Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
4
Бобомиз тушликда-да Оқподшога кет буриб ўтиради.
Даласига юз солиб-юз солиб тушлик қилади.
Оқподшолик арава ариқ ёқасида оёқ илади.
Аравадан тап-тап Оқподшо тушади.
Бобомиз Оқподшо тарафга кўз қирида қарайди. Шунда ажаб синоат кўради.
Бир жуфт оқбадан-оқбадан олабўжи дала оралаб боради. Олдин-кетин боради. Ғоз-ғоз
боради.
Оқбадан олабўжилар боради-боради — дала киндигида оёқ илади. Ғоз туради-туради —
узала тушиб ётиб олади.
Бобомиз кўзларини юмиб-очиб қарайди. Бобомиз кўзларини пирпиратиб қарайди.
— Ё,
тавба-а! — дейди.
Бобомиз оҳиста-оҳиста тўркалади. Кетмонини елка олади. Сўқмоқ бўйлаб боради.
Бобомиз бир капа жойни кафтдай поллаб эди. Тупроғини кафтларида эзиб-эзиб майдалаб
эди. Кепакдай-кепакдай мулойимлаб эди. Кепак тупроққа дон сепиб-сепиб ташлаб эди. Чумчуқ
териб кетмасин дея, кепак тупроқ узра ун мисол тупроқ сепиб-сепиб қўйиб эди.
Ана шу кепак тупроқда, ана шу ун тупроқда бир жуфт Оқподшо ялпайиб-ялпайиб ётади!
Оқподшо қип-яланғоч ётади! Оқподшо онадан энди туғилмишдай ётади!
Эркакзот Оқподшода ақалли бир энлик лунги бўлмайди.
Аёлзот Оқподшо маммалари осма қовундай-осма қовундай осилиб ётади.
Бобомиз билаклари билан бетларини бекитади.
— Ийя-ийя! — деб чаппа бурилади. Оқподшолар ана шунда калла кўтариб қарайди.
Ёнбош ётиб қарайди. Кўз қисиб қарайди. Эркакзот Оқподшо кафтида тупроқ ўйнайди.
— Тупроғингни биз учун мулойимлаб қўйибсан, миннатдорчилик билдирамиз, — дейди.
—
Юриб-юриб, охири сенинг тупроғингни танладик.
Бахтинг бор экан, — дейди аёлзот
Оқподшо.
— Ўзиям бизбоп тупроқ бўлибди-да.
— Ана энди, қуёшда мазза қилиб тобланиб ётамиз.
— Нима учун юзингни яширасан? Сен ҳам қуёшда тоблан.
Бобомиз шу зайли лўкиллаб-лўкиллаб қайта беради.
Бобомиз ариқ лабида музтар бўлиб-музтар бўлиб ўтиради. Бетларини чангаллаб-чангаллаб
ўтиради.
Бобомиз нима кўрди, қачон кўрди — ақли-да бовар этмайди.
Оқподшолар жойидан жилади. Далани қоқ оралаб келади. Ўзларини сувга ташлайди.
Оқподшолар сув шалоплатиб-сув шалоплатиб чўмилади.
Оқподшолар бобомизга тақлидан билаклари билан бетларини бекитади.
Ийя-ийя! — дея, бобомизни майна этиб-этиб сув ғарқоб бўлади. — Ийя-ийя! — дея
хохолашиб-хохолашиб сув ғарқоб бўлади.
Оқподшолар қийқириб-қийқириб чўмилади.
Толларда тушламиш чумчуқлар гурр-гурр учади.
Гавҳар сув бўтана бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: