Ашъария таълимоти. Мазкур таълимот асосчиси Абул Ҳасан Али ибн Исмоил ибн Исҳоқ ибн Солим ибн Абдуллоҳ ибн Мусо ибн Билол ибн Аби Бурда ибн Аби Мусо ал-Ашъарий бўлиб, у Басрада 260/873 йил таваллуд топган. Ашъарий дастлабки илмини ўз отасидан олади ва вояга етгач ўз замонасининг машҳур олимлари бўлган Абу Исҳоқ ал-Марвазий ва Ибн Сурайждан фиқҳ, Закариё ибн Яҳйо ас-Сожийдан ҳадис илмларини ўрганади.
Ашъарий умрининг иккинчи ярмини асосан мўътазилияга қарши курашишга бағишлаган бўлса-да, дастлаб унинг ўзи мўътазилия таълимоти вакили бўлган. Мўътазилия таълимотида унинг устози Абу Али ал-Жуббоий бўлган. Ашъарий қирқ ёшигача мўътазилия таълимотига эътиқод қилган. Лекин ёши қирқларга етганда унинг қалбида ушбу таълимотга нисбатан шубҳалар пайдо бўла бошлайди, у устозининг ҳалқасида ўзини ноқулай сезар ва устозининг ақидавий қарашлари, фикрларидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилмасди. Ниҳоят, Ашъарий устозининг дарсларидан бирида унга уч ака-укаларнинг қиёматдаги аҳволи ҳақида савол беради. Ашъарийнинг ушбу эътироз сифатидаги саволига Жуббоий жавоб бера олмайди. Шундан сўнг Ашъарий мўътазилия таълимотидан воз кечади.
Шундан сўнг Ашъарий Басрадан Бағдодга кўчиб ўтади ва умрининг охиригача Бағдодда фаолият олиб боради.
“Табақот аш-шофиия ал-кубро” (“Шофиийликнинг катта табақалари”) асари муаллифи Тожуддин ас-Субкий Ашъарий шогирдлари ҳақида маълумот берган: Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ат-Тоий, Абул Ҳасан ал-Боҳилий, Бандор ибн ал-Ҳусайн (ваф. 353/964 й.), Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ат-Табарий (ваф. 504/1110 й.), Абу Бакр ал-Боқиллоний (ваф. 403/1012 й.), Абу Бакр ибн Фурак (ваф. 406/1015 й.), Абдулжаббор ибн Али ал-Исфаройиний (ваф. 408/1017 й.), ал-Хатиб ал-Бағдодий (ваф. 450/1057 й.), Абул Қосим ал-Қушайрий (ваф. 465/1072 й.), Абу Ҳомид ал-Ғаззолий (ваф. 505/1111 й.), Ибн Асокир (ваф. 571/1176 й.), Абул Фатҳ аш-Шаҳристоний (ваф. 548/1153 й.), Фахриддин ар-Розий (ваф. 606/1210 й.), Сайфуддин ал-Омидий (ваф. 631/1233 й.), Иззуддин ибн Абдуссалом (ваф. 660/1262 й.), Тақийуддин ибн Дақиқ ал-Ийд (ваф. 685/1286 й.). Мазкур олимлар ашъария таълимоти вакиллари ҳисобланган.
Ас-Субкий “Табақот аш-шофиия ал-кубро” номли асарида Ашъарийнинг бир қанча асарлари ҳақида маълумот бериб ўтган: “ал-Умда фир-руъя”, “ал-Фусул фир радд алал-мулҳидин”, “ал-Мужаз”, “Имома Аби Бакр ас-Сиддиқ”, “Халқул аъмол”, “ал-Иститоъа”, “ас-Сифот”, “ар-Руъя”, “ал-Асмо вал-аҳком”, “ар-Радд алал мужассама”, “ал-Изоҳ”, “ал-Лумаъ ас-сағир”, “ал-Лумаъ ал-кабир”, “аш-Шарҳ ват-тафсил”, “ал-Муқаддама”, “ан-Нақс алал Жуббоий”, “ан-Нақс алал Балхий”, “Мақолот ал-мулҳидин”, “Тафсир Абил Ҳасан”, “Изоҳ ал-бурҳон фир радд ала аҳли аз-зайғ ват-туғйон”. Ашъарийнинг юқоридаги асарлари бизгача етиб келмаган. Лекин унинг қаламига мансуб бешта, “Мақолотул исломийин ва ихтилофул мусоллин” (“Исломдаги фирқалар ва намоз ўқувчиларнинг ихтилофлари”), “Рисола истиҳсон ал-ҳавз фи илм ал-калом”, “ал-Лумаъ фир радд ала аҳли аз-зайғ вал бидаъ”, “Рисола ила аҳлис сағр би-бобил абвоб”,
“ал-Ибона ан усул ад-дияна” номли асарларининг илмий-таҳлилий нашрлари амалга оширилган.
Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг вафот этган санаси ҳақида ҳам турли ихтилофлар мавжуд. Баъзи манбаларда 330/941 йил деб кўрсатилса, баъзиларида 330/941 йиллардан кейин вафот этгани айтиб ўтилган. Лекин аксарият манбаларда Ашъарий 324/936 йил вафот этгани ва Бағдодда дафн қилингани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ислом оламида “аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодида кўплаб уламолар мавжуд бўлса-да, унинг ақидавий қарашлари “Ашъария” номи билан алоҳида таълимот сифатида эътироф этилган. Абу Мансур ал-Мотуридий ва Абул Ҳасан ал-Ашъарийларнинг таълимотлари ўртасида фақатгина жузъий фарқлар бўлган ва улар асосан бир-бирини тўлдириб келган. Шунинг учун ҳам ушбу икки таълимот ислом илоҳиётида тўғри таълимот сифатида эътироф этилган.
Юқорида зикр этилганидек, Ашъарий ва Мотуридий таълимоти асосан ўша даврда кенг тарқалган ва уламолар томонидан “адашган гуруҳлар” деб эълон қилинган мўътазилия, қадарийлар, жабарийлар, мушаббиҳа таълимотларига раддиялар беришга қаратилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |