Ўқитиш методлари билимларни бериш усуллари сифатида қаралади ва талабаларнинг илмий билиш фаолиятига раҳбарлик қилишга қаратилган бўлади ҳамда ўқув жараёнида олим педагогнинг талабаларга таъсир кўрсатишини шакллантиради.
Ўрганиш методлари билим, малака ва кўникмаларни ижодий эгаллашга ҳамда методик ва ғоявий-сиёсий эътиқодларни ишлаб чиқишга қаратилган талабаларнинг илмий билиш фаолияти усули сифатида белгиланади.
Мактаб таълими методларни белгилаш ва ўқитиш шаклларини ташкил қилишни тавсия этади, ўрта таълим тизимида эса ўқитиш методлари ва шакллари қўшилиб кетади, яъни дарс бериш методи айни замонда ўқитишнинг ташкилий шакли ҳам ҳисобланади. Ўрта махсус таълим тизимида тарих ўқитиш методлари таснифи масаласи ўзининг долзарблигини сақлаб қолади. Тарих ўқитиш методлари таснифининг дидактик ёндашувлари умумдидактик ёндашувларга монелик қилмайди, балки уларни ривожлантиради. Улар ўрта махсус таълим тизимида ўқув жараёнининг хусусиятлари, уларнинг дидактик вазифалари характерига асосланади.
Ўрта махсус таълим тизимида ўқитиш ва ўрганиш методлари қуйидаги гуруҳлардан иборат кенг тарқалган таснифларга бориб тақалади.
Билимларни бериш, идрок этиш ва ўзлаштириш, эътиқодни шакллантиришни таъминловчи методлар. Методларнинг бу гуруҳига лекция, талабаларнинг мустақил ишлари, мустақил таҳсил олиш бўйича ишлар, ишлаб чиқариш жараёнларини кузатиш, маслаҳатлар, кўрсатма бериш, оммавий ахборот, программалаштирилган материалларни идрок этиш ва бошқалар киради.
Билимларни татбиқ этиш ва мустаҳкамлаш, малака ва кўникмаларни ҳосил қилиш, эътиқодни чуқурлаштириш методлари. Бу гуруҳга семинар, амалий ва лаборатория машғулотлари, назорат ишларини бажариш, программалаштирилган ўқитув кабинетларидаги машғулотлар, ишлаб чиқариш амалиёти киради.
Билимлар, эътиқодларни шакллантириш, талабаларнинг касбий тайёргарлигини аниқлаш методлари. Бу ўқув жараёнининг рейтинг баҳолари, коллогвиумлар, суҳбат ўтказиш ва давлат аттестацияси натижаларини баҳолашдир.
Бу тасниф конкрет материаллар имкониятларини белгиловчи энг муҳим сифатлари асосига қурилган.
Биринчи гуруҳдаги шундай сифатларга билимларни идрок қилиш ва ўзлаштириш, иккинчи гуруҳга – татбиқ этиш ва мустаҳкамлаш, учинчи гуруҳга – аттестация ва билимларни аниқлаш тааллуқлидир.
ўқитиш методлари тизимига қуйидаги талаблар қўйилади:
методлар тизими таълимий функцияга эга бўлиши лозим. Бу дидактик мақсадлар ва ўқитиш вазифаларига эришишнинг энг қулай усулидир;
методлар тизими тарбиялов-такомиллашув функциясига эга бўлиши лозим. Бунда ўқувчиларнинг мустақил ишлари, вазифалари, уларнинг ишга ижодий ёндашуви ҳал қилинади, ўқувчиларнинг шахсий сифатлари, билим, малака ва кўникмалар эгаллашга бўлган эҳтиёжлари шаклланади, уларнинг диққати, иродаси, ҳиссиёти, хотираси, тафаккури ўсади.
Энг жиддий дидактик муаммолардан бири таълим методларини танлаш нимага боғлиқ деган масаладир.
Дидактикага оид адабиётларда ўқитиш методларининг қуйидаги боғлиқликлари қайд қилинади:
биринчидан, ўқув машғулотларининг дидактик мақсадлари ва вазифаларига боғлиқ;
иккинчидан, баён қилинадиган материалнинг характерига боғлиқ;
учинчидан, таълим олувчиларнинг билими ва ривожланиш даражасига боғлиқ;
тўртинчидан, ўқув жараёнида ўрганилаётган фан асосларининг муайян (ҳозирги) даврдаги методларига боғлиқ;
бешинчидан, ўқув юрти ёки кафедранинг шароитларига боғлиқ;
олтинчидан, ўқув жараёнининг моддий-техник таъминоти билан боғлиқ;
еттинчидан, ўқитувчининг педагогик маҳорати, унинг тайёргарлиги ва ўқув жараёнини ташкил этиш даражаси, ўқитувчининг ҳозирги замон методлари бўйича билимларига боғлиқ.
Шундай қилиб, ўрта иахсус таълим ўқув жараёни ўқитишнинг шакл ва методларида ташкил этиладиган кўпқиррали яхлит тизим доирасида амалга оширилади. Бунда ҳар бир шакл ўз олдига қўйган вазифаларни бажаради, лекин шакл ва методлар тўплами ягона дидактик мажмуани (комплексни) ҳосил қилади. Дидактик мажмуанинг амалга оширилиши ўқув жараёнининг психологик-педагогик қонуниятлари билан белгиланади.
Замонавий дидактик тизим. ХХ асрнинг 50-йилларида психолог ва педагог Б. Скиннер расмларга бўлинган ахборотларни етказиш, бу жараённи мунтазам назорат қилиш асосида материални ўзлаштиришда самарадорликка эришиш ғоясини илгари суради. Мазкур ғоя кейинчалик дастурий таълим деб аталади. Кейинчалик Н.Краудер назорат натижаларига қараб ўқувчига мустақил ишлаш учун турли материалларни таклиф этадиган тармоқлаштирилган дастурларни яратди.
Дж. Дьюининг назарий ғоялари муаммоли таълимнинг асоси бўлиб қолди. Бугунги кунда муаммоли таълим деб номланувчи, ушбу ғоя ўқитувчи раҳбарлиги остида муаммоли вазиятни яратиш ва уларни щал этишда ўқувчиларнинг фаоллик ва мустақилликларини таъминлашга эришишни назарда тутади. Муаммоли таълимнинг вазифаси фаол ўрганиш жараёнини рағбатлаштириш, ўқувчиларда фикрлаш, тадқиқотчилик кўникмаларини шакллантиришдан иборатдир.
Л.В. Занковнинг (1901-1977 йиллар) ривожлантирувчи таълим концепцияси ХХ асрнинг 50-йилларида кенг тарқалди. Унинг ғояларини амалга ошириш таълим жараёнига инсонпарварлик ғоясини сингдириш, шахсни баркамол ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга имкон беради.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида таълим ва тарбияни инсонпарварлик, демократик ғояларга мувофиқ ташкил этилиши эътироф этилган.
Таълимни инсонпарварлаштириш таълим жараёнида ўқувчи шахсини щурмат қилиш, унинг шаъни, обрўси, қадр-қимматини поймол этмаслик, мавжуд истеъдодини ривожлантиришни назарда тутади. Демократлаштириш эса педагогик жараёнда расмиятчиликка йўл қўймаслик, таълим дастурларини танлашда ўқувчиларнинг фикрларини инобатга олишни ифодалайди.
Республика узлуксиз таълим тизими ижтимоий буюртмани бажаришга хизмат қилади, баркамол шахс ва етук мутахассисни тарбиялаш вазифасини бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |