2.2. Кредитлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ва унинг ҳисоби
Ҳозирги кунда кредитлаш соҳасида энг асосий муаммолардан бири кредитнинг тўлиқ қайтарилишидир. Бу ўринда кредит мониторинги жуда катта аҳамиятга эга. Кредитларнинг тўлиқ қайтиб келмаслигига асосий сабаб, «кредит танлови»нинг иқтисодий тамойилга мос тушмай қолишидир. Бу йўқотишлар, хатолар бевосита кредит олувчи субъект ҳақида маълумотларнинг етарли эмаслиги ёки объектив эмаслигидан юзага келади. Бунинг учун хориж амалиётида кенг қўлланиладиган ва ҳозирда Ўзбекистонда ҳам амалиётга тадбиқ қилиниб борилаётган кредит Бюросини ташкил қилиш, унда марказлашган ҳолда, мижозлар ҳақида тўлиқ маълумотлар бера оладиган ахборотлар базасини яратиш ва уни ишончли ва объектив ишлашини шакллантириш банклар учун, иқтисодиёт учун, бир банк инфраструктураси учун катта фойда келтиради. Биринчидан, тезкор маълумотлар асосида банклар ҳамда мижозлар вақтдан ютадилар. Иккинчидан, бу тезкор маълумотлар кредит ҳаражатларини пасайтиради, учинчидан, банк фаолияти оперативлигини, барқарорлигини, салоҳиятини оширади ва албатта, кредит мониторинги ишлари ҳам қисман енгиллашади, хусусан муаммоли кредитларнинг камайиши ҳисобига.
Тижорат банки ҳар чоракда мижознинг кредит қобилиятини ҳисоблаб чиқиб, қарз олувчи бўйича тутилган махсус йиғмажилдда бу маълумотларни тўплаб боради.
Жойнинг ўзида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот ишларининг аҳволи, баланс маълумотларининг тўғрилиги ва дебиторлик-кредиторлик қарзларининг ҳолати, шунингдек, банкка берилган гаров ҳолати текшириб турилади. Қарз олувчининг молиявий аҳволи ёмонлашган, у банк назоратидан бўйин товлаган, ҳисобот маълумотлари нотўғри олиб борилган, бухгалтерия ҳисоби ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ҳоллари аниқланганда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, банк бундан буён кредит беришни тўхтатишга, ҳамда илгари берилган кредитларни таъминот сифатида қабул қилинган ва кредит шартномаси шартларида кўзда тутилган мажбуриятлар орқали қарз олувчининг ўз маблағлари ҳисобидан муддатидан олдин ундириб олишга ҳақли.
Тижорат банки қарз бўйича эҳтимол тутилган йўқотишлар учун резерв барпо этиши шарт. Бу резервга маблағлар амалдаги тартибга мувофиқ киритилади. Қарзлар бўйича эҳтимол тутилган йўқотишлар учун резерв хўжалик органларга берилган кредитлар таҳлили ҳамда банк фаолиятининг риск даражасига таъсир кўрсатувчи омилларни белгилаш асосида ташкил қилинади. Резерв ҳажми амалдаги қарздорлик риск ҳужжати ёки гуруҳига боғлиқ бўлади. Тижорат банклари резерв ҳажмини ҳисобот ойининг ҳар биринчи куни учун амалдаги тартибга асосан ҳисоблаб чиқадилар. Берилган қарзлар киритилган «риск гуруҳи» ёмонлашган тақдирда қарзлар бўйича эҳтимол тутилган йўқотишлар учун резервга ажратмалар ҳар ойда ўтказиб борилади. Банк олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган қарз олувчига нисбатан банк кредит шартномаси шартларига кўра қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- агар у келишилган муддатларда банк тавсияларини бажармаса, кредитлаш тўхтатилиб, уни қайтариб олиш тўғрисида огоҳлантирилган даъво хати юбориш;
- кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ўз вақтида тўланмаган, шунингдек кредит шартномасида белгиланган муддатда қайтарилиши эхтимолдан узоқ бўлган ҳолларда, қарз олувчига банкротлик тўғрисидаги қонунда кўзда тутилган жазо чоралари қўлланиши ҳақида огоҳлантириш берилган даъво хати юборилиб, кредит бўйича қарз қолдиғини муддатдан олдин ундириб олиш;
- қарз олувчи ҳисоб юритиш ва бухгалтерия ҳисоби қоидаларини бузганлиги аниқланса, кредитлашни тўхтатиш ва бу ҳақда солиқ инспекциясига хабар бериш, шунингдек, ундан ҳисоб ва ҳисобот қоидалари бузилиш сабаблари тўғрисида изоҳ берилиши, уларни тугатиш юзасидан қандай чоралар кўрилаётгани билдирилишини талаб қилиш.
Кредитни ўз вақтида қайтариш борасидаги мажбуриятларни бажараётган қарз олувчи ўзининг тўловга лаёқатсизлиги тўғрисида матбуотда эълон бериши, банк эса бу ҳақда солиқ инспекциясига хабар қилиши керак. Банк хўжалик судига мурожат қилиб, бундан буён қарз олувчи банкрот деб танилишини сўрашга ҳақлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |