Мисцеллани дискли фильтр-ларда тозалаш схемаси. Яқин пайтларгача мисцеллани тозалаш патронли фильтрларда олиб бориларди. Бу фильтрларни тез-тез тозалаш лозим бўлганлиги учун экстракцион цехда ускуна очилган пайтда кўп миқдорда бензин буғлари учиб чиқиб ёнғинга нисбатан анчагина ҳавфли вазият пайдо бўларди. Ҳозирги пайтда деярли барча экстракцион цехларда мисцеллани барабанли ёки дискли фильтрлар ёрдамида тозалаш жорий этилган. Бу йўл билан фильтрлаш қуйидаги схема (6.2-расм) асосида олиб борилади.
Лойқа мисцелла 0,2 МПа босим остида насос билан тақсимлагич(6)га узатилади ва ундан фильтр мато билан қопланган дискли фильтр (5) ташқи юзасига берилади. Бу дисклар (жами еттита) коллектор(3)га маҳкамланган. Ҳар бир диск ўзаро бир бири билан қисилган илгак ва кегай ёрдамида маҳкамланган ўнта фильтрлаш секторидан ташкил топган. Керак бўлганда, исталган сектор фильтрдан ажратиб олиниши мумкин.
Фильтрловчи материал орқали ўтаётган тоза мисцелла вал(2)га ҳаракатланмайдиган қилиб ўрнатилган коллектор(3)га тушади ва у ердан патрубка (8) орқали дистиляцияга чиқиб кетади. Қаттиқ заррачалар диск юзасида ушлаб қолинади, лекин фильтрга кириб келаётган янги мисцелла оқими билан ювилиб кетади. Дисклар орасида қолдиқ қатламини ҳосил бўлишини олдини олиш учун аппаратга ювгич (4) ўрнатилган бўлиб, у орқали фильтрланмаган мисцелла фильтр (1) корпусига киради.
Фильтрда йиғилган қуйқа узлуксиз ёки маълум белгиланган вақт оралиғида патрубка (9) орқали экстракторнинг юклаш колоннасини қуйи қисмига бериб турилади.
Фильтр валининг айланиш частотаси 18 айл/мин, фильтрлаш юзаси эса 16,8м2 га тенг. Дискни фильтрлаш юзасида қуйқани йиғилишига қараб, корпус ичидаги босим рухсат этилгани(0,2 МПа)дан ошиб кетиши мумкин. Фильтрлаш юзасини тозалаш дискларни айланиш частотасини 70 айл/мин га ўтказиш ва ювиш билан амалга оширилади. Фильтрлашга мисцелла бериш тўхтатилади ва қуйқани чиқариш учун патрубка (9) тўлиқ очилади.
Дискли фильтрларнинг ишлаш муддати фильтрланаётган мисцелла таркибидаги қуйқанинг миқдорига қараб 3-4 ойга тенг. Фильтрлаш жараёнида дисклар секин айланма ҳаракатда бўлади, айланиш тезлиги 18 айл/мин дисклар ювилаётган пайтда 70 айл/мин.
Фильтрлаш жараёни тўлиқ механизациялаштирилган. Фильтрланган тоза мисцелла дистиляциядан олдин қиздиргичларда 60-70оСгача иситилади. Иситиш асосан дистиллятор ёки тостердан чиқаётган бензин буғларининг иссиқлиги ҳисобига амалга оширилади. Бензин буғларидан фойдаланиш, технологик сув буғини ишлатишни бир мунча тежайди.