Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказининг асосий вазифалари нималардан иборат, деган саволга жавоб берайлик.
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳузуридаги “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда марказ) “Электрон ҳукумат” тизими борасида жаҳондаги ривожланиш одимлари ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибасини таҳлил қилиш ва тадқиқ этиш асосида такомиллаштириш ва янада ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Марказ давлат органларида фойдаланиладиган маълумотлар базаси ва ахборот-ресурсларини лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш ва мужассамлаштириш механизмини назарда тутадиган “Электрон ҳукумат” тизимини шакллантиришга ягона технологик ёндашувни таъминлаши, лойиҳаларини амалга оширишни таъминловчи меъёрий-ҳуқуқий базанинг ташкил этилишига ёрдам бериши зарур деб қайд этилди.
Марказнинг энг муҳим вазифаларидан бири давлат органлари фаолиятининг функционал ва операция жараёнларини тизимли асосда қайта ташкил этиш, давлат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ бизнес жараёнларини бошқаришнинг инновацион механизмларини жорий этиш, такомиллаштириш ва оптималлаштириш бўйича таклифлар тайёрлашдан иборатдир. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, марказ “Электрон ҳукумат” тизимининг самарали жорий этилиши учун амалдаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таҳлил ва таклифларни тайёрлайди.
Шу билан бирга, марказ тизимли мониторинг ўтказиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳолати ва ривожлантиришга баҳо бериш, жумладан, ахборот тизимлари ва ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш, шунингдек, «Электрон ҳукумат» тизими доирасида давлат органлари фаолиятига АКТни жорий этишнинг самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимини юритиш ишларини олиб боради.
http://www.egovernment.uz/uz/
Расм 4.2. «Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази
расмий веб сайти
“Электрон ҳукумат» тизими лойиҳаларини амалга оширишда интерактив давлат хизматларини тақдим этиш ва фойдаланиш самарали таянч кўрсаткичлари усулларини ишлаб чиқиш ҳам марказнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Яна шуни ҳам таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизимини жорий этиш: интерактив хизматлар имкониятини тақдим этиш; ҳокимият органлари ҳисоботларининг очиқ-ойдинлиги; хизматларга уланишнинг қулайлиги ва индивидуаллаштирилганлиги; сиёсий жараёнларда фуқаролар иштирокининг ахборотлашганлиги ва натижалилиги; ахборотларнинг эркин алмашинуви; аҳоли ва бизнес соҳасига давлат хизматлари кўрсатишни оптималлаштириш; фуқаролар ўз-ўзига хизмат имкониятларини қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш; мамлакат раҳбариятининг барча сайловлар ҳамда давлат бошқаруви жараёнларида иштироклари даражасини ошириш ва бошқаларни янада яхшилашга қодир давлат бошқарувининг мукаммал электрон аппаратини яратишдан иборат. «Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази расмий веб сайтининг умумий кўриниши 4.2.-4.3.-расмларда келтирилган.
Расм 4.3. «Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази
расмий веб сайти
Юқорида таъкидлаганимиздек, “Электрон ҳукумат» тизими лойиҳаларини амалга оширишда интерактив давлат хизматларини тақдим этиш ва фойдаланиш самарали таянч кўрсаткичлари усулларини ишлаб чиқиш “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказнинг муҳим вазифаларидан биридир.
Электрон ҳукуматнинг қандай лойиҳалари бор ва бу лойиҳаларнинг мақсади нимадан иборат деган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилайлик.
Ўтган аср 90-йилларининг ўрталарида дунёнинг ривожланган мамлакатлари компьютер ва интернет каби ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб, давлат бошқаруви тизимида ислоҳот ўтказиш бўйича ҳаракатларни бошлашган. Давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш ва фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш даражасини ошириш учун ислоҳот ўтказишнинг энг кучли стратегияси сифатида “электрон ҳукумат” белгиланган ва шундан бошлаб электрон ҳукумат тизимини яратиш бўйича кенг кўламдаги лойиҳалар бошланган. Ушбу лойиҳаларнинг яъни “Электрон ҳукумат” лойиҳаларининг асосий мақсади — ҳукуматнинг бошқарув ва маъмурий фаолиятида иш унумдорлиги ва самарадорлигини кўтариш, булар асосида фуқароларга юқори даражадаги давлат хизматларини тақдим қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун мақбул муҳит яратишдан иборат бўлган. Бу мақсадларга эришиш учун, энг аввало, ҳукумат идоралари фаолиятида инновацияни жорий қилиш, кераксиз бизнес-жараёнлар ва регламентларни ислоҳ қилиш ёки бекор қилиш, ҳужжатларни қисқартириш, қарорларни электрон тарзда қабул қилиш, стандартлашган ҳужжат алмашинуви орқали давлат идоралари ўртасида маълумотлардан умумий фойдаланишни йўлга қўйиш, «ягона ойна» тизимига ўтишни амалга ошириш зарур бўлган.
Албатта, бу ишларнинг амалга оширилиши фуқароларга ташқарига чиқмасдан, яъни уйда ёки ишда бўла туриб, бир тугмачани босиш орқали хоҳлаган мурожаатни юбориш, маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни олиш ёки тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш имкониятини берадиган инновацион давлат хизматларини кўрсатишни таъминлайди.
Шу ўринда айтиб ўтишни жоиз деб биламан, “Электрон ҳукумат” тизимини жорий қилишда ҳали дастлабки қадамда турган бўлсак ҳам, қилинаётган ишлар самарасини тасаввур қилишимиз мумкин.
“Электрон” ҳукумат тизими берадиган ижтимоий-иқтисодий самараларнинг қийматини бирма-бир ҳисоблаб чиқиш жуда қийин. Ушбу тизимни жорий қилиш ва ривожлантириш орқали давлат ва жамиятни демократлаштириш, давлат бошқарувида самарадорликни ошириш, ошкораликни таъминлаш жиҳатларидан ривожланган мамлакатлар даражасига етишни мақсад қилиб қўйганмиз.
“Электрон ҳукумат” тизими самарасини Республикамиз мисолида тушунтириб бераман. Фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар (G2C) мисолида гапирадиган бўлсак, олдинлари фуқаролар турли сабаблар билан давлат органларига бевосита ташриф буюриб, мурожаат қилишган бўлса, эндиликда давлат интерактив хизматлари портали ишга тушгандан кейин ташрифлар сони неча баробаргача қисқарган.
Бу орқали ташриф буюриш учун транспортга сарфланадиган маблағлар тежаб қолинмоқда. Бундан ташқари, давлат органларига ташриф буюришга сарфланадиган вақтнинг тежаб қолиниши, ташриф сони камайганлиги сабабли кўчада транспорт воситалари тирбандлиги камайиши ва улардан чиқаётган газларнинг камайиши каби бир қанча ижобий натижаларга эришилади.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватловчи «ягона ойна» хизматлари самараси ҳақида гапирадиган бўлсак, фақатгина тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш бўйича охирги йиллар ичида қанча маблағлар тежаб қолинган.
Давлат органларида иш унумдорлигининг ошиши ҳақида тўхталсак, маъмурий иш жараёнлари тизими жорий қилиниб, у орқали қарорлар қабул қилиш йўлга қўйилгандан кейин давлат хизматчиларининг маълум бир масалани кўриб чиқишга сарфланадиган ўртача вақти 6 соат 32 дақиқадан 3 соат 27 дақиқагача қисқарган.
Бу эса “Электрон ҳукумат” лойиҳаларининг сифатли ва самарали амалга оширилганлигидан далолат эмасми? Ўзбекистон Республикасида“Электрон ҳукумат” тизими лойиҳаларини кўриб чиқайлик:
Давлат ҳаридлари соҳасида интерактив хизматлар тақдим қилиш учун «Харид» комплекс ахборот тизимини интеграция қилиш.
Солиқ солиш соҳасида интерактив хизматларни тақдим этиш учун «Солиқ» комплекс ахборот тизимини интеграция қилиш.
Божхонада юкларни расмийлаштириш бўйича интерактив хизматларни тақдим этиш учун «Божхона» комплекс ахборот тизимини интеграция қилиш.
Лицензия ва рухсатнома бериш жараёнлари соҳасида интерактив хизматлар тақдим қилиш учун «Лицензия» комплекс ахборот тизимини яратиш.
Соглиқни сақлаш ва кейинчалик бирлашган Миллий соғлиқни сақлаш ахборот тизимини ривожлантириш соҳасида интерактив хизматлар тақдим қилиш учун «Соғлиқни сақлаш» комплекс ахборот тизимини яратиш.
Таълим соҳасида интерактив хизматлар тақдим қилиш учун «Таълим» комплекс ахборот тизимини яратиш.
Судлар фаолияти, уларнинг қарорлари, қарорларнинг ижроси ҳамда нотариуслар фаолияти тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, тизмилаштириш ва сақлаш бўйича «Адлия – 2» комплекс ахборот тизимини яратиш.
Комунал хўжалик соҳасида интерактив хизматлар тақдим қилиш учун «Коммунал» комплекс ахборот тизимини яратиш.
Давлат органларини йиғма статистик ахборотлар билан таъминлаш бўйича «Давлат бошқаруви» комплекс ахборот тизимини яратиш.
Давлат бюджетининг ижроси бўйича режалаштириш тўғрисида маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва тартибга солишни таъминлаш учун «Бюджет» комплекс ахборот тизимини интеграция қилиш.
Нафақа таъминоти соҳасида интерактив хизматлар тақдим қилиш учун «Нафақа» комплекс ахборот тизимини яратиш.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ривожлантириш.
Хизматни етказиб бериш биллинг тизими билан янада интеграция қилиш ҳисобини олиб ҳаққоний вақт оралиғида турли тўловларни амалга ошириш клиринг тизимини ташкил этиш.
«Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашган платформасини яратиш.
«Электрон ҳукумат» тизими маълумотларини қайта ишлаш марказини ташкил қилиш.
«Электрон ҳукумат» барча тизимлари бўйича фойдаланувчиларни таснифлаш ягона тизимини яратиш ва жорий қилиш.
«Электрон ҳукумат» тизими доирасида фаолият юритаётган ва ташкил қилинадиган ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини бирлаштириш ва инфратузилмага қўйилган талабларни ёритиб берувчи Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш ("Электрон ҳукумат тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 2015 йил 9 декабр).
«Электрон ҳукумат» тизими доирасида идоралараро фаолият ва маълумот алмашиш бўйича давлат стандартини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
«Электрон ҳукумат» тизими лойиҳаларини амалга ошириш чоралари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан муносабатларни электрон шаклга ўтказишни таъминлашда қонунчиликни мустаҳкамлаш.
Маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш меҳанизмини стандарташтириш ҳисобига кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатга олиш ахборот тизимини жорий қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимини яратиш.
Жисмоний шахслар маълумотлар базасини шакллантириш (ноёб идентификация билан).
Юридик шахслар маълумотлар базасини шакллантириш (ноёб идентификация билан).
Давлат бошқаруви тизимида ягона маълумотлар алмашиш регламенти ва шаклига асосан рўйхатдан ўтиш қўлланмаси ва таснифлагичлари маълумотлар базасини шакллантириш.
Автотранспорт воситалари ҳисоби ва рўйхатга олиш бўйича ягона маълумотлар базасини яратиш.
Компьютер саводхонлиги ва ахборот-коммуникация технологияларидан ўз фаолиятида фойдаланиш даражасини ошириш мақсадида давлат хизматчиларини ўқитиш учун «Электрон ҳукумат» тизими ўқув марказини ташкил қилиш.
Давлат хизматлари ҳамда давлат хизматларини сифатли кўрсатиш бўйича шикоятларни қабул қилиш масаласи юзасидан ҳудудий фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш марказларини «Электрон ҳукумат» тизимига интеграциялаш.
Почта бўлинмаларида, жумладан қишлоқ жойларда «Электрон ҳукумат» тизимига кириш имкониятини берувчи терминаллар ва инфокиосклар ташкил этиш.
«Электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш жараёни шаклланишнинг бошланғич босқичида бўлсак-да, охирги бир неча йилда электрон ҳукуматнинг элементлари бўйича кўпгина йирик лойиҳалар (22 тадан зиёд) амалга оширилди (4.4-расм).
Расм 4.4. «Электрон ҳукумат”нинг элементлари бўйича йирик лойиҳалари
Мисол тариқасида қуйидаги лойиҳаларни келтириш мумкин:
Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий актларининг ахборот-қидирув тизими;
Солиқ хисоботларини электрон шаклда қабул қилиш ва қайта ишлашни, солиқ хисоботларини электрон шаклда жўнатиш хизматини ва бошқа солиқ солиш соҳасидаги хизматларни таъминловчи “Солиқ тўловчи портали”;
Бизнесни рўйхатга олиш, экспорт ва импорт, лицензиялаш, рухсатнома, сертификатлаш ва бошқа ахборотлардан фойдаланиш имконини берувчи «Тадбиркорлар ахборот портали»;
“Лицензиатларнинг ягона портали” - лицензияланадиган фаолият турлари рўйхати ва рухсат берувчи жараёнлар, лицензия ва рухсатнома олиш учун зарур хужжатлар ҳакида маълумот олиш имконини беради.
“Декларантлар ягона портали” - Ўзбекистон Республикаси чегарасини кесиб ўтадиган маҳсулотлар ва транспорт воситалари ҳақидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш ва тизимлаштириш, божхона тўловларини назорат қилишни таъминлайди.
Интерактив давлат хизматларининг ягона портали – аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига интерактив давлат хизматларини “Ягона ойна” русумида олиш имконини беради;
Коммунал хизматлар ва уй-жой фонди портали – уй-жой ва коммунал хизматлар соҳасида тўлиқ туркум хизматларни тақдим этади;
Компьютер саводхонлигини сертификатлаштириш тизими - компьютер технологиялари соҳасидаги билимларнинг минимал даражасини он-лайн сертификациядан ўтказиш тизими;
eStat автоматлаштирилган ахборот тизими - Тадбиркорлик субъектларидан статистик ҳисоботларни электрон кўринишда автоматлаштирилган ҳолда тўплаш тизими;
Е-Хат химояланган электрон почта тизими - Электрон рақамли имзодан фойдаланган холда фойдаланувчилар орасида ҳимояланган электрон хужжат айланишини ташкил этиш учун мўлжалланган тизим;
NIS.UZ Идоралараро ахборот тизими - Давлат органларида АКТ жорий этиш, интерактив хизматларни рўйхатдан ўтиш паспортлари, АТ ҳақидаги маълумотларни ва бошқа маълумотларни йиғишни амалга оширади.
Расм 4.5. - Электрон ҳукуматнинг асосий лойиҳалари
(АТК – ахборот тизимлари комплекси)
Расм 4.6. - Ўзбекистонда АКТнинг ривожланиш тарихи
Расм 4.7. - Ахборот-коммуникация технологияларининг вазифаси ва аҳамияти
Бизга маълумки, иқтисодиётнинг барча соҳаларига, кундалик ҳаётимизга ахборот-коммуникация тизимлари тезкорлик билан, кенг кўламли тадбиқ этилмас экан, бу соҳадаги истиқболни кўришимиз қийин. Айнан замонавий алоқа технологияларининг кенг кўламда ривожланиши мамлакат ва жамиятнинг ривожланиш даражасининг кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |