2. Саҳобаларнинг Қуръонни тушунишдаги тафовут даражалари ва
бунинг сабаблари.
Саҳобаларнинг оятларни тушунишдаги даражалари бир хил бўлмаган,
балки уларнинг ичида сабаби нузулни билувчилари, носих ва мансух, муҳкам
ва муташобиҳдан хабардорлари бор эди. Масалан, Абдуллоҳ ибн Масъуд
(розияллоҳу анҳу) айтади: «Ўзидан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки,
Аллоҳнинг Китобида нозил бўлган ҳар суранинг қаерда нозил бўлганини,
Аллоҳнинг Китобидаги оятнинг нима ҳақида нозил бўлганини биламан. Агар
мендан бошқа Аллоҳнинг китобини билувчироғини билсам, унга туя
борадиган бўлса, албатта миниб борар эдим».
Абдуллоҳ ибн Аббос айтган: «Мен У (Қуръон)нинг таъвилини
биладиганларданман».
Саҳоблар орасида кўплаб нарсаларни билиб, айрим маъноларни
билмаганлар бўлган. Масалан, Ҳазрати Умар «Ва факиҳатан ва аббан» (Абаса
сураси, 31-оят)даги аббан сўзининг маъносини ёки Наҳл сураси 47-оятидаги
тахаввуф сўзини билмаган экан. Тахаввуф Ҳузайл қабиласи луғатида
танаққус, яъни ноқис қилиш маъносини англатади. Ибн Аббос илми ўткир
бўлишига қарамай, фотир сўзини билмаган экан. Ўзи бу борада шундай
дейди: «Мен фотир маъносини билмас эдим. Шунда менинг олдимга икки
аъробий қудуқ масаласида тортишиб келди. Улардан бири: «ана фатартуҳа,
яъни уни мен пайдо қилганман» деди». Ибн Аббос шундан кейин билган. Ади
ибн Ҳотам оқ ип билан қора ипни маъносини дастлаб англамаган. Урва ибн аз-
Зубайр Бақара сураси 158-ояти («Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (дини)нинг
белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида
саъйи қилишда гуноҳ йўқ»)даги «гуноҳ йўқ» (фала жунаҳа) сўз бирикмаси
Сафо ва Марва ўртасида саъйи қилиш вожиб эканлигига далолат қилишини
билмаган экан. Шунда холаси Оиша онамиз олдиларига келганларида унга
буни тушунтириб берган.
Саҳобаларнинг оятларни тушунишларидаги турлиликнинг бир қанча
сабаблари бор бўлиб, уларни қуйидагиларда кўриш мумкин:
Биринчидан, бу саҳобаларнинг Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)
49
олдиларида кўп бўлиш ёки бўлмаслик билан боғлиқ. Масалан, Абу Ҳурайра
(розияллоҳу анҳу) Росулуллоҳнинг олдиларида мунтазам бўларди. Умар ибн
ал-Хаттоб (розияллоҳу анҳу) кунора олдида бўлар, баъзилар эса, исломга
кейинроқ кирган ва яна баъзиларни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи
васаллам)нинг ўзлари муҳим ишлар билан бошқа ерларга юборган эди.
Иккинчидан, араб тилини билишдаги турлилик даражаси билан боғлиқ.
Дарҳақиқат, саҳобаларнинг араб тилини билиш даражаси ҳар хил бўлган.
Чунки сўзлар маъноларининг барчасини тўлиқ билиш ҳаммага ҳам амри маҳол
бўлган. Шунингдек араб луғатлари турли бўлгани сабабли ҳам Қуръон етти
ҳарфда нозил бўлган.
Учинчидан, оятларнинг нозил бўлиш ҳолатларини билишдаги тафовутга
боғлиқ. Чунки саҳобалар барча оятларнинг нозил бўлишига гувоҳ бўлмаган.
Шу боис ҳам Урва ибн аз-Зубайр Сафо ва Марва ўртасида саъйи қилиш ояти
нузулига шоҳид бўлмаган.
Тўртинчидан, ақлий даражаларининг турлилигига боғлиқ. Ибн Аббосдан
ривоят қилинади: «Умар (розияллоҳу анҳу) Бадрда иштирок этган оқсоқоллар
мажлисига олиб кирди. Шунда улардан баъзилари: «Нега ўғлимиз тенги
йигитни орамизга олиб кирдинг?» дейишди. Умар: «У сиз билган нарсаларни
биладиганлардандир» деди. Бас, бир куни мени ва уларни биргаликда чақирди.
Мени уларга кўрсатиб қўйиш учун чақирган эди ва деди: «Аллоҳнинг нусрати
ва фатҳи келганда. Одамларни Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб киришини
кўрганингда» деб (Наср) сурани охиригача ўқиди ва бу ҳақида нима
дейсизлар?». Уларнинг баъзилари: «Нусрат келиб, фатҳ бўлганда Аллоҳга
ҳамд ва истиғфор айтишга буюрилганмиз», бошқалари эса: «Билмаймиз»
дейишди, айримлари эса индамадилар. Шунда Умар менга: «Эй Ибн Аббос,
сен ҳам шундай дейсанми?» деди. Мен: «Йўқ» дедим. У: «Нима дейсан» деди.
Мен: «Бу Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ажали яқинлашгани
бўлиб, уни Аллоҳ билдириб қўйди. «Аллоҳнинг нусрати ва фатҳи келганида»
Макка фатҳи сенинг ажалингдир. «Шундай экан, Сен Роббингга ҳамд айтиб,
унга истиғфор келтир. Албатта у тавбаларни кечирувчидир». Умар айтди:
«Мен ҳам сен билган нарсаларни билган эдим».
Шу зайлда саҳобалардан Холид ибн ал-Валид кабилар жиҳодга, Ибн
Маъуд ва Ибн Аббос сингарилар тафсирга, Зайд ибн Собит мерос илмига,
Муоз ибн Жабал ҳалол ва ҳаром илмига, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳум)
кабилар ҳадис ривоятига киришиб кетдилар. Анас ибн Моликдан ривоят
қилинади: «Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:
«Умматимнинг энг раҳмлиси Абу Бакр, Аллоҳнинг буйруқларига мустаҳками
Умар, Энг ҳаёлиси Усмон, Аллоҳнинг Китобига қори бўлгани Убай ибн Каъб,
меросни билувчиси Зайд ибн Собит, ҳалол ва ҳаромни билувчиси Муоз ибн
Жабал. Ҳар бир умматнинг ишончлиси бўлади. Ушбу умматнинг ишончли
кишиси Абу Убайда ибн ал-Жарроҳдир».
Олтинчидан, саҳобаларнинг ишонч ва тақво даражалари ҳам Қуръонни
тушунишга таъсир этган. Чунки улар орасида тақво ва нафсни поклаш
борасида турли даражадагилари бўлган. Бу борада Бақара сураси 282-оятида
50
шундай дейилади: «Аллоҳга тақво қилинглар ва Аллоҳ сизларга билдириб
қўяди. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир». Шунга монанд равишда Юсуф
сураси 22-оятда Юсуф (алайҳис салом) ҳақида: «Вояга етган вақтида унга ҳукм
ва илмни бердик. Гўзал иш қилувчиларни шундай мукофотлаймиз», Мусо
(алайҳис салом) тўғрисида Қасос сураси 14-оятида: «Қачонки у вояга етиб,
мукаммал бўлганида, унга ҳикмат ва илмни бердик. Биз яхши амал
қилувчиларни шундай мукофотлаймиз».
Do'stlaringiz bilan baham: |