Темир йўлларда ташишни ташкил қилиш
Темир йўлларда йўловчилар ташишни ташкил қилиш ва истиқболли ривожлантиришнинг асосий мақсади аҳолининг ҳаракатланишга бўлган барча талаб ва эҳтиёжларини тўла қондириб, вокзалларда ва поездларда йўловчиларга юксак савияли хизмат кўрсатишдан иборат.
Йўловчилар ташишнинг ривожланиш истиқболлари аҳолининг сон жиҳатдан ўсиши, темир йўллар ва бошқа транспорт турлари бўйича ҳаракатчанлигининг ошиши билан бевосита боғлиқдир.
Ўзбекистонда аҳоли ва ишчилар ресурсининг ўсиб бориши нисбатан юқори бўлиб, шаҳарларда яшовчи аҳоли тахминиан 36 % ни, қишлоқ жойларда 64% ни ташкил этади.
Ўзбекистонда туризм жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда ва бунда мамлакатимиздаги тарихий ва меъморчилик ёдгорликларининг ниҳоятда кўплигининг аҳамияти катта. Ўзбекистонда туризм ривожи учун бениҳоя катта имкониятлар мавжуд бўлиб, ҳозирда кўплаб энг замонавий меҳмонхоналар қурилиши олиб борилмоқда, санъат асарлари, ёдгорликлар яратиш ва транспорт сервисини юқори даражага кўтариш устида катта ишлар олиб борилмоқда.
Йўловчи ташиш бозоридаги рақобатдошлигини ошириш натижасида шаҳарлараро алоқаларда умумбажарилувчи йўловчилар айланмасида 25 % ва шаҳаратроф йўналишларида 16 % йўловчиларни темир йўллар орқали ташиш кўзда тутилмоқда.
Йўловчилар ташишни миқдорларини белгилашда йўловчилар оқимининг йўналишлари йил фасллари, шаҳаратроф йўналишида эса ой, кун ва ҳатто соатлар бўйича тақсимланиши, йўловчилар оқимини ўрганиш натижаларидан фойдаланиб топилади.
Йўловчи поездлари уч гуруҳга бўлинади: узоққа – 700 км дан ортиқ масофаларга қатновчи, маҳаллий – 150 дан 700 км гача ва шаҳаратроф –150 км гача бўлган масофаларга қатновчи поездлар.
Узоққа ва маҳаллий йўналишларда қатнайдиган поездлар юриш тезлиги ва тўхташлар сонига қараб тезюрар ва йўловчи поездларга бўлинади. Тезюрар поездлар катта тезликларда юради ва фақат катта станцияларда тўхтайди. 2004 йилдан бошлаб Тошкент–Самарқанд йўналиши бўйича тезюрар электрпоезди қатнай бошлади. “Регистон” деб аталувчи ушбу экспресс поезд 345 км йўлни тўрт соатда босиб ўтади. Поезд вагонлари юмшоқ ўриндиқлар ва барча қулайликларга эга бўлиб йўловчиларга ҳузурбахш шароитлар яратади.
Йўловчи поездларининг тезюрар поездларга нисбатан тезлиги камроқ бўлиб, улар асосан барча станцияларда тўхтайдилар. Почта ва багаж юклар тезюрар йўловчи ва почта-багаж поезди таркибларига қўшиладиган махсус вагонларда ташилади.
Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида поездларнинг юриш жадваллари узоққа қатновчи поездларнинг бошланғич манзилдан жўнаши кечки, охирги манзилларга етиб келиши тонгги вақтларга режалаштириб тузилади. Маҳаллий ва шаҳаратроф поездларнинг қатнаш жадвали эса йўловчилар оқимининг асосий қисмига қулай вақтларга, шаҳардаги корхоналарга келадиган ишчи-хизматчиларнинг иш вақтига боғлаб тузилади.
Оддий поездлардан ташқари узун таркибли, узунлиги оширилган ва бирлаштирилган йўловчи поездлар фарқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |