Давлат бюджети, жамғармалар бюджети, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига амалга оширилган харажатларни бухгалтерия ёзувларида акс эттиришни тушунтириб беринг?
5-Маъруза: Бюдетлараро муносабатлар ҳамда қарзлар ҳисоби Режа: Бюджет ссудалари ҳисобини ташкил этиш.
Бюджет ссудаларини ҳисоб регистрлари ва хужжатларида акс эттириш.
Бюджет ижроси жараёнида бюджетлар ўртасида содир бўладиган ҳисоблашишлар ҳисоби.
Берилган ва олинган маблағлар бўйича давлат бюджети ижроси даврида юзага келадиган ўзаро ҳисоблашишларнинг ҳисоби.
Бюджет ссудалари ҳисобини ташкил этиш.
Бюджет ссудаси - юқори бюджетдан қуйи бюджетга ёхуд республика бюджетидан резидент-юридик шахсга ёки чет эл давлатига қайтариш шарти билан ажратиладиган маблағдир.
Юқори бюджетдан қуйи бюджетга бюджет ссудаларини бериш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2001 йил 28 июндаги 58-сонли буйруғи билан тасдиқланган Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, маҳаллий бюджетларга бюджет ссудаларини бериш ва олинган бюджет ссудаларини сўндириш тартиби тўғрисидаги Низом (2001 йил 19 июлда 1052-сон билан рўйхатга олинган) билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бюджет ссудалари даромадлар ва харажатлар ўртасида пайдо бўладиган вақтинчалик касса узилишларни қоплаш учун юқори бюджетдан қуйи бюджетга берилиши мумкин. Бюджет ссудалари Республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетларга, Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетлардан бюджет ссудалари Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетлар таркибига кирадиган шаҳарлар ва туманларнинг бюджетларига берилиши мумкин (1-чизма).
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, маҳаллий бюджетларга бюджет ссудаларини бериш ва олинган бюджет ссудаларини сўндириш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ бюджет ссудалари қуйидаги мақсадлар учун берилади:
Даромадлар тушуми билан харажатларни амалга оширилиши орасидаги режалаштирилган вақтинчалик касса узилишини қоплашга;
Даромадлар тушуми билан харажатларни амалга оширилиши орасидаги ҳақиқий вақтинчалик касса узилишини қоплашга;
Бюджетларнинг режалаштирилган харажатларини мақсадли молиялаштириш (маблағ билан таъминлаш) схемаларини амалга оширилиши учун
1 – чизма. Бюджет ссудаларини бериш.
Юқори бюджетдан қуйи бюджетга бюджет ссудалари қуйидаги муддатга берилиши мумкин:
А) Даромадлар тушуми билан харажатларни амалга оширилиши орасидаги режалаштирилган вақтинчалик касса узилишини қоплашга - 9 календар ойигача;
Б) Даромадлар тушуми билан харажатларни амалга оширилиши орасидаги ҳақиқий вақтинчалик касса узилишини қоплашга - 3 календар ойигача;
В) Бюджетларнинг режалаштирилган харажатларини мақсадли молиялаштириш (маблағ билан таъминлаш) схемалари амалга оширилиши учун - 1 календар ойигача
Қуйи молия органлари томонидан ссудага эхтиёж бўлганда белгиланган тартибда юқори молия органига ёзма сўровнома тақдим этилади (2 –чизма)
Бюджет ссудалари белгиланган тартибда бюджет ссудаси олувчи молия органи билан бюджет ссудаси берувчи молия органи ўртасида тузилган «Бюджет ссудасини бериш тўғрисидаги шартнома» асосида берилади ва қайтарилади.