши давом этмоқда. "Шўровий"ларга қарши курашаётган афғон мужоҳидларини ғарб мамлакатлари ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. 1989 йилдан кейин ҳам фуқаролар уруши тўхтамади, балки кучга тўлди. Мамлакат шимолида дала қўмондонларидан ташкил топган гуруҳ пайдо бўлди. Шимолий альянс 1992 йилнинг апрелида пойтахт Қобулга кирди ва Афғонистон Демократик Республикаси тугатилди. Пойтахтда Аҳмад Шоҳ Маъсуд ва Гулбиддин Ҳикматёр ўртасида ҳокимият учун кураш кетар экан, мамлакат жанубида асосан пуштунлардан иборат, аммо ўзларини бутун афғон халқини ҳимоячиси дея эълон қилган "Толибон" ҳаракати кучга тўла бошлади. Уларнинг мақсади Афғонистонда Ислом давлатини қуриш эди.
1996 йилда Толиблар мамлакатнинг катта қисмини ўз назоратларига олишга муваффақ бўлишди. Улар сентябрда Қобулни эгаллашди, президент Муҳаммад Нажибуллани қатл этишди, Шимолий альянс эса шимолий вилоятларга чекинишга мажбур бўлди.
2001 йилнинг 11 сентябрь ҳодисаларидан сўнг халқаро террорчи Усама бен Ладенга Афғонистон толиблари бошпана берди. Бу ўз навбатида, АҚШнинг Афғонистонга қўшин киритишига баҳона бўлди. Бунинг натижаси ўлароқ 2002 йил бошларида толиблар режими қулади, бироқ "Толибон" ҳаракати бутунлай йўқ қилинмади.
Толиблар режими қулагандан сўнг замонавий Афғонистон Ислом Республикаси тузилди. 2001 йил декабрида Бонн конференциясида афғон сиёсий намояндалари томонидан Ҳамид Карзай Афғонистон Ўтиш маъмурияти раҳбари этиб сайланди. 2002 йилнинг июнида Лойя-жирға (мамлакатдаги барча гуруҳ, элат, қабила вакиллари кирган Олий Кенгаш) уни Афғонистонинг Муваққат президенти этиб сайлади. 2004 йилда янги Конституция қабул қилинди ва илк бор президентлик сайловлари бўлиб ўтди, сайловда Ҳамид Карзай ғалаба қозонди. 2009 йил 20 августда бўлиб ўтган навбатдаги сайловида Ҳамид Карзай иккинчи муддатга президент этиб сайланди. 2014 йилги сайловда Ашраф Ғани Афғонистон президенти лавозимини қўлга киритди.
Ўзбекистон Афғонистон муаммосини ҳал қилишда ўзининг мақсад ва принципиал позициясига содиқ қолмоқда. Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмак беришда тинчликсевар лойиҳаларни амалга ошириш, қўшни давлатнинг узоқ муддатли урушдан вайрон бўлган иқтисодиётини тиклашда иштирок этиш орқали ўз қатъиятини намойиш қилиб келаяпти. Ўзбекистон минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлашда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг стратегик аҳамиятини инобатга олиб, энг юқори мартабали минбарлардан туриб, жаҳон афкор оммасининг эътиборини афғон можаросини ҳал қилиш заруратига қаратаётир.
Бугун Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши Евросиё минтақасининг барча мамлакатига катта наф келтириши ҳеч кимга сир эмас. Марказий Осиёнинг дардли, оғриқли нуқтаси бу — Афғонистондир. Афғонистон наинки минтақамиз, балки дунёнинг энг ташвишли, чигал ва қарама-қаршиликка тўла муаммосидир.
Афғонистон кўп миллатли давлат бўлиб, 34,1 млн аҳолига эга. Саводхонлик эркаклар орасида 43%ни, аёллар орасида эса 12 %ни ташкил қилади. The AsiaFoundation[en] томонидан 2012 йилда ўтказилган социологик тадқиқотларга кўра, пуштунлар 40%, тожиклар — 33 %, ҳазорийлар — 11 %, ўзбеклар — 9 %ни ташкил қилади.
Ўзбек ва афғон халқларини яқин қўшничилик ва азалий дўстлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни ўрнатиш, ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодий, транспорт, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон томонидан кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
https://uza.uz/uz/posts/afgon-chekayotgan-afgoniston_293376