Ўткир Ҳошимов 1941 йил Тошкент вилоятининг Зангиота (ҳозирги Чилонзор) туманидаги Дўмбиравот мавзеида туғилди. Ў. Ҳошимов меҳнат фаолиятини эрта бошлади. Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика куллиётида ўқиш билан баравар газета таҳририятида ишлади. 1959 йилдан 1963 йилгача “Темирйўлчи”, “Қизил Ўзбекистон”, “Транспортний рабочий” газеталарида хат ташувчи, муссахҳиҳ, таржимон бўлиб ишлади. Сўнг “Тошкент ҳақиқати” газетасида адабий ходим (1963–1966), “Тошкент оқшоми” газетасида бўлим мудири (1966–1982), Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари (1982–1985) бўлди. 1985–1995 йилларда “Шарқ юлдузи” журналига бош муҳаррирлик қилди. 1995 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси лавозимида ишлади. 2005 йилдан “Театр“ журналида бош муҳаррир бўлиб ишлади.Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов мустақил Ватанимизнинг адабиёти ва маънавий хазинасига салмоқли ҳисса қўшган ижодкордир. Қарийб эллик йил давомида турли тилларда икки ярим миллионга яқин нусхада чоп этилган етмишдан ортиқ китоби адибни халқимизнинг ардоқли фарзандига айлантирди.Шу пайтгача ёзувчининг “Пўлат чавандоз” (1962), “Гунафша” (1965), “Одамлар нима деркин…” (1966), “Бир томчи шудринг” (1970), “Баҳор қайтмайди” (1970), “День мотылка”, (1971), “Қалбингга қулоқ сол” (1973), “Узун кечалар” (1975), “Нимадир бўлди” (1975), “Ер фарзандимиз”, “Нур борки, соя бор” (1977), “Қуёш тарозиси” (1980), “Машина сотаман”(1981), “Дунёнинг ишлари” (1982), “Ялпиз сомса”(1983), “Оқ камалак”(1984”, “Сирли юлдуз” (1985), “Икки эшик ораси” (1986), “Хазина”, “Икки карра икки беш”(1987), “Нотаниш орол” (1990), “Изтироб” (1991), “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” (2008) ва бошқа китоблари нашр этилган.Шунингдек, Стефан Цвейг, Э. Хемингуэй, К. Симонов, К. Паустовский, Ж. Лондон О. Берггольц, В. Шукшин, М. Карим ва бошқа адибларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирган. “Хазон бўлган баҳор”, “Бировнинг ташвиши (Инсон садоқати)”, “Тўйлар муборак”, “Баланд дорга осилма”, “Қатағон” саҳна асарлари муаллифи.Илк китоби 1962 йилда “Пўлат чавандоз” очерклар тўпламидир. Биринчи йирик насрий асари “Чўл ҳавоси”, “Одамлар нима деркин” (1965),”Шамол эсаверади” (1966), “Қалбингга қулоқ сол” (1973) қиссалари эълон қилинган. “Баҳор қайтмайди” (1970), “Дунёнинг ишлари”(1982) қиссалари ёзувчига шуҳрат келтирган.Ёзувчининг “Муҳаббат”, “Деҳқоннинг бир куни”, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Ўзбек иши” каби новеллалари ўзбек ҳикоячилигида муҳим ҳодиса бўлди. Илк романи “Нур борки, соя бор” (1976) да ёзувчи ўзига замондош-тенгдош журналист Шерзоднинг кечинмалари орқали ҳаяжонли маънавий – ахлоқий масалалар билан бирга ўткир ижтимоий муаммоларни кўтарган.”Икки эшик ораси “(1986), “Тушда кечган умрлар” (1994 ) романларида Ў. Ҳошимов замондош – асрдош одамлар тақдирини 20-асрнинг энг кескин фожиавий ҳодисалари 2-жаҳон уруши ҳамда мустабид тузумнинг жинояткорона сиёсати оқибатлари билан боғлиқ ҳолда таҳлил ва талқин этиш йўлидан борган.Ў. Ҳошимовнинг бир қанча асарлари экранлаштирилган. “Ҳазон бўлган баҳор”, “Инсон садоқати” (1975), “Виждон дориси”, “Тўйлар муборак” (1979), “Қатағон” каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи. “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”(2001) китоби ижтимоий – маънавий ҳаётда муайян из қолдирган. Асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган.1995–2004 йиллари 1-, 2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, Олий Мажлис Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси бўлган. 1986 йили Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лойиқ топилиб, 1996 йили “Меҳнат шуҳрати”, 2001 йили “Буюк хизматлари учун орденлари билан мукофотланган.Адиб 2013 йил 24 май куни 72 ёшида вафот этди.
Do'stlaringiz bilan baham: |