2-боб. Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш 13. Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
реклама жойининг паспорти;
техник чизмаси мавжуд бўлганда.
Транспорт воситаларининг ҳаракатланиш зонасида иш олиб боришда, реклама конструкцияси эгаси реклама конструкциясини ўрнатиш ёки демонтаж қилишда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишлари керак.
14. Ташқи рекламани йўл четидаги махсус ҳудудда ўрнатишга рухсат этилади, бунда ажратувчи йўлакларда ва йўл четидан 1 метр ва ундан кам бўлган масофада жойлашган ташқи реклама объектлари (конструкциялар) ҳайдовчи ва пиёдалар учун кўришни чекламаслиги лозим.
Йўл четида алоҳида турувчи ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатишда, конструкция четлари йўлнинг қатнов қисмидан ортиқ чиқмаслиги керак.
Автомобиль йўллари оралиғида жойлашган ташқи реклама объектларининг (конструкцияларининг) горизонтал узунлиги йўллар оралиғидаги масофа узунлигидан ошмаслиги керак.
Реклама майдонининг пастки четидан йўл қопламаси юзасигача бўлган масофа 5 метрдан кам бўлмаслиги ва техник восита конструкцияси транспорт воситалари хайдовчилари учун кўришни чекламаслиги лозим.
Қуйидаги жойларга ташқи рекламанинг алоҳида турган объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш тақиқланади:
троллейбусларнинг алоқа тармоқлари мавжуд бўлганда, уларнинг йўлга чиқиш қисмига;
қатнов қисмида ва пиёдалар йўлакчаларида;
жамоат транспорти бекатларида;
йўл ва кўчалар четларида 5 метрдан паст баландликда;
бевосита туннелларга кириш ва чиқиш жойлари ёнида ва улардан 5 метрдан яқин бўлмаган масофада.
15. Юқори кучланишли электр узатиш линиялари остида ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарори билан тасдиқланган Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
16. Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ва ахборот маълумотларини бино, иншоот ёки уларнинг мажмуасида (том, фасад, деворлар) ўрнатиш биноларнинг меъморий элементларига, меъморий ечимларига, шаҳарсозлик ва ушбу биноларнинг мулкдорларига зиён етказмасдан амалга оширилиши, уларнинг барча ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузмаслиги, аҳолининг тўлақонли яшаш муҳити, тарихий ва маданий мероси ва меъморий ландшафтини сақлаш ва шакллантиришга ҳисса қўшиши керак.
Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) бинолар, конструкциялар ва конструкцияларнинг ташқи деворларига ёки томларига жойлаштиришда ушбу объектларнинг асосий конструкциялари элементлари техник ҳолатини ҳисобга олиш керак.
Бинолар, конструкциялар, ёки уларнинг мажмуалари (том, фасад, деворлар) юзасига ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш жорий даврда ушбу объектларни ўз балансида сақловчи шахс билан келишилган бўлиши керак.
Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) бозор (савдо марказлари) ва савдо майдонлари, шунингдек, бошқа муассасаларнинг очиқ ҳудудларида ўрнатиш ушбу Низом талабларига мувофиқ конструкция эгаси ва уларнинг баланс бўйича эгалари билан ўзаро келишуви орқали амалга оширилади.
17. Реклама конструкциясини ўрнатиш (монтаж қилиш), ундан фойдаланиш ва олиб ташлаш бўйича ишлар конструкция эгаси томонидан ер участкаси, бино ва бошқа мулкнинг мулкдори (балансда сақловчиси) ёхуд ушбу мулк эгаси томонидан ваколатланган шахс билан, электр таъминоти тармоқларига уланганда эса қўриқланадиган зона ҳудудида электр таъминоти линиялари ва ташқи ёритиш тармоқлари ускуналаридан фойдаланувчи ташкилот билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Агар ташқи реклама ва ахборотнинг техника воситасини ўрнатиш учун ерни кавлаш ёки ер ишларига боғлиқ бошқа ишларни бажариш талаб этилса, бундай ишларни бажариш учун тегишли қурилиш, ички ишлар, ободонлаштириш хизматлари ва бошқа органлар билан келишилган ҳолда ваколатли орган томонидан бажарилиши керак ва барча тасдиқловчи ҳужжатлар жамланиб, «Е-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдони орқали электрон аукцион савдосида ютиб чиққанда реклама жойи паспорти билан бериладиган ҳужжатлар тўпламига киритилган бўлиши керак.
Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун олинадиган реклама жойининг паспорти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари марказларига ариза ёзиш орқали олинади, бунда ушбу Низомда кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар ва келишувлар тегишли давлат хизмат кўрсатиш марказлари томонидан жамланади. Шу билан бирга, ташқи реклама оператори Давлат хизматлари марказларига ташқи реклама объектини (конструкциясини) ўрнатиш таклиф этилаётган бино ёки иншоотларни балансда сақловчиси билан келишув буюртмасини ва ташқи реклама объектининг (конструкциясининг) индивидуал лойиҳасини тақдим этади.
Юқорида санаб ўтилган келишувлар реклама жойининг паспортига киритилиши ёки ёзма шаклда келишилаётган ташкилотларнинг бланкаларида мавжуд бўлиши керак.
18. Реклама объекти эгасининг рекламаси ҳисобланмайдиган, бозорлар (савдо марказлари), ёқилғи қуйиш шохобчалари, чакана савдо дўконларида ва бошқа объектларда ўрнатилган ва шаҳар муҳитига қаратилган реклама безаклари ташқи реклама ҳисобланади ва мазкур Низомга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.
19. Ўлчами 500 кв. сантиметрдан кам бўлган ташқи реклама учун ҳақ ундирилмайди.
20. Ташқи реклама объектлари (конструкциялари) реклама майдонининг паспорт рақами ва объект эгасининг алоқа маълумотларини кўрсатган ҳолда расмийлаштирилиши керак.