ТЕМПЕРАМЕНТ ЎРГАНИШ МЕТОДИКАСИ
ТЕМПЕРАМЕНТ ФОРМУЛАСИ
Темпераментни ўрганишнинг жуда кўп хилма-хил методлари мавжуд. А.Белов темперамент “паспортини” тўлдиришни, кейин эса анча оддий математик ишлов бериш йўли билан темперамент формуласини чиқаришни таклиф этади. “Паспорт” ни тўлдиришида нима деб жавоб беришни, сиз одатда ҳар куни (қандайдир алоҳида, фавқулотда ҳолларда эмас) ўзингизни қандай тутишингизни ҳисобга олиш керак. Темперамент “паспорти” да сиз ижобий жавоб берадиган сифатларни (+) белгиси билан қайд қилинг.
Шундай қилиб агар сиз: 1) сабрсиз, ҳовлиқма; 2) енгилтабиат, сержаҳл; 3) бетоқат; 4) одамлар билан муносабатда кескин ва ростгўй; 5) қатъиятли ва ташаббускор; 6) қайсар; 7) тортишувда топқир бўлсангиз; 8) тиришқоқлик билан ишласангиз; 9) таваккал қилишга мойил бўлсангиз; 10) кексиз ва аразламайдиган; 11) тез, эҳтиросли, пойма-пой нутққа эга бўлсангиз; 12) бетайин ва қизиққонликка мойил бўлсангиз; 13) тажавузкор, уришқоқ; 14) камчиликларга тоқатсиз; 15) ифодали имо-ишораларга эга бўлсангиз; 16) тез ҳаракат қилишга ва ҳал этишга қобилиятли бўлсангиз; 17) янгиликларги тинимсиз интилсангиз; 18) кескин, шиддатли ҳаракат қилсангиз; 19) қўйилган мақсадга эришишда қатъиятли; 20) кайфиятингиз тез-тез ўзгариб туришга мойил бўлсангиз - у ҳолда сиз соф холерик экансиз.
Агар сиз: 1) қувноқ ва хушчақчақ; 2) ғайратли ва ишчан бўлсангиз; 3) кўпинча бошлаган ишингизни охирига етказмасангиз; 4) ўзингизга ортиқча баҳо беришга мойил бўлсангиз; 5) янгиликларни тезда илғаб, қабул қилишга қодир бўлсангиз; 6) қизиқишлар ва майлларда тутуруқсиз бўлсангиз; 7) муваффақиятсизликлар ва ноқулайликларни осон кечирсангиз; 8) турли шароитларга осон мувофиқлашсангиз; 9) ҳар қандай ишга зўр қизиқиш билан киришсангиз; 10) агар иш сизни қизиқтирмай қўйса, дарҳол ҳафсалангиз пир бўлади; 11) янги ишга тез киришиб кетсангиз ва биринчисидан иккинчисига тезда қўшилиб кетсангиз; 12) бир хил, кундалик, сермеҳнат иш билан банд бўлсангиз; 13) дилкаш ва меҳрибон бўлсангиз, ўзингиз учун янги бўлган кишилар билан муомала қилишдан тортинмасангиз; 14) бардошли ва ишчан бўлсангиз; 15) жонли имо-ишоралар, ифодали мимика билан ажралиб турадиган аниқ, тез ва баланд овозли нутққа эга бўлсангиз; 16) кутилмаган, мураккаб вазиятда ўзингизни йўқотмасангиз; 17) ҳамиша қувноқ кайфият билан ажралиб турсангиз; 18) тезда ухлаб ва тезда уйғонсангиз; 19) кўпинча фикрингизни бир жойга тўплаб ололмай, бир тўхтамга келишда шошма-шошарлик қилсангиз; 20) баъзан юзада юришга, турли нарсаларга чалғишга мойил бўлсангиз, албатта, сангвиник бўлиб ҳисобланасиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |