1-расм. Ички туризмнинг ривожланишига таъсир этувчи омиллар8 Рекреация ва туризм соҳасидаги ижтимоий -иқтисодий самарадорликни тадқиқ қилиш методологиясини кўриб чиқишда унинг объекти ҳисобланган туристик фаолиятни етарлича таърифлаш мақсадга мувофиқдир.
Шу сабабли тадқиқот давомида туризм соҳаси ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини тадқиқ этиш услубиятининг асосий унсурлари ҳисобланган «туристик фаолият» ва «туристик маҳсулот» тушунчаларининг моҳияти ва уларнинг таркибий қисмлари илмий назарий жиҳатдан тадқиқ этилди. «Туристик фаолият» таърифига кенг қамровлилик нуқтаи назаридан ёндашиш, туристик фаолиятнинг иқтисодий самарадорлигига қаратилган тадқиқот методологияси объектини аниқ белгилаб олиш имконини беради.
Маълумки, туристик маҳсулот – бу харидор учун зарур бўлган, турли тузилмалар (ташкилотлар) томонидан амалга ошириладиган мажмуавий фаолият натижаси ҳисобланади. Ушбу ташкилотлар томонидан яратилган умумий истеъмол қиймати ҳамкорлик натижасида туристик маҳсулотнинг қиймат занжирини ҳосил қилади. Туризм индустрияси иқтисодиётнинг ўзаро алоқадор ва ўзаро боғлиқ тармоқлари мажмуи бўлгани учун, туристик фаолиятни қиймат яратиш ва уни тақсимлаш занжирини ташкил этувчи фаолият турлари сифатида қараш мумкин.
Туристик маҳсулотнинг қиймат яратиш занжири ‒ бу туризм соҳасидаги узоқ муддатли йўналишга эга бўлган ва соҳанинг манфаатдор иштирокчилари (етказиб берувчилар, воситачилар ва туристик маҳсулотларни истеъмолчилар)дан ташкил топган барқарор тузилмани ўзида акс эттирувчи корхоналараро тармоқли муносабатлар шаклидир.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, туристик фаолият турмаҳсулот қийматини яратиш ва тақсимлаш занжирига кирувчи тармоқлар ёки фаолият мажмуи сифатида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Бинобарин, туризм фаолиятининг ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги турмаҳсулот қийматини яратиш ва тақсимлаш занжирининг умумий самарадорлигини англатади. Шу билан бирга, камида бир иштирокчи фаолиятининг самарасизлиги, бутун занжирнинг самарасизлигига олиб келиши мумкин.
Бугунги иқтисодий ривожланишнинг тобора мураккаблашаётган шароитида, туризм фаолиятининг (ички туризм доирасида ҳам) самарадорлигини турмаҳсулот қийматини яратиш ва тарқатиш занжири иштирокчиларнинг ўзаро таъсири ва ўзаро алоқадорлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Занжирнинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги кўп жиҳатдан ҳар бир иштирокчининг мустақил фаолияти натижасига эмас, балки уларнинг ўзаро мувофиқлашувига боғлиқдир. Шундай қилиб, туристик фаолиятнинг самарадорлигини учта компонент: иқтисодий, ижтимоий ва синергетик самара орқали изоҳлашни ўз ичига олган «мажмуавий» ёндашув таклиф этилди (2-расм). Шундай қилиб туристик фаолиятнинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги ‒ рекреация ва туризм соҳаси амал қилишининг ўзаро боғлиқ бўлган иқтисодий, ижтимоий ва ўзаро муносабатлар самарадорлигидан иборат уч жиҳатини ёритиб берувчи мураккаб комплекс тавсиф бўлиб, ўзаро муносабатлар самарадорлиги бевосита иқтисодий ва ижтимоий жабҳаларда ифодаланади.