Таянч-ҳаракат тизимининг функционал анатомияси



Download 37,97 Kb.
Sana17.07.2022
Hajmi37,97 Kb.
#817817
Bog'liq
Умуртқа поғонасида суяклари тузилиши


Таянч-ҳаракат тизимининг функционал анатомияси. Режа:

  • Суяклар ривожланиш босқичларини ўрганиш.

  • Суяклар турлари, уларнинг анатомик ва гистологик тузилишларини ўзлаштириш.

  • Суякларнинг бирлашуви тўғрисида умумий маълумотларга эга бўлиш.

  • Бўғим турлари ва уларнинг вазифалари ҳақида маълумот тўплаш.

  • Мушакларнинг ривожланиш хусусиятлари, уларнинг турлари ва функцияларини кўриб чиқиш.

Таянч иборалар: остеология, синдесмология, миология, остеон, миоцит, хондроцит, капсула, бўшлиқ, қисқариш, зичлик, ғоваклик, метафиз, эпифиз, диафиз, бўғим бўшлиғи, қисқарувчанлик. Таянч-ҳаракат аппарати суяк, суякларни бирлаштирувчи бойламлар ва мушак тизимларидан ташкил топган.


Мушаклар, суяклар ва уларни бирлаштириб турган бойламлар битта эмбрионал қават – мезодермадан ривожланади. 1.1. Суяклар ҳақида таълимот – остеология Скелет организмда таянч бўладиган зич тўқималар (тузилмалар йиғиндиси)дан иборат. Скелет бир қанча алоҳида суяклардан ташкил топган ва организмда, асосан, таянч, ҳаракат ва ҳимоя вазифасини бажаради. Одам скелети икки юздан ортиқ алоҳида-алоҳида суяклардан тузилган, оғирлиги ўртача 5–6 кг ёки гавда оғирлигининг 8–10% ини ташкил этади. Скелет суякларининг аксарияти жуфт суяклардир. Суяк асосан, суяк тўқималаридан иборат.
Суяклар қаттиқ ва эластик бўлиб, асосан, икки хил моддадан тузилган, уларнинг 1/3 қисми органик моддалар бўлса, қолган 2/3 қисми анорганик моддалардир (асосан, калций тузлари, айниқса фосфат оҳак 51,04% ни ташкил этади). Суяклар эластиклигини оссеин моддалар бажарадиган бўлса, минерал тузлар уларга қаттиқлик (пишиқлик) ҳoссасини беради. Органик ва анорганик моддаларнинг суяклар таркибидаги нисбати керакли бўлган мустаҳкамликни вужудга келтиради ва бу ҳолат ёшга қараб ўзгариб боради. Ёш организм суяклари таркибида оссеин кўп бўлганлигидан эгилувчан (эластик) ва жуда кам синадиган бўлади. Ёш улғайиб борган сайин суякларда минерал тузлар миқдори кўпаяди. Шунинг учун кекса одамларнинг суяклари эластиклик хусусиятини аста-секин йўқотиб, мўрт, тез синадиган бўлиб қолади. Суяклар таркибида органик ва анорганик моддалардан ташқари витамин А, Д ва C ҳам бўлади. Ёш болалар суяклари таркибида калций тузлари ва витамин Д етишмаслиги натижасида рахит касаллиги вужудга келади.
Агар суякларда витамин А етишмаса, суяклар ҳаддан ташқари йўғонлашиб, ичидаги бўшлиқлари, ҳар хил каналчалари катталашиб қолади. Суякнинг ички тузилишини уни арралаб қарагандагина кўриш мумкин. Суяк икки хил: зич (қаттиқ – substantia compacta) ва ғовак (кўмик – substantia spongiosa) моддалардан иборат. Узун суякларнинг икки учи (юнонча epifizis – усти) эпифизлари калта суякларга ўхшаш тузилган бўлса, диафизи (танаси) – diafizis (юнонча dia – оралиқ) узунасига жойлашган кавак цилиндр шаклли бўлиб, девори қалин зич модда пўстидан иборат. Ана шу кавак илик канали бўлиб, бу канал узун суякнинг иккала учи (epifiz)даги ғовакларга туташиб кетади. Узун суякларнинг эпифизлари бўғим юзалари (facies articularis) билан тугайди. Суякларнинг эпифиз билан диафиз оралиқ қисми метафиз (metafizis) деб аталади. Бундан ташқари, суякларнинг тузилиши шакли билан вазифаларига боғлиқ бўлади, яъни суяклар вазифасига қараб ҳам тузилиши ўзгаради ёки бунинг акси бўлиши мумкин. Суяклар асосан гаверс пластинкаларидан тузилган кўпдан-кўп гаверс каналчалардан иборат. Гаверс каналчалари аксари суяклар бўйига қараб жойлашган ва ўзаро бир неча зич пластинкаси – компакт модда ўраган бўлади. Гаверс тизимлар орасидаги бўшлиқларни оралиқ модда (пластинка)лар тўлдириб туради. Суякнинг сиртқи юзаси суяк усти пардаси (периост – periosteum) билан қопланган (суякнинг бўғим юзалари, пайлар ва бойламлар ёпишган жойларда периост бўлмайди).
Периост юпқа, пушти ранг бириктирувчи тўқимадан иборат. Периостнинг ўзи суякларнинг алоҳида тешикларидан ўтиб, борадиган толачалари воситасида суякка мустаҳкам ёпишиб туради. Периост икки қаватдан, яъни ташқи қавати толали фиброз тўқимадан, ички қавати эса нерв ва қон томирларга бой суяк ҳосил қиладиган қисмдан иборат. Қон томирлар суякларга алоҳида озиқ тешиклар (foramen nutricium) орқали боради. Суякларнинг бўғим ҳосил қиладиган сатҳлари бўғим тоғайлари билан қопланган.
Суяк каваклари, илик бўшлиғи ҳамма вақт суяк илиги билан тўлган бўлади. Кўпинча найсимон суякларда илик марказий бўшлиқ қисмида жойлашганлигидан уни илик бўшлиғи (cavitas medullaris) ёки канали деб аталади. Суяк илиги организмда қон яратади ва биологик ҳимоя вазифасини бажаради. Суякларда учрайдиган ўсиқларга (дўмбоқча, ғадур-будур ва ҳоказо) апофиз (apophizis – ўсиқ)лар, бўйинга метафиз ёки суяк бўйни (collum), суяк бошчасига (capitulum), бўғим чуқурчасига (fossa articularis) ғадир-будур тепачалар (condylus) киради. 1.2. Суяклар ривожланиши Одам эмбрионида суяклар тўқимаси бошқа ҳамма тўқималарга нисбатан кечроқ ёки она қорнидаги пайтнинг 6-8 ҳафталарида мезенхима (эмбрион бириктирувчи тўқимаси)дан ривожланади.
Суяклар такомил этиш даврида ҳаммаси ҳам бир хил ривожланмайди, балки баъзи бир суяклар бириктирувчи тўқимадан тараққий этади, булар бирламчи суяклар ёки бириктирувчи тўқима суяклари дейилади. Бирламчи суякларга калланинг мия қисмидаги қопловчи суяклар ва барча юз суяклари киради: бошқа суяклар тоғайдан такомил этади, иккиламчи суякланиш деб шунга айтилади. Умуман суякланиш жараёни эндесмал, перихондрал, периостал ва энхондрал турларга бўлинади.
Суякланиш жараёни суякларнинг бажарадиган вазифаларига қараб уларнинг танасида пайдо бўлади. Асосий оғирлик ҳамма вақт суякнинг диафизига тушади, шу сабали суякланиш нуқтаси биринчи диафиздан бошланади. Қўшимча суякланиш нуқталари найсимон суякларда суякнинг метафиз ва эпифизларида, сўнгра мушак ва бойламлар ёпишадиган жойлари апофиз (дўмбоқлар, қирралар)да кечади. Шу сабабли суяклар одамда 20–25 ёшгача бўйига ўсади. Охирги суякланиш нуқталари суякларнинг апофизида 30–35 ёшларда тугалланади.
1.3. Суяклар таснифи Одам скелети қуйидаги қисмларга ажратилган: тана суяклари (умуртқалар, қовурғалар ва тўш суяги); калла суяги (мия ва юз қисмларидан иборат); елка камари (кўкрак ва ўмров суяклари); эркин қўл суяклари (елка, билак ва панжа суяклари); чаноқ камари суяклари (ёнбош, қов ва қуймич суяклари) ва эркин оёқ суяклари (сон, болдир ҳамда оёқ панжаси суяклари). Суяклар тузилиши, ривожланиши ва вазифаларига кўра қуйидагича тасниф қилинади: I. Найсимон (узун ва калта) суяклар. II. Ғовак (узун, калта ва сесамасимон) суяклар. III. Ясси (кала ва камар) суяклар. IV. Аралаш суяклар 1.4. Тана скелети Одамнинг тана скелети умуртқа поғонаси ва ўн икки жуфт қовурға, тўш суягидан ташкил топган кўкрак қафаси (compages thoracis, thorax)дан иборат. Умуртқа поғонаси (columna vertebralis) бир-бирининг устида жойлашган 33-34 та умуртқалар йиғиндисидан ташкил топган бўлиб, булар бўйин умуртқалари (еттита); кўкрак умуртқалари (ўн иккита), бел умуртқалари (бешта), бешта думғаза умуртқалари ўзаро бирлашиб, битта думғаза суягини ҳосил қилган ва дум умуртқалари бўлимларига ажратилади.
Умуртқа поғонасининг ўртача узунлиги эркакларда 73–75 см, аёлларда эса 69–71 см. Шундан бўйин қисми узунлиги 13–14 см, кўкрак бўлими 27–30 см, бел қисми 17–18 см ва думғаза қисми 12–15 см. Ҳар қайси умуртқанинг таянч вазифасини бажарадиган танаси (corpus vertebrae), равоғи (arcus vertebrae) бор, умуртқа равоғи танасига иккита оёқчаси (pediculi arcus vertebrae) орқали бирлашиб, умуртқа тешигини (foramen vertebrale) ҳосил қилади. Ҳамма умуртқаларнинг тешиклари бирга қўшилиб умуртқа канали (canalis vertebralis) вужудга келади, орқа мия ана шу каналда жойлашиб, ташқи муҳит таъсиридан сақланиб туради. Умуртқа равоғида тепа ва пастки жуфт бўғим ўсимталари (processus articularis superiores et inferiores) жойлашган. Умуртқа равоғининг ўрта қисмида орқа томонга битта ўткир қиррали ўсиқ (processus spinosus), икки ён томонидан биттадан кўндаланг ўсиқ (processus transversus) кўринади. Умуртқа танаси билан бўғим ўсиқларининг ўрта қисмларида юқори ва пастки ўймалар (incisurae vertebrales superiores et inferiores) жойлашган.
Умуртқа поғонасида юқоридаги умуртқанинг пастки ўймаси пастки умуртқанинг юқори ўймаси билан бирлашиб, ҳар тарафда биттадан умуртқа оралиқ тешиги (foramina intervertebralia)ни ҳосил қилади. Бу тешиклар орқали орқа мия нервлари ва қон томирлари ўтади. Одам умуртқаларининг орасида бел ва думғаза умуртқалари катта ҳажмли бўлиб, бош, тана ва қўл оғирлиги ана шулар воситасида чаноқ орқали оёққа тарқалади. Дум умуртқалари, аксинча, одамда ўсишдан тўхтаб, йўқолиб бораётган қолдиқ умуртқалар ҳисобланади. Буларнинг таналари кичкина бўлиб, равоқлари бўлмайди. 1.5. Умуртқалар Одам умуртқа поғонасининг кўкрак қисми (кўкрак умуртқалари – vertebrae thoracicaе) 12 дона. Кўкрак умуртқаларининг икки ёнбошига ва кўндаланг (processus transversus) ўсимталарига 12 жуфт қовурғанинг бўғим ҳосил қилиб қўшилиб туриши уларни бошқа умуртқалардан ажратиб туради.
Аксарият қовурғаларнинг бошчалари ёнма-ён жойлашган иккита умуртқа таналарининг ёнбош оралиғига ўрнашган бўлади. Шунинг учун аксарият умуртқаларнинг иккала томонида (тепа ва пастида) яримтадан чуқурчаси (foveae costales superiores et inferiores) бўлади. Бундан биринчи умуртқа мустасно бўлиб, танасининг юқори қиррасида биринчи қовурға учун битта бутун қовурға чуқурчаси (foveae costalis superior), танасининг пастида иккинчи қовурға учун яримта қовурға чуқурчаси (foveae costalis inferior) бўлади. Ўнинчи умуртқада эса (Х қовурға учун) битта ярим чуқурча ва ХI– ХII умуртқаларда ҳар бирининг икки ёнбошида (тегишли қовурғалар учун) биттадан тўла чуқурча жойлашган. Умуртқа танаси билан унинг равоғи ўртасида умуртқа тешиги (foramen vertebrale) бор. Юқори ва пастдаги бир жуфтдан фронтал ҳолатда жойлашган бўғим ўсимталари (processus atriculares superiores) билан умуртқалар ўзаро бирлашиб туради.
Умуртқа танасининг икки ёнбошидаги кўндаланг ўсиқларининг олд томонида бўғим юзачалари (fovea costalis processus transversi) жойлашади. Умуртқа равоғининг ўрта қисмида ўткир қиррали ўсиқ (processus spinosus) жойлашган. Бўйин умуртқаси (vertebreae cervicales) (С1–С7) 7 дона бўлиб, юқоридаги биринчи ва иккинчи умуртқалар бошқа бешта бўйин умуртқаларидан тузилиши бўйича анча фарқ қилади. Бўйин умуртқаларининг тана (corpus vertebrae)лари кичкина кўндаланг овал шаклда бўлиб, умуртқа тешиги (foramen vertebrale) катта бурчак шаклида тузилган. Кўндаланг ўсиқ (processus tranversus)ларнинг олдинги томонига эмбрион ўсиши давридаги қовурға қолдиқлари ёпишиб, кўндаланг ўсиқ тешиги (foramen processus transversus)ни ҳосил қилади. Шунинг учун кўндаланг ўсиқлар кўндаланг қовурға ўсиқлар (processus costotransversarius) деб ҳам аталади. Бу ўсиқларнинг учлари кўпинча иккита дўмбоққа бўлинади. VI умуртқанинг олдинги дўмбоғи олдидан уйқу артерияси ўтганлиги учун бу думбоқ уйқу дўмбоғи (tuberculum caroticum) деб аталади.
Артерия жароҳатланганда уни шу дўмбоқчага бармоқ билан босиб қон тўхтатиш мумкин. Кўндаланг ўсимталарда пайдо бўлган барча тешикчалар йиғиндиси умуртқа артерияси канали (canalis a. vertebralis)ни ҳосил қилади. Бу каналдан шу номли артерия ўтади. II–V бўйин умуртқалари танасининг орқа томонида жойлашган ўткир қиррали ўсиқ (processus spinosus)лар калта ва учи айри бўлади (VI–VII умуртқалар бундан мустасно). VII умуртқанинг орқа ўсиғи бошқа бўғим умуртқаларига нисбатан узун ва йўғон бўлиб, тирик одамда тери остида билиниб туради. Шунинг учун бу умуртқа туртиб чиққан умуртқа (vertebra prominens) дейилади. Биринчи бўйин умуртқаси – атлант (atlas)нинг танаси такомил этиш даврида иккинчи умуртқага ўтиб тишсимон ўсиқни ҳосил қилади. Натижада унинг танаси ўрнига олдинги равоғи (arcus anterior) вужудга келиб, умуртқа тешиги (foramen vertebrale) эса кенгайган.
Олдинги равоқнинг олд томонида олдинги дўмбоқ (tuberculum anterius) жойлашган. Равоқнинг ички юзасида эса II бўйин умуртқасининг тишсимон ўсиғи жойлашадиган чуқурча (fovea dentis) бор. Орқа равоғи (arcus posterior)да ўткир қиррали ўсиқ қолдиғи – кичкина дўмбоқ (tuberculum posterius) пайдо бўлган. Умуртқанинг ёнбош қисми (massae laterales), олдинги ва орқа равоқларининг қўшилиб жойлашган ёнбош қисмининг юқори ва пастки юзаларида бўғим чуқурчалари (foveaе articulares superiores et inferiores) кўринади. Юқори бўғим юзаси овал шаклли бўлиб, энса суягидаги дўнгсимон ўсиқ бўғим юзаси билан бўғим ҳосил қилиб қўшилади. Мassae laterales нинг орқасида умуртқа артерия эгати (sulci a.vertebrales) бор. Бўйиннинг II умуртқаси (axis – ўқли) тишсимон ўсиқ ёки тиш (dens)нинг бўлиши билан бошқа ҳамма умуртқалардан ажралиб туради. Иккинчи умуртқа тиши биринчи умуртқа равоғининг ички томонида бўғим юзаси (facies articularis anterior) билан бирлашиб туриши калланинг ҳар томонга бурилишига имкон туғдиради. Тишсимон ўсиқ цилиндрсимон шаклли бўлиб, унинг учи (apex) бор. Ўсиқнинг олдинги юзасида жойлашган бўғим юзаси (facies articularis anterior) атлантнинг олдинги равоғининг ички юзасидан бўғим чуқурчаси (fovea dentis) билан бўғим ҳосил қилиб қўшилса, dentis нинг орқа бўғим юзаси (facies articularis posterior) эса атлантнинг кўндаланг жойлашган бойлами билан қўшилади. Ахis нинг икки ёнбошида жойлашган юқори бўғим юзаси (facies articularis superior) атлантнинг пастки бўғим чуқурчаси билан, пастки бўғим юзаси (facies articularis inferior) эса учинчи бўғим умуртқасининг юқори бўғим юзаси билан қўшилади. Бел умуртқалари (vertebrae lumbales) 5 дона, умуртқаларга гавда оғирлиги тушганлиги сабабли, унинг танаси (corpus vertebrae) катталашган буйрак шаклига ўхшаш бўлади, унинг тешиги катта ва учбурчак шаклидадир. Кўндаланг ўсиғи (processus transversus) деярли фронтал вазиятда бўлиб, учи орқага қараб туради. Ўткир қиррали ўсиқ (processus spinosus) ҳаракатчан бўлганидан тўппа-тўғри орқага қараб туради. Тепа бўғим ўсиқлари (processus articularis superior)нинг бўғим юзалари (facies articularis superior) ички томонга, пастки бўғим ўсиқлари (processus articularis inferior) юзалари (facies articularis inferior) ташқарига қараган бўлади. Тепа бўғим ўсиғининг орқасида кичкина сўрғичсимон дўмбоқ (processus mammilaris) жойлашган. Думғаза умуртқалари (vertebrae sacrales) – 5 дона бўлиб, одамнинг вертикал ҳолатга ўтиши билан гавда оғирлигининг думғаза умуртқаларига тушиши натижасида 17–25 ёшларда ўзаро қўшилиб, битта бутун думғаза суяги (оs sacrum)ни вужудга келтиради.
Думғаза суяги учбурчак шаклида, сербар қисми – туби (асоси – basis ossis sacri) бор. Унинг икки ёнбошида эса тепа бўғим ўсиғи (processus articularis superior), пастга ва олдинга қараган учи (apex ossis sacri) бор. Думғаза суяги туби билан бешинчи бел умуртқасининг танасига бирлашади. Думғаза суягининг олдинги чаноқ юзаси (facies pelvina) текис ва ёйсимон букилган бўлиб, тўртта олдинги тешиклар (foramina sacralia pelvina) ва кўндаланг жойлашган чизиқ (lineaе transvarsae)лар кўриниб туради.
Думғазанинг орқа юзаси ғадир-будур бўртиб чиққан бўлиб, у умуртқа ўсиқларининг ўзаро суякланиб кетишидан 5 та қирра ва думғазанинг орқа тўртта тешиклари (foramina sacralia dorsalia)ни ҳосил қилади. Жумладан, ўткир қиррали ўсиқларнинг бирлашишидан думғазанинг ўрта қирраси (crista sacralis mediana), бўғим ўсиқларининг бирлашишидан оралиқ қирраси (crista sacralis intermedia – орқа тешикларнинг ташқи томонида жойлашган) кўринади.
Ниҳоят, умуртқаларнинг кўндаланг ўсиқ қолдиқлари йиғиндисидан думғаза суяги орқа юзасининг энг четида жойлашган латерал қирра (crista sacralis lateralis)лари кўринади. Қирралардан ташқарироқда мушаклар ёпишадиган думғаза ғадир-будури (tuberositas sacralis) жойлашган. Ўсиқларнинг қовурға қолдиқлари билан ўзаро қўшилиб кетишидан пайдо бўлган думғаза тубининг ён қисми (paries lateralis) қулоқсимон юза (facies auricularis) бўлиб, чаноқ суягининг ана шундай юзаси билан бўғим ҳосил қилиб қўшилиб туради (чаноқ суякларининг бирлашувига қаралсин). Думғаза умуртқалари тешиклари ўзаро қўшилиб думғаза канали (canalis sacralis)ни ҳосил қилади. Думғаза каналининг пастки тешиги (hiatus sacralis) иккала томонидан чиқиб турадиган ўсиқчалар (cornu sacrale)ни ҳосил қилади.
Аёлларнинг думғаза суяги кенгроқ, калтароқ ва камроқ букилган бўлиши билан эркаклар думғазасидан ажралиб туради. Дум умуртқалари (vertebrae coccygeaeм) 4–5 дона бўлиб, одамда қолдиқ (рудимент) умуртқалардан иборат. Булар ўрта яшар одамларда суякланиб, дум суяги (os coccygeus)ни вужудга келтиради. Биринчи дум умуртқасида танасидан ташқари, унинг икки ёнбошида бир жуфт шохчаси (cornu coccygeum) кўринади. Умуртқалар ривожланиши уч босқичдан иборот. I босқич – мезодерма сомитларининг маҳсулоти – склеротомлардан пайдо бўлган парда даври 5-6 ҳафтагача давом этиб, сўнгра II босқич – тоғайланиш даврига ўтади. III босқич – суякланиш нуқталари умуртқаларда 2 ойлик даврдан бошланади. Шундай қилиб, 2-3 ойлик эмбрион умуртқаларида учала босқич (парда, тоғай ва суякланиш) босқичиларини кузатиш мумкин. Умуртқаларда суякланиш нуқталари 3 та бўлиб, бири танасида, иккитаси эса умуртқа равоғида бўлади.
Умуртқа равоғи боланинг 3 ёшлигида ва барча умуртқа ўсиқлари эса балоғатга етилганда танаси билан суякланиб қўшилади. Умуртқаларнинг батамон суякланиб битиши 22-25 ёшларда тугайди. Баъзан V бел умуртқа равоғи ва думғаза каналининг 11-18 ёшларгача ўсиб беркилмасдан (spina bifida) қолиши кузатилади. Умуртқаларнинг суякланишида horda dorsalis аста-секин йўқола бориб, қолдиғи – дирилдоқ ўзакни (nucleus pulposus) ҳосил қилади. 1.6. Кўкрак қафаси суяклари Тўш суяги (sternum). Кўкрак умуртқалари ва қовурғалар билан биргаликда кўкрак қафасини (thorax) ни ҳосил қилади. Тўш суяги узунчоқ ясси шаклда бўлиб, ўрта яшар одамда учта айрим қисмлардан иборат: тўш суяги дастаси, танаси ва ханжарсимон ўсиғи. Дастанинг икки ёнбошида ўмров суягининг тўш суягига қараган учининг қўшилиши учун ўйма – incisurae claviculares ва ундан пастда I қовурға тоғайи билан қўшилиши учун ўйма бўлади. Даста билан танаси бир оз олдинга бўртиб қўшилган жойида тўш бурчаги (angulus sterni)ни кўриш мумкин.
Даста билан танаси оралиғида II–VII қовурға тоғайлари учун ўйма (incisurae costales) бор. Ханжарсимон ўсиқ (processus xiphoideus) тўш суягининг танасидан пастки томонда жойлашган турли узунлик ва шаклда бўлади. Аёлларнинг тўш суяклари эркакларнинг тўш суягига нисбатан бир оз калтароқ бўлади. Қовурғалар (costae) 12 жуфт ғовак суяклар таркибига кириб, орқа томондан кўкрак умуртқаларининг таналарига ёпишиб туради. Ҳар қайси қовурға икки қисмдан иборат, қовурғанинг орқа қисми суяк (os costale) ва олдинги қисми тоғайдан (cartilago costalis)дан тузилган. Юқоридаги I–VII қовурғалар бевосита тоғай қисмлари воситасида тўш суягига бирикади ва чин қовурға (costae verae) деб аталади. Кейинги VIII, IX ва X жуфт қовурғалар ўзининг олдинги тоғай қисмлари билан бевосита тўш суягига ёпишмасдан, ўзидан юқорида жойлашган қовурғанинг тоғайига туташади ҳамда ёлғон қовурғалар (costae spuriae) деб аталади. Қолган XI ва XII жуфт қовурғаларнинг тоғайлари эса ҳеч қаерга ёпишмасдан қорин мушакларининг ораларида эркин жойлашган. Улар етим қовурғалар (costae fluctuantes) деб аталади. Қовурғаларнинг олдинги, орқа учлари ва буларнинг оралиқ қисми, танаси бор. Қовурғанинг орқа учида йўғонлашган бошчаси (caput costae) бор. II–X қовурғалар бошчаси умуртқалар оралиқ чуқурчаларига қўшилгани учун уларнинг бўғим юзалари қирра (crista capitis costae) билан иккита бўғим юзасига ажралган. I, XI ва XII қовурғалар бошчаларида қирра бўлмайди, чунки умуртқа танасидаги бутун бўғим чуқурчалари билан қўшилган бўлади. Қовурға бошчаси ингичкалашган бўйин (collum costae) қисмига ўтади. Бўйин қисмининг қовурға танасига ўтиш чегарасида дўмбоқча (tuberculum costae) кўринади. I–X қовурғалар дўмбоқчаларидаги бўғим юзалари (facies articularis tuberculi costae) икки қисмга ажралган бўлиб, уларнинг пастки қисми умуртқалар кўндаланг ўсиқларидаги бўғим чуқурчаларига қўшилиб туради.
Дўмбоқчалар бўғим юзаларининг юқори қисмларига эса бойламлар ёпишади. ХI–ХII қовурғалардаги дўмбоқчалар унчалик ривожланмаган, бўғим юзалари бўлмайди. Қовурға танасида (corpus costae) ташқи, ички юзалари, тепа ва пастки чеккалари бор. Биринчи қовурғанинг, аксинча, юқори ва пастки юзалари, ички ва ташқи чеккалари бўлади. Қовурға танаси бир оз букилиб қовурға бурчаги (angulus costae) ни ҳосил қилади. Кўпчилик қовурғалар ички юзасининг пастки чеккасида қовурғалар аро нерв ва қон томирлар учун эгат (sulcus costae) жойлашган. Биринчи қовурға бошқа қовурғалардан унинг юқори юзасида нарвонсимон мушак дўмбоғи (tuberculum musculi scaleni anterioris) борлиги билан фарқ қилади. Дўмбоқ олдида ўмров ости вена эгати – sulcus venae subclaviae, дўмбоқ орқасида эса ўмров ости артерия эгати – sulcus arteriae subclaviae бўлади. 1.7. Қўл-оёқ суяклари Қўл скелети – елка камари (cingulum membri superioris) ўмров ва курак суякларидан иборат. Қўлнинг эркин жойлашган (sceleton membri superioris libri) елка суяги, билак (тирсак ва билак) суякларидан ва қўл панжаси скелетидан иборат. Ўмров (clavicula), қўлни танага бирлаштириб турадиган бирдан-бир суяк бўлиб, шакли “S” ҳарфига ўхшаб букилган, узун. Тўш суягига бирлашган учига extremitas sternalis ва унинг бўғим юзасига facies articularis sternalis, курак суягининг елка ўсиғига бирлашадиган учига extremitas acromialis дейилади, унда елка ўсиғига бўғим ҳосил қилиб бирлашадиган кичкина бўғим юзаси – facies articularis acromialis кўринади. Ўмров суягининг ўрта қисми – танаси (corpus claviculaе) дейилади. Тана пастида конуссимон дўмбоқча – tuberculum conoideum ва трапециясимон чизиқ – linea trapezoidea жойлашган. Ўмров суягининг суякланиши эмбрион 6 ҳафталигида бошланиб, бола 16–18 ёшга баъзода қўшимча суякланиш нуқтаси (тўш суягига қараган учи)да пайдо бўлади. Ўмров суягининг суякланиш даври 20–25 ёшларга бориб тугайди. Курак (scapula) суяги ясси, учбурчак шаклида бўлиб, кўкрак қафасининг орқа томонидан II–VII қовурғалар ташқи соҳасида туради. Куракнинг учта чеккаси тафовут қилинади: умуртқа поғонасига қараган медиал чеккаси (margo medialis), қўлтиққа қараган латерал чеккаси (margo lateralis) ва юқори калта чеккаси (margo superior). Юқори чеккасида курак ўймаси (incisura scapulaе) кўриниб туради. Курак суягининг уччала чеккаси ўзаро учта бурчак ҳосил қилиб қўшилади: шулардан бири пастга қараган бурчак (angulus inferior), иккинчиси юқори томондаги бурчак (angulus superior) ва учинчиси латерал бурчак (angulus lateralis). Латерал бурчак йўғонроқ бўлиб, ундаги чуқурроқ бўғим юзаси (cavitas glenoidalis) орқали елка суяги билан бўғим ҳосил қилиб бирлашади. Бўғим юзасининг тепасидаги дўмбоқ – tuberculum supraglenoidale, пастидаги дўмбоқ – tuberculum infraglenoidale кўриниб туради. Бўғим юзаси орқа томонга ингичка бўйин (collum scapulaе) орқали танага ўтади. Курак суягининг бўғим юзаси устида тумшуқсимон ўсиқ (processus coracoideus) бўртиб туради. Куракнинг олдинги, қовурғаларга қараган юзаси (facies costalis) ботиқроқ бўлиб, курак ости чуқури (fossa subscapularis)ни ҳосил қилади, ана шу юзадаги бир неча ғадир-будур чизиқдан курак ости мушаги бошланади. Куракнинг орқа юзаси баланд қирра (spina scapulaе) билан иккита тенг бўлмаган қисмга бўлинган бўлади. Қирранинг тепасидаги қирра усти чуқурчаси – fossa supraspinata, пастки чуқурча – fossa infraspinata дейилади. Бу чуқурчаларга шу номдаги мушаклар ёпишиб туради. Куракнинг баланд қирраси латерал томонга давом этиб, бақувват елка ўсиғи – акромион (acromion) бўлиб тугайди. Ана шу ўсиқ учидаги бўғим юзаси – facies articularis acromialis орқали ўмров билан бўғим ҳосил қилиб қўшилади.
Елка суяги (humerus) да тана – диафиз (corpus humeri), иккита (юқори ва пастки) учи – эпифизлар ва улар ўртасида жойлашган метафиз фарқланади. Елка суягининг юқори учи шарсимон тўмтоқ бошча (caput humeri) бўлиб тугайди. Бошча суякнинг қолган бошқа қисмларидан унчалик чуқур бўлмаган ариқча – анатомик бўйинча (collum anatomicum) орқали ажралиб туради; ана шу бўйинчанинг пастки томонида иккита дўмбоқча (латерал томонда каттароғи – tuberculum majus ва бир оз олдинги томонда кичиги – tuberculum minus) жойлашган. Ҳар қайси дўмбоқчадан пастга қараб биттадан ғадир-будур қирра – crista tuberculi majoris (катта дўмбоқдан) ва crista tuberculi minoris (кичик дўмбоқдан) кетган. Ана шу иккала дўмбоқ ва ғадир-будур қирралар орасида эгатча (sulcus intertubercularis) бўлиб, ундан елканинг икки бошли мушаги узун бошининг пайи ўтади. Дўмбоқча ва қирраларга мушаклар келиб ёпишади. Елка суягининг дўмбоқчалардан пастки қисми хипчароқ бўлиб, хирургик бўйин (collum hirurgicum) деб аталади ва суяк танаси (диафиз)ни эпифизга қўшиб туради. Елка суяги танасининг юқори қисми цилиндр шаклида, пастки қисми уч чеккали бўлади. Чеккалар орасида орқа юза, олдинги, латерал юзалар, олдинги медиал юза ва суякнинг олдинги латерал юзасида делтасимон ғадир-будур жойлашган. Ғадир-будурнинг пастидан билак нерви учун спиралсимон эгат (sulcus nervi radialis) бошланиб, суяк орқа юзасини айланиб пастга тушади-да, латерал қиррада тугайди. Елка суягининг пастки кенгайган учи икки томонида ғадирбудур тепачалар – медиал тепача (epycondilus medialis) ва латерал тепача (epycondilus lateralis) ҳосил қилиб тугайди. Тепачалар юқорига медиал ва латерал қирралар бўлиб давом этади. Медиал тепача кўпроқ ўсган бўлиб, орқа юзасида тирсак нерви жойлашадиган эгатча (sulcus nervi ulnaris) кўринади. Иккала тепача орасида билак суяклари билан бирлашадиган бўғим юзаси бўлиб, у икки бўлакка ажралган: мудиал томонда кўндаланг жойлашган ва тирсак суяги билан бирлашадиган ғалтаги (trochlea humeri) бўлса, латерал томонда билак суяги билан бирлашиш учун яримшарга ўхшаш бўғим юзали бошчаси бор. Ғалтакнинг тепасида олдинги томонда тож чуқурчаси (fossa coronoidea) кўринади ва тирсак суягининг тож ўсиғи кириб туради. Тож чуқурчасининг латерал томонидан билак суягининг боши кириб туриши учун чуқурча (fossa radialis) жойлашган. Ғалтакнинг тепасида, орқа томонда тирсак суягининг тирсак ўсиғи кириб турадиган чуқурча (fossa olecrani) бор. Тирсак суяги (ulna)нинг юқори йўғон учида елка суягининг ғалтаги билан қўшиладиган каттагина ғалтаксимон бўғим ўймаси (incisura trochlearis) бор. Бўғим ўймаси олд томонда тож ўсиғи (processus coronoideus) ва орқа томонда тирсак ўсиғи (olecranon) билан чегараланиб туради. Тож ўсиғининг латерал томонида билак суягининг бошчаси билан бўғим ҳосил қилиш учун ботиқ ўйма (incisura radialis) жойлашган. Тож ўсиғининг пастида (олдинги томонда) елка мушаги ёпишишидан пайдо бўлган ғадир-будур жой – тирсак ғадир-будури (tuberositas ulnaе) деб аталади. Тирсак суягининг танасида олдинги, орқа ва медиал юзалар бўлиб, улар олдинги, орқа ва оралиқ қирралар билан ажралган. Тирсак суягининг пастки учи юмалоқ тирсак боши (caput ulnaе) билан тугайди, унинг медиал чеккасида эса бигизсимон ўсиқ (processus styloideus) чиқиб туради. Унинг ёнида билак суягининг ботиқ бўғим юзаси билан бирлашадиган доира бўғим юзаси (circumferentia articularis ulnaе) бор. Билак суяги (radius)нинг проксимал учи, аксинча, думалоқ бошча (caput radii) бўлиб, тепа томонида ботиқ бўғим юзаси (fovea articularis) бўлиб, елка суягининг бошчаси ана шу чуқурчада жойлашади. Билак суягининг гир айлана бўғим юзаси (circumferentia articularis) тирсак суягининг бўғим юзаси билан бўғим ҳосил қилади. Билак суягининг боши бошқа қолган бўлакларидан ингичка бўйин (collum radii) билан ажралиб туради. Бўйиннинг пастида ғадир-будур (tuberositas radii) жойлашган. Билак суягининг пастки учи йўғонлашган бўлиб, ташқи томонида бигизсимон ўсиқ (processus styloideus) кўриниб туради. Ички томонидаги ботиқ бўғим ўймаси (incisura ulnaris) эса тирсак суягининг доира бўғим юзаси билан қўшилади. Билак суягининг танасида олдинги, орқа ва латерал юзалари бўлиб, улар алоҳида қирралар орқали бир-биридан ажралиб туради. Билак суяги пастки учининг пастки томони учбурчак шаклидаги ботиқ бўғим юзаси (facies articularis carpea) воситасида кафтусти суяклари билан бўғим ҳосил қилиб қўшилади. Қўл панжасининг скелети (ossa manus) кафт усти (ossa carpi), кафт (ossa metacarpi) ва бармоқ (фаланга) – phalanges digitorum manus суякларига ажратилади. Кафт усти суяклари (ossa carpi) турли шаклдаги 8 та майда суяклардан иборат бўлиб, тўрттадан икки қатор жойлашган.
Булардан биринчи ёки проксимал қатор (бош бармоқ томонидан ҳисоблаганда), қайиқсимон суяк, яримойсимон суяк, уч қиррали суяк ва нўхатсимон суяклардан ташкил топган. Кафт суякларининг учидаги бўғим юзалари ясси бўлиб, кафт усти суякларининг иккинчи қаторида жойлашган суяклар билан қўшилса, ёнбош юзалари эса ўзаро бир-бири билан бўғим ҳосил қилиб бирлашади. I кафт суяги калта бўлиб, асосида эгарсимон бўғим юзаси бор. II кафт суяги энг узун, V кафт суяги эса энг калта. Кафт суякларининг бошчасидаги шарсимон бўғим юзалари биринчи бармоқ фаланга суяклари билан бўғим ҳосил қилади. Бармоқ суяклари (phalanges digitorum, кафт суякларига ўхшаш калта найсимон суяклардан тузилган бўлиб, бармоқларда кетма-кет жойлашган.
Оёқ суяклари икки қисмга бўлинади. Биринчиси оёқ камари (cingulum membri inferioris) бўлиб, иккала томонда биттадан чаноқ суягидан тузилган. Иккинчиси – эркин турган қисми – sceleton membri inferioris liberi эса уч қимдан иборат: 1) проксимал қисми – сон суягидан; 2) ўрта қисми – болдир (катта ва кичик болдир) суякларидан ҳамда тизза қопқоғи суягидан; 3) дистал қисми – оёқ панжаси скелетидан ташкил топган. Чаноқ суяги (os cохае) иккита ялпоқ чаноқ ёки номсиз суякдан иборат. Чаноқ суягининг шундай вазифалари унинг мураккаб тузилишига сабаб, ўрта яшар одамнинг чаноқ суягида учта айрим суяклар: ёнбош суяги (os ilium), қов суяги (os pubis) ва қуймич (ўтирғич) суяги (os ischii) тафовут қилинади. Бу суяклар 14–16 ёшга киргунча алоҳида бўлиб, тоғай пластинкалар воситасида ўзаро қўшилади, кейинчалик суякланиб бир бутун чаноқ суягини ҳосил қилади. Чаноқ суягининг ташқи юзасида (учала суякнинг ўзаро бирлашган жойида) сон суягининг боши кириб турадиган қуймич косаси (acetabulum) бўлиб, унинг гир атрофи ярим ой бўғим юзаси (facies lunata) билан ўралган, қирғоқнинг пастки қисми қуймич ўймаси (incisura acetabuli) билан чегараланган. Қуймич косасига сон суягининг бошчаси бўғим ҳосил қилиб жойлашади. Қуймич косасининг марказида коса чуқурчаси – fossa acetabuli кўринади.
Ёнбош суяги (os ilium)нинг пастки йўғонроқ қисми, танаси (corpus ossis ilii) қуймич косасининг тузилишида қатнашади. Ёнбош суягининг танасидан юқорига сербар пластинка, қанот (ala ossis ilii) “C” шаклида кенг бўлиб, мушаклар ёпишади. Ёнбош суягининг қаноти тепага қирра (crista iliaca) бўлиб тугайди. Қирра олдинги томонда устки ва пастки ўткир ўсиқ (spina iliaca anterior superior ва spina iliaca anterior inferior) билан тугайди. Ёнбош суяк қиррасининг орқа томони юқори ва пастки ўсиқ (spina iliaca posterior superior ва spina iliaca posterior inferior)лар билан тугайди. Қанотнинг тепа қисмида ташқи лаб (labium externum) оралиқ чизиғи (linea intermedia) ва ички лаб (labium internum) жойлашган. Ёнбош суягининг орқа томонида катта қуймич ўймаси (incisura ischiadica major) ва унинг пастида ўткир ўсиқ (spina ischiadica) жойлашган. Ёнбош суяк қанотининг ички юзаси силлиқ ва ботиқроқ бўлиб, ёнбош чуқурчаси (fossa iliaca) деб аталади. Ана шу чуқурча пастки ёйсимон чизиқ (linea arcuata) билан чегараланади, орқа ва пастки томонида қулоқ supraси шаклидаги бўғим юзаси (facies auricularis) ўзига мос келадиган думғаза суягидаги бўғим юзаси билан бирлашиб туради. Ёнбош суяк қанотининг ташқи юзасида мушаклар ёпишадиган учта ғадирбудур чизиқлар бор. Улар олдинги думба чизиғи – linea gluteae anterior, орқадаги думба чизиғи – linea gluteae posterior ва пастки думба чизиғи – linea gluteae inferior дир. Қов суяги (оs pubis)нинг калта ва кенг қисми, танаси (corpus ossis pubis) бўлиб, қуймич косасининг олдинги бўлагини ҳосил қилади. Қов суягини иккита: юқори (ramus superior ossis pubis) ва пастки (ramus inferior ossis pubis) бутоқлар бурчак ҳосил қилиб, ўзаро бирлашиб туради ва ана шу бурчакнинг медиал юзасида овал шаклдаги чўзинчоқ бўғим юзаси (facies symphysialis) иккита қов суякларини ўзаро бирлаштириб туради. Юқори бутоқнинг суяк чегарасида ёнбош қов тепалиги eminentia iliopubica кўринади. Юқори бутоқнинг facies symphysialis га ўтиш чегарасидаги дўмбоқ – tuberculum pubicum орқага қов қирраси (pecten ossis pubis) бўлиб давом этиб, қов тепалигига қўшилади. Қов суяги тепа бутоғининг ичкари ва пастки юзасида ёпқич эгат – sulcus obturatorius жойлашган. Қуймич суяги (оs ischii)нинг қов суягига ўхшаш, қуймич косасини ҳосил қилишда қатнашадиган қисми – танаси (corpus ossis ischii) ва ундан давом этган бутоғи (ramus ossis ischii) бор. Ана шу бутоқ бурчак ҳосил қилиб пастки бутоққа ўтади. Бу эса қов суягининг пастки бутоғи билан қўшилади.
Қуймич суяги бутоқларининг ўзаро бирлашган жойи кенгайиб, йўғонлашган қуймич дўмбоғи (tuber ischiadicum)ни ҳосил қилади. Қуймич суяги танасининг орқа томонидаги ўткир учли ўсиқ (spina ischiadica) билан қуймич дўмбоқ орасида кичкина кесимта (incisura ischiadica minor) жойлашган. Қуймич билан қов суякларининг бутоқлари ўзаро қўшилиб, каттагина тухум шаклидаги ёпқич тешик (foramen obturatorium)ни ҳосил қилади. Сон суяги (femur) найсимон суяклар орасида энг узун ва каттаси бўлиб, тана (corpus femoris), паст ва юқори томон (эпифиз)лардан иборат. Сон суягининг юқори учида (ички томонга қараб жойлашган) шарсимон бошча (caput femoris) кўриниб туради. Бошча марказининг пастроғида чуқурча (fovea capitis ossis femoris) жойлашган. Сон суягининг бошчаси танасига бўйин (collum femoris) орқали қўшилган. Бўйин суяк танасига 130º ўтмас бурчак ҳосил қилиб қўшилган. Аёлларда чаноқнинг кенг ва катта бўлишига кўра сон суягининг бўйни тўғри бурчак ҳосил қилиб қўшилади. Сон суяги бўйнининг танага ўтиш чегарасида мушак ёпишишидан пайдо бўлган иккита дўмбоқ – катта кўст (trochanter major) ва кичик кўст (trochanter minor) жойлашган. Катта кўстнинг ичкарисида чуқурча (fossa trochanterica) кўринади. Кўстлар оралиғида орқа томонда қирра (crista intertrochanterica) ва олдинги томонда ғадир-будур чизиқ (linea intertrochanterica) бўлади. Сон суягининг танаси – corpus femoris – олдинга қараб бир оз букилган, уч қиррали думалоқ шаклда бўлиб, орқа томондан бўйига қараб иккита лабдан ташкил топган ғадир-будур қирраси (linea aspera) кўринади. Унинг ичкари томондаги лаби (labium mediale) юқоридаги кичик дўмбоққача давом этади. Дўмбоқлар ўз навбатида оралиқ-тароқсимон чизиққа (linea pectinea) қўшилиб кетади. Ташқи лабсимон чизиқ (labium laterale) эса катта дўмбоқнинг пастигача боради ва думба ғадир-будури (tuberositas glutea)га айланади. Бу жойга думба катта мушаги пайининг бир қисми ёпишади. Иккала лабсимон чизиқлар пастга йўналиб бир-биридан узоқлашади ва тизза ости юзаси (facies poplitea)ни ҳосил қилади. Сон суягининг пастки, йўғонлашган дистал учи орқага қараб бурилган, иккита мушак ёпишадиган ўсиқ билан тугайди. Унинг ички ўсиғи – condylus medialis, ташқи томондаги ўсиғи condylus lateralis дейилади. Ўсиқларнинг олдинги томонида тизза бўғим юзаси (facies patellaris) билан ўзаро туташиб турувчи тизза қопқоғи жойлашади. Ички ва ташқи ўсиқларнинг орқаси ҳамда оралиғида ўсиқлар оралиғидаги чуқурча (fossa intercondylaris) жойлашган. Ҳар бир ўсиқнинг бўғим юзалари ён томони тепароғида биттадан ғадир-будур тепачалар: медиал томонда epycondilus medialis, латерал томонда epycondilus lateralis кўриниб туради. Тизза қопқоғи (patella) – тўрт бошли сон мушаги пайининг орасида жойлашган энг катта сесамасимон суяк. Тизза қопқоғининг олдинги юзаси (facies anterior) ғадир-будур бўлса, орқаси силлиқ бўғим юзаси (facies articularis) сон суяги билан бўғим ҳосил қилади. Унинг кенг асоси basis patellaе ва учи apex patellaе дейилади. Катта болдир суяги (tibia) кичик болдир суягига нисбатан катта бўлиб, юқори учи (epyphis)да медиал дўнг (condulus medialis) ва латерал дўнг (condylus lateralis) бор. Иккала дўнгнинг юқорисида сон суяги билан бўғим тузиш учун ботиқроқ юза (facies articularis superior) жойлашган. Ана шу бўғим юзалар иккита дўмбоқ (медиал дўмбоқ– tuberculum intercondylare mediale, латерал дўмбоқ – tuberculum intercondylare laterale)дан тузилган тепача. Катта болдир суягининг танаси (corpus tibiaе) уч қиррали бўлиб, олдинда ўткир қирра (margo anterior) тери остидан кўриниб туради. Қирранинг тепа томонидаги ғадир-будур тепа – tuberositas tibiaе га қўшилади. Кичик болдир суяги томонида латерал қирра (margo interоsseus)га суяклараро парда ёпишади. Медиал томонда тўмтоқ қирра (margo medialis) бор. Қирралар орасида учта юза тафовут этилади. Улардан медиал силлиқ юза (facies medialis) тери остида, латерал юза (facies lateralis), орқа юза (facies posterior) мушаклар остида жойлашган. Катта болдир суягининг пастки учи (epiphysis distalis) тўртбурчак шаклида бўлиб, медиал томонда пастга қараб махсус ўсиқ – ички тўпиқ (malleolus medialis), унинг орқасида sulcus malleolaris жойлашган. Катта болдир суягининг пастки учида оёқ панжаси суяклари билан бўғим ҳосил қиладиган ботиқ бўғим юзаси (facies articularis inferior) ва ички тўпиқнинг бўғим юзаси (facies articularis malleolari) бор. Катта болдир суягининг латерал томонида кичик болдир суяги жойлашадиган ўйма (incisura fibularis)ни кўриш мумкин. Кичик болдир суяги (fibula) жуда ингичка ва икки учи йўғон бўлиб, юқорида (проксимал учи – epiphysis proximalis) суяк боши (caput fibulae) ва унинг учи (apex capitis fibulae) жойлашган. Унинг медиал юзасида катта болдир суягининг латерал дўнги билан бўғим тузадиган юзаси (facies articularis capitis tibulae) бор. Суяк танаси (corpus fibulae) бир оз буралган, учи қиррали бўлиб, унинг бошчасидан бўйни (collum fibulae) орқали ажралган суяк танаси медиал юзасининг оралиқ қиррасини (margo interosseus) кўриш мумкин. Олдинги юзада margo anterior бўлса, орқа юзада margo posterior жойлашган. Қирралар орасида латерал (facies lateralis), медиал (facies medialis) ва орқа юзалар (facies posterior) ўрнашган.
Суякнинг пастки учи (epiphysis distalis) йўғонлашиб, ташқи тўпиқ (malleolus lateralis) ни ҳосил қилади. Тўпиқнинг бўғим юзаси facies articularis malleoli дейилади. Бўғим юзасининг орқа томонида чуқурча (fossa malleoli lateralis) жойлашган. Оёқ панжаси скелети (ossa pedis) кафт олди қисми (tarsus), оёқ кафти (metatarsus) ва бармоқлар (phalangea digitorum) дан тузилган. Кафт олди қисми (tarsus) еттита калта ғовак суяклардан ташкил топган бўлиб, кафт усти суяклари сингари икки қатор жойлашган; орқа ёки проксимал қатор – иккита (ошиқ ва товон) суякдан иборат, олдинги ва дистал қатор – қайиқсимон, учта понасимон ва кубсимон суяклардан тузилган. Оёқ кафти суяклари (ossa metatarsalia) бешта бўлиб, бош бармоқ томондан I, II ва ҳ.к. ҳисобланади. Ҳар бир кафт суякларининг проксимал учи – асоси (basis), танаси (corpus) ва дистал томонда бошчаси (caput) бўлади, I кафт суяги энг калта ва йўғони бўлиб, II кафт суяги энг узунидир. Кафт суяклари узунасига жойлашган оралиқ билан бир-биридан ажралган. I, II ва III кафт суяклари асосидаги бўғим юзалари I, II ва III понасимон суякларга мос келувчи бўғим юзаларига қўшилиб туради. IV–V кафт суяклари асоси эса кубсимон суяк билан бирлашади. II–IV кафт суяклари икки ёнбошдаги кичкина бўғим юзаси орқали ўзаро бирлашади, I кафт суягининг бўғим юзаси II кафт суягига қараган томонда, V кафт суягидаги бўғим юзаси IV кафт суякка қараган томонда бўлади. V кафт суягининг латерал томонидаги ғадир-будур тепача (tuberositas ossis metatarsalis) И кафт суягининг пастки юзасида (tuberositas ossis metatarsalis) бўлади. Оёқ бармоқларининг суяклари – фалангалар (ossa phalangis) қўл бармоғи суякларига ўхшаб тузилган бўлиб, бош бармоқлардан ташқари (бош бармоқда иккита фаланга бўлади) II–V бармоқларда учтадан бармоқ суяклари бўлади. Биринчи бармоқ суяги калтароқ, йўғонроқ, қолганлари бир оз узунроқ. Тирноқ фалангалари ғадир-будур дўмбоқчалар (tuberositas phalangis distalis) билан тугайди. 1.8. Бош скелети Энса суягининг палласи – squama occipitalis ташқи томонга қавариб, ички юзаси ботиқ бўлиб эгилган сербар пластинка – палладан (squama occipitalis) иборат. Энса суягининг ташқи юзаси марказида, ташқи энса дўмбоғи (суякланиш нуқтасининг ўрни) – protuberantia occipitalis externa бўлиб, унинг иккала томонида кўндаланг йўналган ғадир-будур чизиқлар – linea nuchae superior кўринади. Аммо шу чизиқдан юқорироқда параллел жойлашган энг юқори ғадир-будур чизиқ – linea nuchae suprema жойлашган. Энса дўмбоғидан пастга энсанинг ташқи қирраси – crista occipitalis externa йўналади. Ана шу қиррадан икки ёнбошга – linea nuchae inferior чизиқлари тарқалади. Понасимон суяк (ос sphenoidale)нинг катта ва кичик қанотлари – alae majorеs et minores учаётган кўршапалак шаклига ўхшаш бўлиб, суяк танаси – corpus sphenoidale га бирлашади. Понасимон суяк танасининг калла бўшлиғига қараган юқори юзасининг ўрта қисмида эгарчага ўхшаш чуқурча – турк эгари (sella turcica)нинг туби – fossa hypophysialis бўлиб, бунда миянинг пастки ортиқ бези – гипофиз жойлашади. Эгарчанинг олдинги томонида кўндалангига жойлашган дўмбоқча – эгар қоши – tuberculum sellae ва кўриш нервларининг кесишмаси жойлашган эгатча – sulcus chiasmaticus бор. Улар иккала томонда кўз бўшлиғига очиладиган кўриш каналчалари – canales optici тешигига туташади. Бу каналчалар орқали калла бўшлиғидан кўриш нервлари ўтади. Турк эгари орқа томонда эгар суянчиғи – dorsum sellae билан чегараланади. Понасимон суяк танасининг икки ёнбошида уйқу артерияси жойлашадиган эгатча – sulcus caroticus бор. Понасимон суяк танасининг олдинги ва пастки юзаси ўртасида қирра – crista sphenoidalis бўлиб, унинг иккала томонидаги суяк пластинкалар понасимон чиғаноқнинг – conchaе sphenoidales бир жуфт суяк кавакларини sinus sphenoidalis чегаралаб туради. Ўнг томондаги бўшлиқ чап томондаги бўшлиқдан сагиттал тўсиқ (septum sinum sphenoidalium) орқали ажралиб туради. Бу бўшлиқлар (каваклар) кавак тешикчаси – aperturae sinus sphenoidalis орқали бурун бўшлиғига очилган. Кичик қанот билан катта қанот оралиғида жойлашган юқори кўз ёриғи – fissura orbitalis superior кўз косасини мия бўшлиғига қўшиб туради, у ердан уч шохли нервнинг тармоғи ҳамда бошқа нервлар ўтади. Кичик қанот мия бўшлиғи тубини, кўз косаси юқори деворини ташкил қилишда қатнашади. Танасининг паст томонида иккита қанотсимон ўсиқлар – processus pterygoideus жойлашган. Ўсиқнинг тубидаги найча – canalis pterygoideus сагиттал йўналишда жойлашган бўлиб, каналдан нерв ва қон томирлар ўтади.
Қанотсимон ўсиқларнинг ҳар бири медиал (lamina medialis) ва латерал пластинка (lamina lateralis)дан тузилган. Қанотсимон ўсиқнинг олдинги чеккасидан эгатча – sulcus pterygoideus ўтади. Орқа томонда processus pterygoideus пластинкалари бир-биридан узоқлашиб, fossa pterygoidea ни ҳосил қилади. Паст томондаги чуқурча, ўйма – incisura pterygoidea гача давом этади. Қанотсимон ўсиқнинг медиал пастинкаси латерал пластинкага нисбатан ингичка ва узунроқ бўлиб, пастда илмоқ – hamulus pterygoideus ни ҳосил қилади. Катта қанотнинг танага яқин жойида юмалоқ тешик – foramen rotundum, чўзинчоқ тешик – foramen ovale ва ўткир қиррали тешик – foramen spinosum жойлашган. Юмалоқ ва чўзинчоқ тешиклардан уч шохли нерв тармоқлари ўтса, ўткир қиррали тешикдан мия пардасига борувчи артерия ўтади. Катта қанотнинг олдинги чеккаси юқорига давом этиб, пешона суяги билан бирлашади. Чакка суяги (ос temporale) бир жуфт бўлиб, мураккаб тузилган. Унда эшитиш, мувозанатни сақлаш аъзолари жойлашган. Чакка суяги тўрт қисмдан иборат: палла (танга) – pars squamosa, ноғора – pars tympanica, пирамида (тошсимон) – pars petrosa ва сўрғичсимон – pars mastoidea қисмлардир. Ана шу қисмлар янги туғилган чақалоқларда алоҳида жойлашган бўлиб, бола бир ёшга етганда суякланиб, бирлашади ва битта бутун чакка суягини ҳосил қилади. Чакка суягининг тўрттала қисми ташқи эшитув йўли – meatus acusticus externus атрофида жойлашган. Пирамида ичида эшитиш ва мувозанатни сақлаш аъзолари бўлиб, улар турли ташқи таъсиротлардан сақланиб туради. Пирамиданинг олдинги юзасида – facies anterior (пирамиданинг учи яқинида) бош мия учлик нерв тугунининг чуқур изи – impressio trigemini жойлашган. Чуқурчанинг ён томонида иккита параллел жойлашган нозик эгатча бор, медиал томонда – sulcus n. petrosi majoris ва латерал томонда – sulcus n.petrosi minoris эгатчалар hiatus canalis n.petrosi majoris et minoris номли тешикчаларга давом этади. Олдинги юзанинг орқа бағрида ярим доира – semicanalis каналининг (ички қулоқ тузилишига қаранг) туртиб чиқишидан вужудга келган тепа – eminentia arcuata бор. Ниҳоят пирамиданинг олдинги юзаси ноғора бўшлиғининг томи – tegmen tympani ҳолатида жойлашган. Пирамиданинг орқа юзаси – facies posterior да жойлашган ички эшитув тешиги – porus acusticus internus орқали бош миянинг юз ва эшитув нервлари, ички эшитув қон томирлари ўтади. Пирамиданинг пастки юзаси – facies inferior калланинг тубига қараган бўлиб, бигизсимон-сўрғичсимон тешик – foramen stylomastoideum орқали юз нерви калла бўшлиғидан ташқарига чиқади. Бигизсимон ўсиқнинг медиал томонида бўйинтуруқ чуқурча – fossa jugularis бор. Бу чуқурча энса суягидаги чуқурча билан қўшилиб, бўйинтуруқ тешиги – foramen jugulare ни ҳосил қилади. Бу ердан ички уйқу артериясининг калла бўшлиғига ўтадиган ташқи тешик – foramen caroticum externum яққол кўриниб туради. Ички тешик – foramen caroticum internum эса пирамида учида жойлашган. Пирамиданинг олдинги чеккаси – margo anterior суякнинг палла қисми билан ўткир бурчак ҳосил қилиб қўшилади, шу ердан мушак-най канали – canalis musculotubarius нинг оғзи кўринади, бу каналнинг иккинчи тешиги эса ўрта қулоқ бўшлиғига очилади. Канал тўсиқ орқали иккита ярим каналга ажралган, юқоридаги кичик бўлагидан (semicanalis m.tensoris tympani) ноғора пардани таранг қиладиган мушак бошланади, пастки каттароқ бўлаги (semicanalis tubae auditivae) эшитув найчасининг суяк бўлагини ташкил қилади. Сўрғичсимон қисмида (processus mastoideus) ўсиқ бўлиб, у ташқи эшитув йўли орқасида туради. Бу ўсиққа тўш-ўмров сўрғичсимон мушаги – m.sternocleidomastoideus ёпишади. Сўрғичсимон ўсиқнинг медиал томонида иккита қоринчали мушак ёпишадиган чуқур ўйма – incisura mastoidea бор. Ўймадан параллел равишда (ичкари томонда) энса артериясининг эгати – sulcus arteriae occipitalis ўтади. Сўрғичсимон ўсиқнинг ташқи юзасини текис учбурчак шаклидаги бўлакча эгаллаган. Сўрғичсимон ўсиқнинг ички тузилиши кўпгина катаклардан – cellulae mastoideaе тузилган бўлиб, ўрта қулоқ билан қўшилган.
Сўрғичсимон ўсиқнинг мия юзаси (facies cerebralis)да сигмасимон (С) эгатча – sulcus sinus sigmoidei бор. Чакка суягининг каналлари: уйқу артерияси канали – canalis caroticus, пирамиданинг пастки юзасида жойлашган foramen caroticum externum дан бошланиб, юқорига кўтарилади ва тўғри бурчак ҳосил қилиб, уйқу артерияси каналининг ички тешиги – foramen caroticum internum да тугайди. Каналдан шу номдаги артерия ўтади. Юз нервининг канали – canalis facialis ички эшитув тешигининг тубидан бошланиб, аввал кўндалангига йўналиб боради, сўнгра орқа ва пастга қайрилиб, тизза – genuculum canalis facialis ни ҳосил қилади, кейин пастга қараб йўналади ва foramen stylomastiodeum бўлиб тугайди. Тепа суяги (ос parietale) бир жуфт бўлиб, калла қопқоғининг ўрта қисмини ташкил қилади. Унинг олдинги чеккаси margo frontalis пешона суягининг палласига бирлашади, юқори чеккаси – margo sagittalis эса иккинчи томондаги тепа суягининг худди шундай чеккаси билан ўрта чизиқда бирлашади. Орқа чеккаси – margo occipitalis энса суягининг палласига бирлашади. Палла чеккасининг (margo squamosus) олдинги қисми понасимон суякнинг катта қаноти билан, ўрта ва орқа бўлаги эса чакка суяги палласи билан тишлашиб бирлашади.
Тепа суягининг олд, тепа ва орқа чеккалари тишли қиррани ҳосил қилса, пастки (тўртинчи) қирраси ташқи томондан қийшиқ ҳолда қирқилган бўлиб кўринади. Тепа суягининг тўртта бурчаги бор: биринчи – олдинги-юқори пешона бурчак – angulus frontalis; иккинчи – олдинги-пастки понасимон бурчак – angulus sphenoidalis; учинчи – орқадаги-юқори энса бурчак – angulus occipitalis ва тўртинчи – орқадагипастки сўрғичсимон бурчак – angulus mastoideus лардир. Пастдаги иккита параллел чизиқнинг юқоридагиси – linea temporalis superior чакка фасциясининг бирикадиган жойи бўлса, иккинчиси чакка мушагининг (m.temporalis) ёпишадиган пастки чизиғи (linea temporalis inferior) дир. Тепа суягининг ички ботиқ (facies interna) юзасидан артерия эгатчалари – sulci arteriosi ҳамда мия қийиқларининг излари – foveolae granulares яққол кўринади. Булардан ташқари, тепа қирра бўйлаб давом этган ва сўрғичсимон ўсиқ билан бирлашадиган бурчак соҳасида жойлашган эгатчалар бор. Пешона суяги (ос frontale) битта бўлиб, калла қопқоғининг олдинги қисмини ташкил қилади.
Пешона суягининг бу қисми сезги аъзолари (кўриш ва ҳид билиш аъзолари) билан узвий боғлиқ. Пешона суяги вертикал жойлашган палла қисми – squama frontalis ва горизонтал бўлакка ажратилади. Горизонтал бўлак бир жуфт кўз косаси (pars orbitalis) ва бурун қисми (pars nasalis) дан ташкил топган. Пешона суяги калла суякларининг палласи сингари ташқи томонга бўртиб чиққан пластинкадан иборат бўлиб, унда иккита юза тафовут қилинади. Булардан бири ташқарига қараган қавариқ юза – facies externa ва ичкари – мияга қараган (facies interna) ботиқ юзадир. Пешона суягининг ташқи юзасида бир жуфт пешона дўмбоғи – tuber frontalis кўриниб туради. Дўмбоқларнинг қоқ ўртасида чуқурча – glabella бор. Палланинг мия юзасида булардан бошқа артерия эгатчалари – sulci arteriosi мия қийиқларининг изларини кўриш мумкин. Пешона суягининг кўз косаси қисми – pars orbitalis горизонтал жойлашган бир жуфт юпқа пластинкадан иборат. Пешона суяги кўз косасининг ўртаси ғалвир суяги жойлашадиган эгатча – incisura ethmoidalis билан ажралган. Эгатчада ғалвир суягининг пластинкаси – lamina cribrosa жойлашган. Кўз косасининг юқори (мия) юзасида (facies cerebralis) impressiones digitatae ва juga cerebralia (БНА) кўриниб туради. Пастки юзаси (facies orbitalis) силлиқ ботиқ бўлиб, кўз косасини юқори томондан чегаралаб туради. Латерал бурчагида кўз ёши безининг чуқурчаси – fossa glandulae lacrimalis ва медиал томонда билинарбилинмас ғалтаксимон чуқурча – fovea trochlearis ва ўсиқ – spina trochlearis бўлади. Уларга тоғай ғалтак – trochlea ёпишади; унга кўз соққасининг юқори қийшиқ мушак пайи бирикади. Пешона суягининг бурун бўлаги – pars nasalis ғалвирсимон ўйманинг олдинги томонида жойлашган. Унинг ўрта қисмида ўткир қилтаноқ (spina nasalis) бўлади. Қилтаноқ бурун тўсиғи – septum nasi ни ҳосил қилишда қатнашади. Қилтаноқнинг икки ёнида бир жуфт пешона бўшлиқлари (sinus frontalis) бўлади. Каваклар сагиттал тўсиқ – septum sinus frontalium билан ажралган. Ғалвир суяк юз суяклари орасида марказда, бурун бўшлиғининг пешона суяги эгати тепасида жойлашган. У горизонтал ўрнашган ғалвирсимон нафис пластинка – lamina cribrosa билан калла суягининг тубини (craniум cerebrale), каллада кўз косаси медиал деворини ҳосил қилишда қатнашади.
Ғалвир суяк 3 қисмдан иборат: горизонтал жойлашган ғалвирсимон пластинка (lamina cribrosa), пастга йўналган перпендикуляр пластинка (lamina perpendicularis) ва унинг ёнида жойлашган лабиринтлар (ғовакчалар) labirintus ethmoidales дир. Ғалвирсимон пластинканинг жуда кўп тешикчалари бўлиб, улар орқали бурун бўшлиғига ҳидлаш нервининг толалари ўтади. Пластинканинг қоқ ўртасида хўроз тожига ўхшаш ўсиқ – crista galli кўриниб туради. Бош миянинг қаттиқ пардаси шу тожга ёпишади. Ўсиқ олдинги томонга бир жуфт қанотсимон ўсиқ – ala cristaе galli бўлиб давом этади ва пешона суяги билан бирга кўр тешик – foramen caecum ни ҳосил қилади. Ғалвир суягида бир жуфт катта-кичик суяк катаклари (cellulae ethmoidales) бор.
Катаклар латерал томонда қоғозсимон юпқа пластинка ёки кўз косаси пластинкаси (lamina orbitalis) билан қопланган бўлиб, медиал деворни ҳосил қилади. Ғалвир суякнинг олдинги катаклари пешона суяги катаклари (sinus frontales) билан, орқадаги катаклари эса понасимон суяк катаги (sinus sphenoidalis) билан туташиб туради. Лабиринтнинг медиал томонларида тепа ва пастки чиғаноқлар conchaе nasalis superior et media жойлашган. Баъзида энг тепада жойлашган учинчи бурун чиғаноғи concha nasalis suprema ҳам учрайди. Юқори жағ (maxilla)нинг танаси ва тўртта ўсиғи бор: танаси – corpus maxillaе нинг ичида ҳаво сақланадиган турли шаклдаги бўшлиқ (Гаймор бўшлиғи) – sinus мaxillaris бўлиб, бурун бўшлиғига тешик – hiatus мaxillaris орқали очилади. Танасида тўртта юза (олдинги, чакка ости, кўз косаси ва бурун бўшлиғи юзаси) тафовут қилинади. Олдинга ёки юзага қараган – facies anterior нинг пастки томонида тиш илдизларидан пайдо бўлган тепачалар – juga alveolaris бор, шу тепачалар юқорисида – латерал томонда ит чуқурчаси (кулдиргич) – fossa canina ўрин олган. Ана шу чекканинг пастида жойлашган кўз косаси остидаги тешик – foramen infraorbitale орқали қон томир ва нерв ўтади. Юқори жағ дўмбоғи – tuber maxillaе нинг орқа томонда майда тешикчалар – foramina alveolari мавжуд. Бу тешикчалардан юқорида жағ тишларига борадиган қон томирлар ва нервлар ўтади. Жағ дўмбоғининг медиал томонида катта танглай эгатчаси – sulcus palatinus major бўлиб, танглай суягига бирлашади ва canalis palatinus ни ҳосил қилади. Юқори жағ танасининг бурунга қараган юзаси – facies nasalis бурун бўшлиғининг латерал деворини ҳосил қилишда қатнашади, танглай суяги пастки бурун чиғаноғи билан бирлашади ва пастда танглай ўсиғининг юқори юзасига ўтиб кетади. Facies nasalis да иккита ғадир-будур қирра бўлиб, улар crista ethmoidalis (ўртадаги қирра) ва crista conchalis (пастдаги қирра) деб аталади, уларга бурун чиғаноқлари ёпишиб туради. Кўзга қараган юзаси – facies orbitalis текис, бир оз ботиқроқ учбурчак шаклидаги пластинкадан иборат бўлиб, кўз косасининг пастки деворини ташкил қилади. Медиал чеккаси кўз ёши суяги, ғалвир суягининг кўз косасига қараган пластинкаси ва танглай суягининг кўз ўсиғи (processus orbitalis) билан бирлашиб туради. Юзанинг орқа чеккаси кўз косасининг пастдаги ёриғи – fissura orbitalis inferior билан чегараланган. Орқа чеккадан кўз косасининг остидаги эгатча – sulcus infraorbitalis бошланади ва олдинги томонга давом этиб, canalis infraorbitalis га айланади, канал кўз косасининг пастки тешиги – foramen infraorbitale юз соҳасига очилади.
Пастки тешикдан қон томирлар ва нервлар чиқиб тарқалади. Юқори жағнинг пешона ўсиғи (processus frontalis) пешона суягига қўшилади. Пешона ўсиғининг латерал юзасида олдинги кўз ёши қирраси – crista lacrimalis anterior жойлашган бўлиб, пастки томонда кўз косасининг остки чеккаси (margo infraorbitalis)га ўтиб кетади ва пешона ўсиғи билан ёш ўймаси – incisura lacrimalis ни олдиндан чегаралаб туради.
Пешона ўсиғининг чеккаси кўз ёши суяги билан бирлашиб, кўз ёши халтачасининг чуқури – fossa sacci lacrimalis ни ҳосил қилади. Тишлар турадиган алвеолалар ўсиғида (processus alveolaris) саккизта тишнинг илдизи жойлашадиган катаклар (alveoli dentales) бор. Танглай ўсиқлари ўзаро бирлашиб қаттиқ танглай (palatum osseum)ни ҳосил қилади. Бир жуфт танглай суяги, кўз косаси, бурун бўшлиғи, оғиз бўшлиғи ва қанот-танглай чуқурининг ҳосил бўлишида қатнашади. Суякнинг горизонтал пластинкаси lamina horizontalis орқа томондан юқори жағ суягининг танглай ўсиғи (processus palatinus maxillaе) га бирлашиб, қаттиқ танглай – palatum osseum ни ҳосил қилади. Горизонтал пластинка қарама-қарши томондаги ана шу номли пластинка билан бирлашади ва бурун қиррасининг давоми – crista conchalis ни вужудга келтиради. Орқа тараф чеккаси оз-моз букилган бўлиб, хоаналарнинг пастки чеккасини ҳосил қилади. Горизонтал пластинканинг латерал чеккаси вертикал пластинкага бирлашган. Унинг пастки юзасида жойлашган катта танглай тешиги – foramen palatinum majus шу номли канал – canalis palatinus га давом этади. Танглай суягининг учта: пирамидасимон, кўз ва понасимон ўсиқлари бор.
Пирамидасимон ўсиқ – processus pyramidalis танглай суягининг вертикал пластинкаси билан горизонтал пластинка бирлашган ердан бошланади. Бу ўсиқ пастга, орқага, латерал томонга йўналиб, бутун каллада понасимон суякнинг қанотсимон ўсиғидаги ўйма – incisura pterygoideus ни тўлдириб туради. Улардаги майда каналчалар canalis minores дан қон томир ва нервлар ўтади. Processus orbitalis ён ва олдинги томонга йўналиб, кўз косасининг тубини ҳосил қилишда қатнашади ва ғалвирсимон суяк катакчаларини бир оз бекитиб туради. Понасимон ўсиқ – processus sphenoidalis – медиал ва орқа томонга йўналиб, понасимон суяк танасига бирикади. Бу иккала ўсиқ вертикал пластинканинг юқори чеккасида жойлашган бўлиб, ўзаро понасимон танглай ўймаси – incisura sphenopalatina ни ҳосил қилади. Бу ўйма понасимон суякнинг танаси билан қўшилганда қанот-танглай тешиги (foramen sphenopalatinum)га айланади. Буруннинг пастки чиғаноғи (concha nasalis inferior) бир жуфт суяк ҳамда юпқа букилган пластинкадан иборат. Унинг юқори чеккаси бурун бўшлиғининг ёнбош деворига ёпишиб туради. Суякнинг медиал бўртиб турган юзаси бурун бўшлиғига туртиб кириб, буруннинг ўрта йўлини пастки йўлдан ажратиб туради.
Бурун суяги (ос nasale). Бир жуфт бурун суяги бурун қиррасини ҳосил қилади. Бурун кўз косаси медиал деворини ҳосил қилишда қатнашади. Латерал юза қиррасида жойлашган эгатча (sulcus lacrimalis) юқори жағ суягининг пешона ўсиғида шу номли эгат билан қўшилиб, кўз ёши халтасининг чуқурчаси (fossa sacci lacrimalis)ни ҳосил қилади. Паст ва олдинги томондан кўз ёши суяги юқори жағ суягининг пешона ўсиғи билан, орқадан ғалвир суягининг кўз косасига қараган пластинкаси, юқоридан пешона суяги билан бирлашиб туради. Димоғ суяги (vomer) нотўғри тўртбурчак шаклдаги юпқа пластинкадан иборат тоқ суяк бўлиб, бурун тўсиғини ҳосил қилишда қатнашади.
Суякнинг олдинги чеккаси ғалвир суягининг перпендикулар пластинкаси билан туташади. Орқа чеккаси бўш бўлиб, бурун бўшлиғининг орқа қисми – хоанани иккига ажратиб туради. Димоғ суяги кўпинча чап томонга сал қайрилиб жойлашади. Бир жуфт кўз ёши суяги калла суякларининг энг юпқа суякларидан ҳисобланади. Бу суяк юқори жағ суяги пешона ўсиғи processus frontalis нинг орқа томонида жойлашган ва кўз косасининг медиал деворини ҳосил қилишда қатнашади. Четки юзасида жойлашган эгатча (sulcus lacrimalis) юқори жағ суягининг чуқурчаси fossa sacci lacrimalis ни ҳосил қилади. Пастки ва олдинги томондан кўз ёши суяги юқориги жағ суягининг пешона ўсиғи билан, орқадан ғалвир суягининг кўз косасига қараган пластинкаси, юқоридан пешана суяги билан бирлашиб туради. Ёноқ суяги юз суяклари орасида энг қаттиғи бўлиб, калланинг юз қисмини мия бўлагига нисбатан мустаҳкамлаб туради. Ёноқ суяги чайнов мушагининг кенг сатҳини ҳосил қилади. Бу суяк лунж ва кўзга қараган иккита пластинкадан иборат бўлиб, ўзаро кўз ости чеккаси (margo infraorbitalis) орқали қўшилади. Ёноқ суягининг жойлашган жойига қараб учта юза ва иккита ўсиқ тафовут қилинади. Facies lateralis тўрт қиррали юлдуз шаклида бўлиб, унда дўмбоқ – tuber malare бор. Орқа юзаси (facies temporalis) силлиқ бўлиб, шу номли чуқурчага қараб туради. Учинчи юзаси facies orbitalis кўз косасининг деворини ҳосил қилишда қатнашади. Пешона ўсиғи – processus frontalis пешона суягининг ёноқ ўсиғидаги понасимон суяк қаноти билан қўшилиб туради.
Download 37,97 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish