4.Диққатнинг хусусиятлари, шахсда диққат ривожланиши диққатнинг психологик асоси ҳақида қисқача хулоса амалий тавсиялар
Одамнинг диққати бир қанча хусусиятларга эга бўлиб, улардан асосийлари–диққатнинг кучи ва барқарорлиги, диққатнинг кўлами, диққатнинг бўлинувчанлиги ва диққатнинг кўчувчанлигидан иборатдир. Диққатнинг мазкур хусусиятлари қуйидаги жадвалда тўлиқ акс эттирилган ва шунга мувофиқ ҳар бирига қисқача таъриф бериб ўтамиз.
Диққатнинг кучи ва барқарорлигига кўра одамларнинг диққатлари ўзининг кучи ва барқарорлиги жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Айрим одамларнинг диққати кучли ва барқарор бўлса, бошқа бир одамларнинг диққати кучсиз ва беқарор бўлади.
Диққатнинг кучи ва барқарорлиги деб, одам ўз диққатини бирор нарса ёки ҳодисага ўзоқ муддат давомида муттасил қаратиб тура олишига айтилади. Диққатнинг кучи ва барқарорлиги инсон ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга. Чунки диққатни маълум муддат бирор нарсага муттасил, яъни ўзлуксиз тарзда қарата одам ишлай ҳам олмайди, ўқий ҳам олмайди ва ҳатто ўйнай ҳам олмайди.
Диққатнинг кучли ва барқарор бўлиши бир қанча сабабларга боғлиқдир. Биринчидан, диққатимиз қаратилган нарсанинг хусусиятлари, биз учун бўлган аҳамиятига, иккинчидан диққатимиз қаратилган нарса билан амалга ошириладиган фаолиятларимизга, учинчидан нерв системасининг айрим хусусиятларига боғлиқдир. Буларнинг ҳаммаси объектив, яъни бизнинг иродамиз билан боғлиқ бўлмаган сабаблардир. Диққатнинг кучи ва барқарорлиги албатта субъектив, яъни одамнинг айни чоғдаги ҳолати билан ҳам боғлиқ. Масалан, айни чоғда бетоброқ бўлиб турган одамнинг ёки бошига бир оғир ташвиш тушган одамнинг диққати кучли ва барқарор бўла олмайди.
Одамлар ўз диққатларининг кўлами жиҳатидан ҳам бир-бирларидан фарқ қиладилар. Айрим одамлар диққатининг кўлами кенг бўлса, бошқа бир одамлар диққатининг кўлами торроқ бўлади. Диққатнинг кўлами айни бир вақтда одамнинг идрокига сиғиши мумкин бўлган нарсалар миқдори билан белгиланади. Бошқачароқ қилиб айтганда, идрок қилиш жараёнида диққатимиз қаратилган нарсалардан қанчасини онгимизга сиғдира олишимиз диққатнинг кўламини ташкил этади .
Диққат кўламини тажриба йўли билан аниқлаш қийин эмас. Бунинг учун диққатнинг кўламини аниқлаётган одамга айни бир вақтнинг ўзида бир неча ўзаро боғланмаган ҳарфларни, рақамларни ва турли геометрик шаклларни кўрсатиш йўли билан аниқлаш мумкин. Бунда одам кўрсатилаётган нарсалардан айни вақтда қанчалик кўпини бирданига идрок эта олса, унинг диққати шунчалик кенг бўлади.
Диққатнинг кўлами одатда тахистоскоп деган махсус асбоб билан аниқланади. Бу асбоб ёрдамида айни бир вақтнинг ўзида идрок эттириладиган нарсалар жуда тез кўрсатилади. Бунда одам ўз диққати доирасига қанча нарса сиғдира олса, ана шунга қараб диққатнинг кенг ёки торлиги аниқланади. Ўтказилган тажрибаларнинг кўрсатишича, катта ёшли одамларда ўз диққат доираларига айни бир вақтда 3 тадан 6 тагача бир-бири билан боғлиқ бўлмаган нарсаларни сиғдира оладилар.
Диққат кўламининг кенг бўлиши одам идрок қилаётган нарсаларини атрофлича ва чуқур акс эттириши, бинобарин билиш жараённинг сифатли бўлиши учун жуда катта аҳамиятга эгадир.
Одамнинг диққати бир вақтда фақат битта нарсагагина эмас, балки иккита ёки учта нарсага ҳам бирданига қаратилиши мумкин. Ана шундай пайтларда диққатнинг бўлиниши талаб қилинади. Демак, диққатнинг бўлиниши деганда биз айни бир вақтда диққатимизни икки ёки уч нарсага қаратишимизга айтамиз. Агар диққатимиз битта нарсага қаратилган бўлса, яъни диққатимиз битта нарса устида тўпланган бўлса, уни констентрастиялашган (тўпланган) диққат деб юритилади. Бунинг аксинча агар диққатимиз айни бир вақтда бир неча нарсага қаратилган бўлса, буни бўлинган, диққат деб юритилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, аслини олганда диққатнинг айни бир чоғда икки ёки ундан ортиқ нарсага қаратилиши, яъни бир неча нарсаларга бўлиниши амалий жиҳатдан мумкин эмас. Шунинг учун диққатнинг бўлиниши, яъни айни бир вақтда икки ёки уч нарсага бирданига қаратилиши ўз моҳияти жиҳатидан диққатнинг бир нарсадан бошқа бир нарсага ниҳоятда тезлик билан бўлинишини талаб қилган вақтда диққатимиз бир нарсадан иккинчи нарсага шу қадар тезлик билан кўчадики, буни биз пайқай олмаймиз. Натижада диққатимиз айни бир вақтнинг ўзида бир неча нарсаларга бирданига қаратилаётгандек бўлиб кўринади.
Диққатнинг ана шундай бўлинувчанлик хусусияти ҳаётда жуда катта аҳамиятга эга. Чунки бир қанча меҳнат турлари диққатнинг бўлинувчанлик хусусиятига эга бўлишликни талаб қилади. Бундай хусусият педагоглар учун жуда зарур бўлган хусусиятдир. Масалан, тарбиячи болалар билан бирор машғулот ёки суҳбат ўтказаётган пайтида диққатни бир неча нарсаларга, яъни гапираётган гапига, болаларни қулоқ солиб ўтиришларига ва бундан сўнг нималар ҳақида гапиришга қарата олиши лозим. Ана шундагина тарбиячи суҳбат ёки машғулот пайтида гуруҳни бошқара олади.
Диққатнинг бўлиниши ҳар кимда ҳар хил бўлади. Бунинг сабаби шундаки диққатнинг енгиллик билан бўлиниши диққатимиз қаратилган нарсаларнинг илгаридан бизга қанчалик танишлиги билан боғлиқдир. Агар диққатимиз қаратилган нарсаларнинг айримлари бизга яхши таниш бўлса яъни биз уларни илгаридан яхши билсак фаолият жараёнида бир неча ишларни бирданига яъни бирга қўшиб бажара оламиз. Масалан, ёзиш ҳаракати илгаридан бизга яхши таниш бўлгани учун дарсда ҳам эшитиб, ҳам ёзиб ўтира оламиз. Шундай қилиб, диққатнинг бўлинувчанлиги жуда кўп фаолиятларимиз учун зарур бўлган хусусиятдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |