ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ:ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ СИФАТ БОСҚИЧИ
Баракаев Нусратилла Ражабович –
Бухоро муҳандислик-технология институти ректори,
техника фанлари доктори, профессор
Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида бу борада самарали ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнига янги механизмларнинг татбиқ этилиши орқали қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолини қийнаб келган муаммоларни ҳал этиш, қийноқларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш каби қатор йўналишларда салмоқли натижаларга эришилди, халқимиз ҳаётида сифатий ўзгаришлар бўлдики, турмуши, дастурхонида намоён бўлди. Ислоҳотлар ҳаётнинг барча жабҳаларига янги руҳият, жўшқинлик ва эртаги кунга ишонч олиб келдики, бунёдкорлик ҳамда яратувчанлик ҳаётий мезонга айланди. Халқимизнинг якдиллиги ва ўзгаришларга ҳозиржавоблиги ўзининг меваларини бермоқда. Бундан руҳланган юртдошларимиз янги-янги мақсадлар, марраларни кўзламоқда. Давлат ва жамият ўртасида ўзаро ишонч ва мулоқот кўприги қурилдики, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек,«ҳамма ислоҳотларни, ҳамма ҳаракатларни жамият билан бирга қиламиз. Ҳаммамиз бир куч, бир қудрат бўлиб халқимизга хизмат қилишимиз керак».
Янги Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очилдики, бу мамлакатимиз яқин йиллардаги юксалиш дастури бўлиб хизмат қилувчи муҳим ҳужжат қабул қилинди.Ўзида “инсон қадри учун” ғояси ва фалсафасини жо қилган дастурга “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”, деган ном шунчаки танланмаган. Тараққиёт стратегияси - 2017 йил февралида тасдиқланган ва кейинги беш йил ичида ҳаётга изчил татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегиясининг янги сифат босқичидаги мантиқий давоми саналади. Ҳаракатлар стратегияси якунига келиб, Янги Ўзбекистон пойдеворининг ҳуқуқий асослари яратилди. Ҳаракатлар стратегиясидаги ҳар бир йўналишни тараққиётнинг янги босқичида мантиқий, кенг кўламли ва изчил асосда ривожлантириш ҳамда янги устувор йўналишларда муҳим натижаларга эришиш назарда тутилган.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида йиллар давомида амал қилиб келган “давлат-жамият-инсон” тамойили “инсон-жамият-давлат” тамойилига ўзгартиришга замин яратиш билан бирга, Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг қадрини юксалтириш ва фаровонлигини оширишни жамият кун тартибига қўймоқда.
Айникса, Тараққиёт стратегиясида маънавият ва маърифий соҳаларга доир мақсадлар белгиланганлиги, жамиятимиз маънавият юксалиши йўлида янада собит бўлишига алоҳида урғу берилгани диққатга сазовор. Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси амалга оширилади. Маданият ва санъатни юксалтириш, ёшларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилади. Жамиятимизда маънавият ва моддий ҳаёт уйғун равишда олиб борилиши ва борилаётганлиги ўз тасдиғини топмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “кимки маънавият масаласи – бу фақат Маънавият ва маърифат маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши деб ўйласа, хато қилади”. Зеро, маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Маънавий – маърифий соҳаси олдида турган улуғ мақсад – Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш ва уни барпо этиш, аввало, халқимизнинг тафаккурини юксалтиришдан иборат.
Агар маънан ва руҳан соғлом, дунё ва минтақада кечаётган жараёнларни теран таҳлил қила оладиган, оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата биладиган, ислоҳотларга ҳозиржавоб, маънавий юксак авлодни тарбиялаб етиштириш вазифаси уддаланса, фикри залворли, эътиқоди соғлом болаларни сохта оқимларга эргаштириш, ахборот хуружлари хўраги бўлиш, ҳар хил чаласавод, жоҳил одамларнинг тузоғига илинтиришга уринишлар барҳам топади.Тақдирини юрт тақдирига боғлаш, дахлдорлик ҳиссини намоён этиш ёшларимиз кун тартибига айланиб боради.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни тўлақонли амалга оширишда барчамиздан мустаҳкам ирода ва қатъий интизом, бор имкониятларни тўла сафарбар қилиш талаб этилади. Албатта, бунда ҳар биримиз фаол бўлишимиз, бир куч, бир қудрат бўлиб Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |