2.3. Ўзбекистоннинг ҳудудий геоэкологик муаммолари
Республикамизнинг Биринчи президенти И.А.Каримов ўзининг “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида (1997) экологик хавфсизлик ва ва атроф муҳитни муҳофазаси масаласини миллий хавфсизликка қарши яширин таҳдид сифатида эҳтироф этади. И.А.Каримов мазкур асарида мамлакатимиздаги экологик ҳолатни таҳлил қилар экан шундай иборани қайд этади: “Асрлар туташ келган паллада бутун инсоният, мамлакатимиз аҳолиси жуда катта экологик хавфга дуч келиб қолди. Буни сезмаслик, қўл қовуштириб ўтириш – ўз-ўзини ўлимга маҳкум этиш билан баробардир...” Дарҳақиқат, мамлакатимизда кузатилаётган экологик ҳолат бугунги кунда нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун Марказий Осиё минтақаси, қолаверса бутун инсониятнинг умумий муаммосига аланиб улгурди. И.А.Каримов Ўзбекистондаги экологик вазиятга баҳо берар экан, энг асосий тўртта муаммони алоҳида таъкидлаб ўтади. Улар қуйидагилар:
1) Ер ресурсларининг чекланганлиги ва уларнинг сифат таркиби билан боғлиқ муаммолар;
2) Ер ости ва ер усти сув заҳираларининг тақчиллиги ҳамда ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар;
3) Орол денгизининг қуриб бориши ва у билан келиб чиқаётган муаммолар;
4) Ҳаво бўшлиғини ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар.
Ер ресурсларининг чекланганлиги ва уларнинг сифат таркиби билан боғлиқ муаммолар. Қуруқ иқлим шароитида чегараланган ҳолда суғориладиган ва лалмикор ерлардан ниҳоятда омилкорлик билан ва оқилона фойдаланишии ҳаёткинг ўзи тақозо қилмоқда. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг унинг иқтисодий аҳволини яхшилаш, аҳолини мўл-кўл дон, полиз, сабзавот, чорва маҳсулотлари билан етарли даражада таъминлаш масаласи кўндаланг бўлиб турган бир вақтда муаммонинг аҳамияти янада беқиёс даражада ортмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистон энг аввало ғалла, гўшт, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг аҳоли жон бошига тўғри келадиган меъёрлари бўйича ўз-ўзини йил давомида тўла-тўкис таъминлашга тезда эришиши керак. Бунинг учун суғориладиган ерлардан олинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг гектар ҳисобига етиштириладиган миқдори барча жойларда юқори даражада бўлиши зарур. Бу ўз навбатида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашни, тупроқлар маҳсулдорлигини кўтаришни, ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланишни тақозо этади.
Ўзбекистонда барча суғориладиган ерларнинг майдони 4,2 млн. га дан ортиқ. Чалачўл ва чўл минтақаларидаги воҳалар асосан сойларнинг ёйилмаларида, дарёларнинг террасалари ва дельталарида жойлашган. Воҳалардаги обикор деҳқончиликнинг тараққий қилиши кўҳна тарихга эга, чунки ўша вақтларда ота-боболаримиз сойлар ёйилмалари, дарё террасалари ва дельталаридаги ерларнинг ҳайдаш, суғориш ва экин-тикин билан шуғулланишга анча қулайлигини яхши билганлар. Хоразм. Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Шаҳрисабз воҳалари 2—2,5 минг йил, балким ундан ҳам кўп вақтдан буён суғорилиб келинади. Самарқанд воҳасида агроирригация ётқизиқларининг қалинлигини мутахассислар 2—2,5 м ва ундан кўпроқ деб баҳолаганлар.
Суғориладиган ерлардан жойларнинг литологик-геоморфологик хусусиятларига қараб фойдаланиш самарадорлиги турлича. Масалан, ёйилмаларнинг юқори қисмларида (Соҳ, Исфара ва б.) релғеф қиялиги каттароқ (0,02—0,008) бўлганлиги туфайли бу ерлар суғорма эрозиясига мойил бўлса, этак қисмларининг аллювиал ётқизиқлари таркибида сувда ерийдиган тузлар кўпроқ. Худди шундай аҳволни дарё дельталарининг (Бухоро, Қоракўл, Қашқадарё, Шеробод, Амударё ва бошқ.) ўрта ва қуйи қисмларида ҳам кузатиш мумкин. Лекин дельталарнинг юқори қисмларида қиялик камлигидан эрозия бўлмаган тақдирда ҳам, ер ости сувлари сатҳи ер бетига яқин туради, аммо уларнинг оқими яхши бўлганлигидан шўр кам бўлади. Дарёларнинг 2 ва 3-террасалари (Марказий Фарғона, Мирзачўл ва б.) турли тузларга тўйинган аллювиал ётқизиқлардан ташкил топганлиги туфайли тупроқ шўрланган.
Экинларни суғоришда гидроморф мелиоратив усулнинг қўлланилиши грунт сувлари сатҳининг ер бетига яқин жойлашиши (1—3 м) га олиб келган. Ётқизиқлар таркибидаги тузларнинг грунт сувлари таъсирида ериши сабабли грунт сувининг минераллашув даражаси қуйидан юқори томон ортиб боради ва буғланиш жараёнида тупроқда тузларнинг тўпланиши содир бўлади.
Тупроқнинг сув-туз режимини бошқариш гидроморф ва яримгидроморф мелиоратив шароитда ўта мураккаб масала. Шунинг учун ҳам Республикамиздаги жами суғориладиган ерларнинг қарийб ярми турли даражада шўрланган. Айниқса, Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари, Марказий Фарғонанинг ерларини шўр босган.
Суғориладиган ерлар сув ва шамол эрозияси туфайли ҳам жиддий зарар кўради. Республика Фанлар академияси тупроқшунослик ва агрокимё институтининг маълумотига кўра, барча ҳайдаладиган ерларнинг 1422 минг гектарида сув эрозияси рўй беради. Шу жумладан лалми ерларда 700 минг га майдонда жала зрозияси, 722 минг га майдонда суғорма эрозия, 40 минг га дан мўлроқ майдонда жар эрозияси содир бўлмоқда. Шамол эрозияси ҳам 2 млн. га майдонда рўй беради. Эрозияга дучор бўлган ерларда ҳосил эрозияга учрамаган ерларга писбатан икки-уч марта кам бўлади. Суғорма эрозия кўпроқ Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги тоғ этаклари ва адирлар қия ён бағирларини ўзлаштирилиши натижасида содир бўлади.
Ўзбекистон мустақил Республика деб эълон қилингунга қадар пахта ва шоли якка ҳокимлиги барча суғориладиган ерларнинг ориқланишига олиб келди. Ҳосил миқдорини кўпайтириш орқасидан қувиш натижасида алмашлаб экиш тартиби бузиб келинган, чорвачиликни ривожлантиришга эътибор берилмаган, бунинг оқибатида тупроқ ориқланиб борган, унинг маҳсулдорлигини ошириш мақсадида кўплаб миқдорда турли минерал ўғит ва ҳар хил пестицидлар тупроққа солиб келинган.
Хлорорганик пестицидлардан ДТТ нинг қўлланиши 1983 йилда ман этилган. Лекин у секин парчаланганидан тупроқда миқдори кўп 1993 йил маълумотларига қараганда ДДТ нинг айрим хўжаликлар тупроқларидаги қолдиқ миқдори йўл қўйиш мумкин бўлган миқдордан анча кўп. Хусусан Бухоро, Самарқанд вилоятларида кўпроқ эканлиги аниқланган.
Заҳматкаш халқимизда «Сен ерга боқсанг, ер сенга боқади» деган ажойиб нақл борки, у амалда неча бор синалган. Шу жиҳатдан қаралганда ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланган ҳолда кўзланган ҳосил чўғини йиғиштириб олиш бизнинг қўлимизда. Бунинг учун ҳар бир жойнинг табииймелиоратив шароитлари ва тупроқ-иқлимий хусусиятларини аниқ эътиборга олган ҳолда қишлоқ хўжалик экинларидан мунтазам юқори ҳосил олишга эришиш ҳозирги даврда айни муддаодир.
Ер ости ва ер усти сув заҳираларининг тақчиллиги ҳамда ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар. Ўрта Осиёда Амударё ва Сирдарё сув ҳавзалари асосий сув манбалари ҳисобланиб, уларнинг ирмоқлари экинларни суғоради ва аҳолининг эҳтиёжи учун сарфланади. Ўзбекистонда Амударё ва Сирдарёдан ташқари яна Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё, Чирчиқ, Оҳангарон каби дарё сувларидан фойдаланилади (Амударёнинг сув йиғиш ҳавзаси - 227, 0 минг км2, сув сиғими 78 км3 /йилига, узунлиги 1440 км; Сирдарёнинг сув йиғиш ҳавзаси 150 км2, сув сиғими 36 км3, узунлиги 2140 км).
Ҳозир Ўзбекистонда турли соҳалар учун йилига 75 км3 сув
сарфланмоқда. Шунинг ярмидан кўпи суғоришда, қолган қисми
саноат, коммунал хўжаликда ва бошқа соҳаларда ишлатилади. Суғоришга олинган сувнииг фақат 12 км3 қайтарма сувга айланади, қолган қисми бутунлай сарфланиб кетади. Натижада чучук сувларнинг етишмаслиги келиб чиқади (2-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |