Илмий семинар раиси проф. Н.О.Сафарова: – диссертантнинг шахсий ва илмий фаолияти ҳақида кимда қандай фикр бор. Агар ҳеч кимда эътироз бўлмаса энди диссертациянинг долзарблиги, асосий вазифалари, мақсадлари, илмий янгилигини баён этиш учун сўзни Зафар Адиловга берамиз. Марҳамат!
Тадқиқотчи – З.Ю. Адилов: Ассалому-алайкум, ҳурматли илмий семинар раиси, семинар аъзолари ва меҳмонлар. Эътиборларингизга муҳокама учун тақдим этилаётган тадқиқот “Диний манбаларда экологик муаммолар ечими” деб номланади. Сизларга танишиб чиқиш учун тарқатилган авторефаратда илмий аппаратга доир барча жиҳатлар баён этилган. Шуни инобатга олган холда, тадқиқот ишим ҳақида айтилиши муҳим бўлган баъзи томонларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Жаҳонда юз бераётган глобал ўзгаришлар шуни кўрсатмоқдаки, табиатга нисбатан антропоген таъсирнинг кучайиши бугунги экологик вазиятнинг издан чиқишига ва бир қанча экологик муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, атмосферанинг ифлосланиши, ҳаво ҳарорати ошиши, ўрмонларнинг қисқариб бориши, тупроқ деградацияси, тоза ичимлик суви танқислиги, озон қатламининг емирилиши сингари экологик муаммолар алоҳида эътибор талаб этади. Шу жиҳатдан, бугунги кунда бу каби муаммолар юзага келишининг олдини олиш, ижтимоий тараққиёт билан атроф-муҳитнинг ўзаро таъсирини уйғунлаштириш орқали қулай табиий атроф-муҳитни сақлаб қолиш, “табиат-жамият-инсон” тизимида мувозанатга эришиш билан боғлиқ масалалар ечимини топишда диний манбалардаги муҳим конструктив аҳамиятга эга экологик ғоялар алоҳида долзарблик касб этмоқда.
Жаҳон илм-фанида экологик муаммолар пайдо бўлишининг олдини олиш ва ечимини топиш бўйича илмий асосланган кенг кўламли илмий изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, аҳолининг экологик онги ва маданиятини шакллантириш, табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш йўлларини ишлаб чиқиш, экологик тангликдан чиқиш мезонлари билан боғлиқ тадқиқотлар муҳим аҳамиятга эга. Бунда эса, халқ донишмандлигининг методологик асоси бўлган диний манбалардаги атроф-муҳит, табиат неъматларига инсон муносабатини меъёрга келтириш, табиат компонентларининг ҳосил бўлиши билан сарфланиши ўртасидаги мутаносибликни чуқур ўрганишга оид ғояларини амалиётга жорий қилиш аҳолининг экологик тафаккурини ижобий томонга ўзгартиришда муҳим омил ҳисобланади. Шу сабабли диний манбалардаги экологик муаммолар билан боғлиқ бўлган табиат ва инсон муносабатлари уйғунлиги муаммосини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш объектив зарурият бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимизда бугунги кунда экологик танглик таҳдидига барҳам бериш, яъни атроф-муҳитнинг табиий мусаффолигини сақлаш, биологик хилма-хилликка зарар етказмаслик, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бирига айланди. “Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин”1. Бу вазифаларни амалга оширишда эса инсониятнинг асосий маънавий мероси бўлган диний манбалардаги экологик муаммоларга оид ғояларни тадқиқ қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, диний манбаларда табиатга муносабат масаласида келтирилган фикрларни умумлаштириш, улардаги экологик муаммоларга оид конструктив ғояларини аниқлаб, амалиётда қўллаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон фармонининг 5-устувор йўналиши 5.1 бандидаги (аҳоли генофондига зиён етказадиган экологик муаммоларнинг олдини олиш) вазифаларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–4956-сон, 2017 йил 21 апрелдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ–5024-сон фармонлари ва 2017 йил 18 январдаги «2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида»ги ПҚ-2731-сон Қарори ҳамда мавзуга оид бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга мазкур диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |