Мирзо Улуғбек икки йирик асар яратди. Бири “Зижи жадиди
кўрагоний” (“Кўрагонийнинг янги астрономик жадвали”) бўлиб, 1437 йили
яратилган китобда илми нужумнинг назарий ва амалий масалалари қамраб
олинган, ўша даврдаги энг юксак илмий жасорат ҳисобланган.
Олимнинг иккинчи асари “Улуси арбаъ-йи Чингизий” бўлиб, унда ХIII-
ХIV асрларда Мўғул империяси таркибига кирган мамлакатларнинг
ижтимоий-сиёсий тарихи қисқа тарзда баён этилган. Китоб 1425 йилдан
кейин тугалланган.
“Тарихи арбаъ улус” муқаддима ва тўрт қисмдан иборат. Муқаддимада
ўрта асрларда тарихчилар ўртасида ҳукм сурган анъанага кўра, исломиятдан
аввал ўтган пайғамбарлар, туркларнинг афсонавий ота-боболари ҳисобланган
Ёфас ибн Нуҳ ва унинг фарзанди Туркхон, шунингдек, турк мўғул
қабилалари ва Чингизхон тарихи баён этилган.
Биринчи қисм Улуғ юрт, яъни Мўғулистон ва Шимолий Хитой тарихи,
Ўгадайхон (1227-1241 йй.), Чингизхоннинг учинчи ўғли давридан то Ариқ
Буғо авлоди Ўрдой қоон замонигача юз берган воқеаларни ўз ичига олади.
Иккинчи қисмда Жўжи улуси, яъни Олтин Ўрда тарихи, Жўжихондан
давридан то Шоҳруҳнинг замондоши бўлмиш Муҳаммадхон замонигача,
ХIII-ХV асрнинг биринчи чораги тарихи баён этилган.
Учинчи қисмда Элхонийлар, яъни Эрон ҳамда Озарбайжоннинг ХIII-
ХIV асрлардаги тарихидан бахс юритилади.
Тўртинчи қисмда Чиғатой улусининг, Кошғар, Еттисур, Мовароуннаҳр,
Шимолий Афғонистон ҳудудидаги ХIII-ХIV асрлардаги тарихи талқин
этилган. Шуни ҳам айтиш керакки, муаллиф мазкур улусда ҳукмронлик
қилган ҳар бир ҳукмдор хон устида қисқа ва алоҳида-алоҳида тўхталиб,
уларнинг даврида содир бўлган воқеалардан энг муҳимларини юаён этган.
“Тарихи арбаъ улус” асарининг айрим қисмлари, хусусан унинг
тўртинчи қисми, кўп жиҳатдан Шарафуддин Али Яздийнинг “Муқаддимайи
Зафарнома”сига ўхшаб кетади. Лекин Улуғбек асари бирмунча мукаммалдир.
Бундан ташқари, унда тўрт улус ўртасидаги сиёсий муносабатлар, “ўзбек”
этнонимининг келиб чиқиш вақти хусусида ҳам қимматли маълумотларни
учратамиз.
Ушбу китобнинг фақат қисқартирилган таҳрирининг тўрт мўътабар
қўлёзмаси юизгача етиб келган. Уларнинг иккитаси Англияда, биттаси
Ҳиндистонда ва тўртинчи нусхаси АҚШда сақланмоқда.
Мирзо Улуғбек тарихий асарининг инглизча таржимаси 1838 йили
Майлс томонидан Англияда чоп этилган. Ўзбекча таржимаси Б.Аҳмедов,
М.Ҳасаний ва Н.Норқуловлар бажарилиб, 1994 йили Тошкентда чоп этилди.
“Тарихи арбаъ улус” Марказий Осиё, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг
ХIII-ХIV асрлардаги тарихини, айниқса Чиғатой улуси тарихини ўрганишда
муҳим манбалардан бири вазифасини ўташи мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: