Валюта курси – бу бир мамлакат пул бирлигининг бошқа мамлакатлар пул бирликларида ёки халқаро валюта бирликларида ифодаланган баҳосидир. Ташқи валюта курси алмашув қатнашчилари учун валюта бозоридаги талаб ва таклиф нисбати орқали аниқланадиган бир валютани бошқасига қайта ҳисоблаш коефитсиентидир. Бироқ валюта курсининг қиймат асоси бўлиб валютанинг харид қобилияти ҳисобланади. Валютанинг харид қобилияти инвестиция, товар ва хизматларнинг ўртача миллий нархлари даражасини ифодалайди. Бу иқтисодий (қиймат) категорияси товар ишлаб чиқаришга тегишли бўлиб, у товар ишлаб чиқарувчилар ва жаҳон бозори ўртасидаги ишлаб чиқариш муносабатларини ифодалайди. Қиймат товар ишлаб чиқариш иқтисодий шартларининг кенг кўламли ифодаси бўлгани учун, турли мамлакатларнинг миллий пул бирликларининг таққосланиши қиймат муносабатига асосланади ва у ишлаб чиқариш ва алмашув жараёнларида юзага келади. Товар ва хизматларни ишлаб чиқарувчилар ҳамда сотиб олувчилар валюта курси ёрдамида миллий нархларни бошқа мамлакат нархлари билан солиштирадилар. Таққослаш натижасида мазкур мамлакатларда ишлаб чиқариш ёки хорижда инвестицияни ривожлантиришнинг фойдалилиги даражаси кўринади. Қиймат қонунига қанчалик амал қилинмасин, охир оқибат валюта курси унинг таъсирига бўйсинади. Валюта курси валютанинг реал курс нисбатлари кўринадиган миллий ва жаҳон иқтисодиётларининг ўзаро алоқасини ифодалайди.
Товарлар жаҳон бозорида сотилаётганида миллий маҳсулот қийматини интернационал ўлчовлари асосида жаҳон талабига эга бўлади. Шунингдек, ушбу товарларнинг жаҳон хўжалиги доирасида алмашинишида валюта курси воситачи бўлади.
Валюта курсининг қиймат асоси шу билан шартланадики, охирги навбатда жаҳон нархларига асосланган ишлаб чиқаришнинг интернационал баҳоси жаҳон бозорига асосий товар этказиб берувчи мамлакат ишлаб чиқаришнинг миллий баҳоларига таянади.
Халқаро капитал ҳаракатининг тез ўсиши билан товарларга, шунингдек, молиявий активларга нисбатан валютанинг харид қоблияти валюта курсига таъсир кўрсатади.Турли мамлакатларнинг валюталари ва ҳалқаро пул бирликлари тузилган халқаро битимларига хизмат кўрсатиш жараёнида валюта курси аниқланади.
Валюта - бу мамлакатлар пул бирлиги (масалан, сўм, доллар, марка, фунт-стерлинг ва ҳоказо.) Жуда қисқа маънода - бу чет эл давлатларининг пул белгилари. Ҳар бир миллий бозор хусусий миллий валюта тизимига эга бўлади. Валюта муносабатлари пулнинг халқаро тўлов оборотида амал қилиш жараёнида вужудга келади. У ташқи савдо билан бирга пайдо бўлди ва ривожланишнинг узоқ йўлини босиб ўтди. Тарих давомида жаҳон пули шакллари ва халқаро ҳисоб китоб шакллари ўзгарди. Бир вақтда валюта муносабатлари аҳамияти ўсди ва уларнинг нисбатан мустақил даражаси ошди. Товарлар, хизматлар, капиталлар ва ишчи кучи ҳаракати мамлакатдан мамлакатга кўчадиган пул массалари оқими ёрдамида амалга ошади. Бу ҳаракатни тартибга солиш зарурлиги халқаро валюта тизими ва жаҳон валюта тизимларининг шаклланишига олиб келди.
Валюта бозорлари- бу талаб ва таклиф асосида белгиланадиган валюта курси асосида турли хил валюталарни олди - сотдиси амалга ошириладиган расмий марказлардир.
Ҳар бир мустақил давлат ўзининг валюта сиёсати стратегиясида валюта курси режимини танлаш ва уни ислоҳ қилиш борасида комплекс чора-тадбирлар тизимига таянилган (фундаментал макроиқтисодий тадқиқотлар таъсиридаги) концептуал илмий асосларига эга бўлиши зарурдир. Бу борада қўйилган биринчи муҳим қадам кейинги даврлар ислоҳотлари учун дастурул амал ҳисобланади.
Ҳеч кимга сир эмаски, бизда, бу борада аввал бошданоқ узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилмаган. Валюта сиёсати муносабатларига оид қабул қилинган ва қилинаётган комплекс чора-тадбирлар тизими қисқа муддатли даврларга йўналтирилган. Шундай бўлсада, валюта сиёсати муносабатларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларига замин яратишга ҳисса қўшмоқда. Мана шу замин асосида амалга ошириб келинаётган валюта сиёсати ислоҳотларининг валюта курси режими билан боғлиқ айрим жиҳатларига ўз эътиборимизни қаратмоқчимиз.
Валюта курси режимини оқилона танлаш нафақат ички муносабатларга, шу билан бирга ташқи муносабатлар учун ҳам энг муҳим масалалардан ҳисобланади. Айниқса ушбу омил мамлакатимизнинг асосий савдо шериклари ҳудудида юритилаётган валюта курси режимига жуда таъсирчан аҳамият касб этади. Ҳар хил ёки бир хил валюта курси режимида бўлган мамлакатлар ўртасида ташқи савдо алоқаларини олиб бориш ўзига хос афзаллик ва камчиликларга эгаки, бу ўз навбатида, давлатлар ўртасидаги савдо алоқалари ва рақобат муҳитини ривожлантириш масалаларини долзарб вазифага айлантиради.
Масалага шу нуқтаи назардан ёндошганда, мазкур жиҳат кўпгина мамлакатларда ўз валюта сиёсати методологиясини жаҳон иқтисодий-молиявий коньюнктурасида юз бераётган ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда мунтазам мониторинг қилиб боришни ва уни босқичма-босқич эркинлаштириш чора-тадбирларини устувор йўналишлар сифатида белгиламоқда.
Валюта курси режимига оид дастлабки назарий қарашлар классик иқтисодчи олим Дж.М.Кейнс2 томонидан амалга оширилган. У валюта тизимидаги олтин стандарт (1821-1914), олтин-валюта стандарти (1915-1931) ва валюта стандарти (Бреттонвудс, 1944-1976) босқичларини ўша даврнинг энг йирик марказий банклари ҳисобланган Англия ва АҚШ марказий банклари мисолида тадқиқ қилиб, уларни ўзаро таққослаб, қуйидаги муҳим хулосага келган: бошқариладиган валюта курси режими (Managed floats) қатъий белгиланган (Fixed) ёки эркин сузувчи (Free floats) валюта курси режимига нисбатан бир қанча устуворликка эга бўлиб, уни оқилона бошқариш ҳисобидан валюта курси ва фоиз ставкаларининг тебранишларини мўътадиллаштириш ҳамда ишсизлик муаммосини сезиларли даражада камайтириш мумкин, дея таъкидлаган. Бу билан муаллиф ўз тадқиқотида уч турдаги валюта курси режими мавжудлигини эътироф этган.
Ушбу масала юзасидан бошқа бир иқтисодчи олим тамомила тескари фикрни билдиради. Хусусан, Роберт Манделл ўзининг “Мақбул валюта ҳудуди” деб ном олган назариясида муайян ҳудуддаги мамлакатлар учун ягона валюта, ягона валюта режими ва ягона пул-кредит тизими бўлиши кераклиги тўғрисидаги фикрни билдирган3. Айнан муаллифнинг ушбу назарий қарашларига мувофиқ 1999 йилда Евро ҳудудида ягона валюта, ягона валюта режими ва ягона пул-кредит тизими жорий қилинишига муваффақ бўлинган. Аммо бу ерда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, евро ҳудудида бўлган мамлакатлар ўз миллий валюталари курсини Евро ва бошқа мамлакатлар валюталарига нисбатан доимий равишда мониторинг қилиб борадилар. Бу уларни фавқулодда ҳолатлар ва бошқа сабабларга кўра евро ҳудудидан чиқишда муаммоли вазиятларга тушиб қолмаслик мақсадида амалга оширилади.
Манделлнинг ушбу назариясини қўллаб-қувватловчи иқтисодчилар бу ҳақда қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдиришади. Хусусан, Бордо4 иқтисодий интеграция ҳудудда қатъий валюта курси режимининг барқарорлигини таъминловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланишини таъкидлайди. Шунингдек, мақбул валюта ҳудуди унга аъзо давлатлар ўртасида савдо алоқаларини ривожлантириш билан бирга ва улар ўртасида ҳар хил кутилмаган молиявий-иқтисодий инқирозларни (шокларни) бартараф этишда ҳам қўл келиши мумкинлигини таъкидлайди5.
Валюта курси режимини танлаш борасида Р.Манделл ва М.Фридманларнинг баҳс-мунозаралари эътиборга лойиқдир. Икки таниқли иқтисодчи қатъий ва эркин валюта курси режими назарияси тўғрисида бир-бирига қарама-қарши фикрларни билдиришади. Хусусан, Фридман кўпроқ эркин валюта курси режимини ёқлаб фикр-мулоҳаза билдирса, Манделл эса қатъий валюта курси режимининг устуворликлари ҳақида тўхталади6.
Валюта курси режими билан боғлиқ яна бир фундаментал тадқиқот Р.Манделл қаламига мансубдир. Муаллифнинг валюта курси режими назариясига қўшган муҳим ҳиссаси шундаки, у “Номутаносиб учлик” (impossible trinity or trillemma) деб номланган жумбоқли назарий қарашни илгари суради. Хусусан, муаллиф ушбу назарияда мамлакатлар ўз ташқи иқтисодий муносабатларини тартибга солишда учта иқтисодий воситадан фақат иккитасини танлаш имкониятига эга эканликлари таъкидланади. Булар очиқ капитал бозори, мустақил пул-кредит сиёсати ва қатъий валюта курси режими билан боғлиқ воситалардир. Ҳар учала иқтисодий воситани бир вақтда қўллаб бўлмаслиги, ушбу тадқиқотнинг объекти ҳисобланган. Мамлакатлар ўз ижтимоий-иқтисодий имкониятлари ва манфаатларига кўра ушбу учликнинг фақат иккитасини танлаган ҳолда ички ва ташқи муносабатларни амалга оширмоқдалар. Айни вақтда Ўзбекистонда қатъий (бошқариладиган) валюта курси режими ва қаттиқ пул-кредит сиёсати воситалари амалиёти амал қилмоқда.
Мазкур назарий қарашнинг тарихий омили сифатида олтин стандарт тизимини келтириб ўтиш мумкин. Олтин стандарт тизими даврида очиқ капитал бозори ва қатъий валюта курси режими воситаларининг танланиши жуда самарали ҳисобланган. Урушлар сабабли ушбу тизим ўзининг аҳамиятини йўқотди. Унинг ўрнига пул-кредит воситаси муҳим омилга айланди. Пул-кредит воситаси орқали ишсизлик муаммоларини ҳал этишга асосий эътибор қаратила бошланди.
Айни вақтда эса Халқаро Валюта Фонди томонидан валюта курси режимининг қуйидаги таснифлари амал қилаётганлиги қайд этилган:
1) Мустақил (миллий) тўлов тизимига эга бўлмаган тасниф (Exchange arrangement with no separate legal tender);
2) Валюта кенгаши (Currency board arrangement);
3) Қатъий белгиланган курс (Conventional peg);
4) Горизонтал тавсифга эга бўлган юқори ва қуйи чегара таъсиридаги қатъий белгиланган курс, яъни валюта курсининг тебраниш диапазони +- 1% паритетга нисбатан (Pegged exchange rate within horizontal bands);
5) Барқарорлаштирилган курс, яъни валюта курсининг тебраниш диапазони +- 2% олти ой мобайнида (Stabilized arrangement);
6) Тебранувчан (мавсумий тўғриланишларга мойиллиги жуда юқори (Crawling peg);
7) Тебранувчанга ўхшаш, яъни валюта курсининг тебраниш диапазони +-2% номинал курсга нисбатан (Crawl-like arrangement);
8) Сузувчан (Floating rate);
9) Эркин сузувчан (Free floating rate);
10) Бошқа бошқариладиган валюта курси (Other managed arrangement).
ХВФ томонидан мамлакатлар валюта курси режимларининг шу тарзда таснифланиши аниқ қатъий (ўзгармас) мезонларга кўра белгиланмаган. Ундаги таснифлар кўпчилик ҳолларда мамлакатлар пул-кредит сиёсатида амалга оширилаётган де-факто жараёнлар билан белгиланади7. Аммо уларнинг ҳаракат йўналиши тарихан шаклланган икки назарий ёндошувга, яъни қатъий ва эркин валюта курси режими назарияларига мос равишда ҳаракатда бўлади.