5-мавзу. Исломдаги мазҳаблар ва йўналишлар
Мусулмонлар орасидаги ихтилофлар. Суннийлик. Хорижийлик. Шиалик.
Исломдаги оқим ва йўналишларнинг ҳозирги кундаги кўринишлари ва уларнинг ислом бирлигига таҳдиди.
Мазҳабларнинг пайдо бўлиши: ҳанафийлик, моликийлик, шофеийлик ва ҳанбалийлик.
Мусулмонлар орасидаги ихтилофлар. Суннийлик. Хорижийлик. Шиалик.
Исломдаги бўлинишларнинг бирламчи замини Муҳаммад алайҳис-салом вафотларидан бошланган. Чунки мусулмон жамоасига энди ким бошчилик қилади, деган масалада барчанинг фикри бир хил эмасди. Бунга сабаб мусулмонларнинг марҳум йўлбошчиси томонидан жамоага кейинги раҳбар ким бўлиши очиқ-ойдин кўрсатилмаганида эди. Аммо Пайғамбарга “халифа” (ўринбосар) бўлишга саҳобий Абу Бакр Сиддиқ учун алоҳида “ишора” бўлгани манбаларда қайд этилган. Расулуллоҳ вафотлари арафасида Абу Бакр Сиддиқнинг намозда мусулмонларга имомлик вазифасини ўтаб беришга берган кўрсатмалари йирик саҳобийлар томонидан мазкур “ишора” сифатида қабул қилинган эди.
Илк икки халифа даврида мусулмонлар орасида бирликка эришилган бўлса, халифа Усмон ибн Аффон даврига келиб жамоа орасида фитналар пайдо бўлди. Усмон (р.а.)га уюштирилган суиқасд ҳам ана шу фитналарнинг натижаси эди. Халифа қатл этилгач, унинг ўрнига Али ибн Абу Толиб (р.а.) сайланди.
Ҳазрат Али (р.а.) қўшини таркибида собиқ халифа Усмон (р.а.) қотилларининг борлиги баъзи мусулмонларнинг норозилигига сабаб бўлди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Авом ва Муъовия ибн Абу Суфён каби саҳобалар Алига қарши чиқиб, бу ҳолатни шундай талқин қилдилар: “Али қўзғолончиларга қарши курашда Усмонга ёрдам бермади, қодир бўла туриб одамларни бу ишдан қайтармади, бундан ташқари у халифалик мансабига кўтарилганидан кейин Усмоннинг қасосини олмади, балки у Усмонни қатл этилишидан манфаатдор бўлди”.
Бу уч саҳобанинг шундай фикр билдиришларига сабаб уларнинг ҳар бири халифаликка Алидан кўра ўзларини лойиқроқ деб ҳисоблаб, агар бу мансабда ўтирганларида, жамиятда илдиз отиб бораётган фитналарни томири билан юлиб ташлашга қодир эканликларини даъво қилардилар. Улар ўз даъволари ҳақ эканлигини турли йўллар билан исботлардилар. Талҳа ва Зубайр Умар вафотидан олдин халифа сайлаш хусусида кенгашга чақирилган олти кишидан биримиз... дейишса, Муовия эса Усмонга яқин қариндош ва унинг қасосини олишга лойиқ эканлигини рўкач қилди.
Талҳа ва Зубайр “ал-Жамал” (“Туя”) жангида ҳалок бўлди. Шундан сўнг Али ўрнига халифаликка даъвогарлардан биргина Муовия ибн Абу Суфён қолди. 657 йили Шомда Муовия ва Али ўртасида бўлиб ўтган Сиффин жанги мусулмонлардан икки гуруҳнинг ажралиб чиқишига сабаб бўлди. Бу гуруҳлар кейинчалик исломдаги икки катта оқим – хавориж ва шиаларга айланди.
Бу жангда Али ибн Абу Толиб ортиқча қон тўкилишини истамай, қарши томон билан ўзаро битим тузиб, урушни тўхтатишга рози бўлди. Алининг тутган бундай муросасозлик сиёсатидан унинг қўшини орасидаги бир гуруҳ кишилар норози бўлиб, ажралиб чиқдилар.
Худди шу вақтда янги диний оқим юзага келди. Яъни, Алига итоат этишдан бош тортганлар “хавориж” деб, Муовияга қўшилмай Али атрофига тўпланганлар эса кейинчалик “шиа” деб номлана бошланди. Бу икки тоифанинг ёнида эса “жумҳур” яъни қолган мусулмонлар жамоати турарди. Ҳар бир тоифанинг ўзига хос диний нуқтаи назари ва “фиқҳи” пайдо бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |