Термиз давлат университети мустақил изланувчиси Тўлаков Улуғбек Тошмаматовичнинг 08.00.07 – Молия, пул муомаласи ва кредит ихтисослиги бўйича “Кўчмас мулкни солиққа тортиш механизмини такомиллаштириш” мавзусидаги иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация иши авторефератига
ТАҚРИЗ
Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш шароитида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар давлат бюджетининг асосий даромад қисмини ташкил қилувчи молиявий манба ҳисобланади. Маҳаллий солиқлар ва йиғимларни ундириш механизмини такомиллаштириш орқали маҳаллий бюджет даромадлари базасини кенгайтириш асосий масалалардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида кўчмас мулкка солиқ солиш солиқ тизимининг ажралмас қисми бўлиб, кўпгина ривожланган давлатлар амалиётида кўчмас мулк солиғи ушбу ҳудуднинг маҳаллий бюджет даромадларининг муҳим манбаи бўлиб хизмат қилади. Ўз навбатида кўпгина мамлактларда ушбу солиқнинг ЯИМдаги улуши 1% дан 3% гачани ташкил қилади. Жумладан, Буюк Британияда мулк солиғининг улуши давлат бюджетининг 10% ини, АҚШда - 9%, Канадада - 8% ни ташкил қилади. Аксарият мамлакатларда бу солиқ маҳаллий бюджетларга тушади ва унинг асосий даромад манбаи ҳисобланади1.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ушбу диссертация иши долзарб ҳисобланади.
Диссертация автореферати билан танишиш жараёнида диссертант тадқиқотни амалга оширишда бир нечта муҳим илмий-амалий натижаларга эришганлиги, ўз навбатида улардан қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
- кўчмас мулк объектлари бўйича “тажриба-синов” ҳудудларини белгилаш ва белгиланган ҳудудларда кўчмас мулк объектларини “турар ва нотурар жой”, “қишлоқ хўжалигига мўлжалланган”, “саноат” ҳамда “рекреацион зоналар ва алоҳида қўриқланадиган ҳудудлар” бўйича фарқлаш таклиф этилган;
- маҳаллий бюджет солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлашда кўчмас мулк объектлари кадастр қиймати асосида солиқ ундиришнинг 0 фоиздан 2,0 фоизгача бўлган прогрессив ставкалари ишлаб чиқилган;
- инсофли ва интизомли солиқ тўловчиларни инвестицион фаолиятини рағбатлантириш мақсадида кўчмас мулкларга нисбатан солиқларни кечиктириб тўлаш ҳуқуқини бериш таклиф этилган;
- кўчмас мулкка иқтисодий категория сифатида янгиланган муаллифлик таърифи, ҳамда солиқ солишнинг адолатлилик тамойилини таъминлаш мақсадида қимматбаҳо (ҳашаматли) кўчмас мулк эгаларига солиқ юкини қайта тақсимлаш зарурати асосланган.
Диссертацион тадқиқотни бажариш жараёнида олинган натижаларни Давлат солиқ қўмитаси томонидан амалиётда қўллаш учун қабул қилинганлиги ва иқтисодий самарага эришилганлиги мазкур натижаларнинг ишончлилиги ва амалий қимматини оширишга хизмат қилади.
Диссертант томонидан чоп этилган илмий ишлар тадқиқот жараёнида олинган натижаларнинг мазмунини ўзида тўлиқ ифода этган.
Хулоса қилиб айтганда, У.Т.Тўлаковнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш мақсадида “Кўчмас мулкни солиққа тортиш механизмини такомиллаштириш” мавзуида бажарган диссертацияси тугалланган тадқиқот ҳисобланади, олинган натижаларнинг мазмунига кўра, 08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит” ихтисослигига мос келади ва Олий аттестация комиссияси талабларига жавоб беради. Унинг муаллифи эса, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олишга лойиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |