4-Тафаккур шакллари
Психологияда нутқ фикр юритиш фаолиятининг воситаси деб юритилади. Одамда нутқ тафаккур жараёнида ҳукм, хулоса чиқариш ва тушунчалар шаклида ифодаланиб келади.
Ҳукмлар
Нарса ва ҳодисаларнинг белги ва хусусиятлари ҳақида тасдиқлаб ёки инкор қилиб айтилган фикр ҳукм деб аталади.
Ҳукмлар объектив воқеликни акс эттирилишига қараб чин ёки хато бўлади. Нарса ва ҳодисаларда воқеликда ҳақиқатан ўзаро боғлиқ бўлган белгилар, аломатлар ҳукмларда боғлиқ равишда кўрсатиб берилса ёки воқеликда бир-биридан ажратилган нарсалар ҳукмларда ажратиб кўрсатилса бу чин ҳукм деб аталади. Масалан, металлар электр токини ўтказувчидир; металлар қиздирилганда кенгаяди, деган чин ҳукмлардир. Чунки электр токини ўтказиш қиздирилганда кенгайиши металларга хос хусусиятдир.
Моддий оламда ҳақиқатдан боғлиқ бўлмаган нарса ҳукмда боғлиқ қилиб кўрсатилса, бундай ҳукм хато ҳукм деб аталади. Масалан, ҳозир ташқарида ёмғир ёғяпти; ер қуёш атрофида айланмайди, деган мисоллар хато ҳукмлар доирасига киради.
Борлиқдаги нарсалар, ҳодисалар ва воқеликни миқдорига уларнинг бирор ҳукмда акс эттирилган алоқа ва муносабатларига қараб, ҳукм қуйидаги турларга бўлиниши мумкин:
ҳукмлар сифатига кўра: тасдиқловчи ёки инкор қилувчи ҳукм;
ҳукмларнинг миқдорига қараб: якка, жўзъий, хусусий ва умумий ҳукмга;
ҳукмларнинг муносабатига кўра: шартли, айрувчи, ва қатъий ҳукмларга;
ҳукм тахминий кўринишга эга бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳукмда акс эттириладиган нарса ва ҳодисалар белгисининг нечоғлик муҳим бўлишига ёки воқеликка мос келиш-келмаслигига боғлиқ. Масалан, эртага ёмғир ёғиши мумкин. Пахта режаси тўлиб қолса керак.
Ҳукмларда тасдиқланган ёки инкор қилинган нарсалар, ҳодисалар, аломатлар ҳукмнинг мазмунини ташкил қилади. Нарса билан белгининг алоқаси боғлиқлиги борлиги акс эттирилган ҳукм тасдиқловчи ҳукм деб аталади. Масалан, Ўзбекистонда пилла етиштирилмайди. Тошкентда олий мактаблар қурилмаган. Воқеликда ажратилган нарса инкор қилувчи ҳукмда фикран ажратилиши мумкин. Якка, ёлғиз нарса ва ҳодиса тўғрисидаги ҳукм якка ҳукм деб аталади. Масалан, Тошкент – Ўзбекистон Республикаси пойтахтидир; Амударё серсув дарёлардан биридир.
Белгининг бирор туркумигагина тааллуқлилигини тасдиқловчи ёки инкор қилувчи ҳукм жўзъий ҳукм деб аталади. Масалан, баъзи металлар электр токини ўтказмайдилар. Қарздор талабалар сессияга қуйилмайди. Жамоанинг айрим бригадалари мажбуриятга яраша меҳнат қилмайдилар. Бир туркумдаги нарса ва ҳодисаларнинг ҳаммаси тўғрисида тасдиқлаб, ёки инкор қилиб айтилган ҳукм умумий ҳукм деб аталади. Ҳукмда нарса ва ҳодиса белгисининг борлигини муайян шароитларда тасдиқлаб ёки инкор қилиб айтилган ҳукм шартли ҳукм деб аталади. Масалан, агар талаба сессияларга қунт билан пухта тайёрланса, у яхши ва аъло баҳолар олади. Агар ўқувчи дарсга диққат қилмаса, янги материални ўзлаштира олмайди. Ҳукмда нарсалар ва ҳодисалар бир неча белгига нисбатан берилиб, шу белгилардан фарқи битта унга тегишли бўлса, бундай ҳукмга айрувчи ҳукм деб аталади. Масалан, жисмлар ё қаттиқ, ёки суюқ, ёки газсимон ҳолда бўлади.
Нарса билан белги ўртасидаги алоқанинг бор ёки йўқлиги қатъий шаклда акс эттирилса қатъий ҳукм деб аталади. Масалан, баҳорда барча жойларда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. Ёниш кимёвий жараёндир.
Нарса ва ҳодисалар билан уларнинг хусусиятлари ўртасида алоқа бўлиши эҳтимоли фақат фараз қилинса, у ҳолда инсон ўз фикрларини қуйидаги шаклда ифода қилиши мумкин. Эҳтимол, Марсда органик ҳаёт бордир. XXI - асрнинг охирларида фан техника янада ривожланиб, тараққий этиши мумкин ва бошқалар. Бундай ҳукмлар эҳтимоллик ҳукмлари деб аталади. Нарсалар билан хусусиятлар ўртасидаги алоқани тахминан эмас, балки ҳақиқатдан аниқ билганимизда биз ўз фикримизни мана бундай шаклда изҳор қиламиз. Факультет кутубхонасида кўп янги китоблар мавжуд. Мактабимиздаги кимё хонаси жуда яхши ускуналар билан жиҳозланган. Бундай ҳукмлар воқелик (ассерторлик) ҳукмлари деб аталади.
Ҳукмнинг шундай юқори шакли борки, унда фақат ҳақиқатда бўлган воқеа қайд қилинмасдан, балки нарса билан хусусиятнинг алоқаси қонуний эканлиги аниқлаб берилади. Масалан, бутун дунёда тинчлик ғалаба қозониши муқаррар, сезгиларнинг интенсивлиги қўзғатувчи кучининг логарифмига пропорстионалдир. Бундай ҳукмлар зарурий (аподиктик) ҳукмлар деб аталади. Бундай ҳукмларда инсон нарса, воқелик, ҳодиса билан унинг хусусияти ўртасида мустаҳкам боғланиш борлигини ва бу боғланишга зид келадиган бошқа бир ҳолнинг бўлиши асло мумкин эмаслигини акс эттиради. Психологияда ҳукмлар иккита асосий йўл билан ҳосил қилиниши таъкидлаб ўтилади. Биринчи йўл билан ҳукм ҳосил қилинганда идрок қилиш зарур бўлган нарсаларнинг бевосита ўзи ифодаланади. Иккинчи йўл билан эса бевосита мулоҳаза юритиш ёрдами билан ҳукм амалга оширилади. Масалан, бу автомобилнинг янги модели. Мазкур мисолда ҳукм чиқаришнинг бирламчи йўли акс эттирилган. Даставвал олимлар кашфиёт ёки ижодий жараёнда назарий жиҳатдан мулоҳаза юритиш ёрдамида ҳукм чиқарадилар. Улар чиқарадиган ҳукмнинг тўғрилиги амалиётда кейинчалик тасдиқланади. Бу иккинчи йўл билан ҳукм чиқаришга мисолдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |