2019 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида юқори малакали кадрлар тайёрлашга оид Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирининг якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда кейинги уч йил ичида мудофаа соҳаси тизимида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Қуролли Кучларимизни шакллантириш жараёнида, айниқса, кадрлар масаласига катта эътибор қаратилди. Бу вазифани ҳал этишга қаратилган муҳим қадамлардан бири сифатида олий қўмондонлик таркибидаги офицерларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, мудофаа қурилиши соҳасидаги илмий-амалий тадқиқот ва ишланмаларни мувофиқлаштириш, мамлакатимизда ҳарбий таълимни ривожлантириш каби устувор мақсадларни амалга оширишда асосий ўрин эгаллаган Қуролли Кучлар Академиясининг янгидан ташкил этилганини таъкидлаш лозим.
мамлакатимиз Қуролли Кучлари учун юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш борасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг тегишли моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида офицер кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий низомлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш баробарида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ҳарбий таълим соҳасида кейинги 3 йилда 11 та янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Ҳозирги кунда Қуролли Кучлар Қуролли Кучларимиз учун тактик звено бошқаруви офицер кадрларини 4 йиллик бакалавр дастури бўйича 7 та мутахассислик йўналишида, оператив-тактик звено бошқаруви офицер кадрларини 2 йиллик магистр дастури бўйича 8 та мутахассислик йўналишида юксак ҳарбий билим ва тайёргарликка эга юқори малакали офицер кадрлар тайёрланмоқда. Шунингдек, оператив-стратегик звено бошқаруви офицерлари 1 йиллик магистратура ўқув дастури бўйича, олий тоифадаги ҳарбий-илмий ва илмий-педагогик кадрлар 3 йиллик ўқув дастури бўйича докторантурада тайёрланмоқда.
Ҳарбий соҳада юқори малакали ҳарбий-илмий ва ҳарбий-педагог кадрларни тайёрлашни ташкил қилиш ва амалга ошириш, ҳарбий ва бошқа фанлар бўйича илмий-тадқиқотлар ўтказиш, диссертация ишларини тайёрлаб, ҳимояга олиб чиқиш ишлари олиб борилмоыда
Бунда катта илмий ходим-изланувчилар ва мустақил изланувчилар илмий тадқиқот ўтказишлари учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар мавжуд, улар учун компьютер ҳамда бошқа илмий ва ўқув-техник жиҳозлар билан таъминланган иш хоналар ажратилган.
Академияда янги таълим стратегияси қабул қилиниб, таълимнинг муаммоли ва мунозарали шаклда ташкил этилишига эътибор қаратилган. Таълимнинг бу шакли таълим олувчиларда ностандарт ва мустақил фикрлашни ҳамда етакчилик сифатлари шаклланишига имкон беради. Илмий изланишларни амалиёт билан узвий равишда олиб бориш мақсадида Академияда ситуация маркази ташкил этилган.
Шунингдек, юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг хорижий давлатлар билан имзоланган халқаро меъёрий ҳужжатлари асосида дунёнинг бир қатор етакчи мамлакатлари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Педагог кадрлар таркибидан 75 нафар офицер АҚШ, ХХР, Буюк Британия, Германия, Франция, Туркия каби ўндан зиёд хорижий давлатларнинг олий ҳарбий ўқув юртларида малака ошириб қайтди. Жорий йилда Қуролли Кучлар Академиясида хорижий давлатлар билан ҳарбий таълим борасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга бағишланган «Замонавий босқичда Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг асосий тенденциялари» мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини самарали, ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армияни шакллантириш билан боғлиқ ислоҳотлар баробарида халқимизнинг «Билаги зўр бирни енгади, билими зўр мингни» деган мақолида чуқур маъно бор. Шу нуқтаи назардан, Қуролли Кучларимизни модернизация қилиш, хусусан, ҳарбий таълим соҳасига замонавий билим, илғор хорижий тажрибалар, ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича бошлаган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур эканлигини олдимизда турган энг устувор вазифалар қаторида алоҳида таъкидлаган эди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида юқори малакали офицер кадрлар тайёрлашга оид амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, бажарилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар борлиги ҳам алоҳида қайд этилди. Жумладан, соҳадаги етакчи олий таълим муассасаси сифатида ҳарбий таълим ва ҳарбий илм-фаннинг янги сифат даражаси ва имижини шакллантириш, ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасидаги давлат сиёсатини комплекс илмий-таълим омили билан таъминлаш, ҳарбий ва инновацион маконда ўз фаолиятини амалга ошира оладиган профессионал ва интеллектуал ривожланган офицерлар корпусини тайёрлашга катта эътибор қаратиш лозим. Илғор фундаментал, амалий ва инновацион ҳарбий илмий дастурларни амалга ошириш, давлат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофааси, уруш ва уруш санъати муаммоларини кўриб чиқиш ва тадқиқ этиш масалалари бўйича академик дипломатия марказини шакллантириш лозим. Миллий таълим ва илмий маконга тўла интеграциялашувга эришиш даркор.
Сўнгги йилларда мудофаа тизимининг жанговар салоҳиятини ошириш бўйича жуда катта ишлар қилинди. Ҳарбий бошқарув тизими деярли янгидан барпо этилди. Ҳарбий-маъмурий секторлар тузилди. Қўшин турлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича таъсирчан механизмлар йўлга қўйилди. Энг мураккаб вазифаларни ҳам тезкорлик билан бажаришга қодир бўлган бўлинмалар ташкил этилди. Қўшинларнинг жанговар ва руҳий тайёргарлик даражаси ошди.
Do'stlaringiz bilan baham: |