Тарбия жараёни тушунчаси ва тузилиши
Тарбия назарияси педагогика фанининг бир қисми бўлиб, тарбия жараёнининг мазмуни, методлари ва ташкил этилиши масалаларини ўргатади. Ҳаётга янгича сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан ёндашиш ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси билан боғлиқ жараён мазмунини ҳам қайтадан кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Тарбия назарияси Марказий Осиё мутафаккирлари ва халқ педагогикасининг тарбия борасидаги бой тажрибаларига таянади. Тарбия назарияси ўз қоидаларини асослаш учун фалсафа, этика, эстетика, физиология, психология каби фанлар маълумотларидан фойдаланади. Тарбия назарияси педагогиканинг бошқа бўлимлари: педагогиканинг умумий асослари, таълим назарияси ҳамда мактабшунослик билан узвий боғлиқ. Тарбия жараёни шахснинг муайян мақсад асосида ижтимоий ҳаётга тайёрловчи тарихий-ижтимоий тажрибага суянган ҳолда олиб борувчи фаолият жараёнидир. Тарбия хусусида таниқли ўзбек педагоги Абдулла Авлоний шундай дейди: «Ал ҳосил тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир». Ушбу фикрлардан хулоса чиқарсак, шахс тарбияси хусусий эмас, балки ижтимоий миллий илмдир. Зеро, ҳар бир халқнинг тараққий этиши, давлатларнинг қудратли бўлиши авлодлар тарбиясига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг қатор асар ва нутқларида, чунончи, «Баркамол авлод — Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори», «Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда» номли асарларида мустақил республикада ижтимоий тарбияни йўлга қўйиш мақсади ва вазифалари белгилаб берилган. Тарбия— шахсни мақсадга мувофиқ такомиллаштириш учун уюштирилган педагогик жараён бўлиб, тарбияланувчининг шахсига мунтазам ва тизимли таъсир этиш имконини беради. Тарбия — шахсда муайян жисмоний, руҳий, ахлоқий, маънавий сифатларни шакллантиришга қаратилган амалий педагогик жараён; инсоннинг жамиятда яшаши учун зарур бўлган ҳиссиётларга эга бўлишини таъминлаш йўлида кўриладиган чора-тадбирлар йиғиндиси.1 Демак, тарбия ижтимоий ҳодиса бўлиб, инсонинг шахс бўлиб шаклланишини таъминлайдиган энг қадимий ва абадий маънавий қадриятдир. Тарбия жараёни ўзаро боғлиқ бўлган икки фаолиятни — ўқитувчи ва ўқувчи фаолиятини ўз ичига олади. Тарбия жараёнида ўқувчининг онги шаклланиб боради. Ҳис-туйғулари ривожланади, ижтимоий ҳаёт учун зарур бўлган ва ижтимоий алоқаларни ташкил этишга хизмат қиладиган хулқий одатлар ҳосил бўлади. Тарбия жараёнида болаларнинг ҳаёти ва фаолиятини педагогик жиҳатдан тўғри уюштириш ғоят муҳимдир. Фаолият жараёнида бола ташқаридан келаётган тарбиявий таъсирларга нисбатан маълум муносабатда бўлади. Бу муносабат шахснинг ички эҳтиёж ва хоҳишларини ифодалайди. Психолог ва педагогларнинг тадқиқотлари шахсга ташқи омилларнинг (хоҳ салбий, хоҳ ижобий) таъсири боланинг уларга муносабати, боғлиқлигини кўрсатади. Бола фаолиятини уюштириш эмас, балки тарбияланувчининг бу фаолиятга нисбатан қандай англашни баҳолаши, ҳис қилишни англаши эътиборга моликдир. Улардан ўзи учун нималарни мақсад қилиб олаётганлигини билиши зарур. Буларнинг барчаси турли кишилар билан алоқа қилиш, жамоадаги муносабатлар жараёнида мураккаблашиб боради. Тарбия жараёни ўқувчининг онгини эмас, балки ҳис-туйғуларини ҳам ўстириб бориши, унда жамиятнинг шахсга қўядиган ахлоқий талабларига мувофиқ келадиган ҳуқуқий малака ва одатларни ҳосил қилиши лозим. Бунга эришиш учун ўқувчининг онгига, ҳиссиётига ва иродасига таъсир этиб борилади. Агар буларнинг бирортаси эътибордан четда қолса, мақсадга эришиш қийинлашади. Тарбия жараёнига ўқитувчи раҳбарлик қилади. Ўқувчилар фаолиятини белгилайди, уларни ижтимоий жараёнда иштирок этишлари учун шарт-шароит яратади. Тарбияни самарали йўлга қўйиш учун унинг ҳаракатлантирувчи кучини — тарбия жараёнининг манбасини яхши билиш ва ҳисобга олиш муҳимдир. Тарбия жараёнида ички ва ташқи қарама-қаршиликлар мавжуд бўлиб, у бевосита тарбияланганлик даражасига боғлиқ бўлади. Тарбияда ўқувчиларнинг тарбияланганлик даражасини ҳам ҳисобга олиш керак бўлади. Бу жиҳат унутилса, қарама-қаршиликлар кучаяди. Тарбия жараёнида унинг мақсади, шакли, воситалари, шахснинг ўзини-ўзи тарбиялаш ва қайта тарбиялаш жиҳатлари муҳим ўрин тутади. Тарбия мазмуни ижтимоий тузум буюртмаси асосида белгиланиб, унинг амалга ошиши учун маълум шарт-шароитларнинг мавжудлиги талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |