Энтимема. (Қисқартирилган қатъий силлогизм)
Энтимема деб, асослардан бири ёки хулосаси тушириб қолдирилган силлогизмга айтилади. Энтимема - ақлда, фикрда деган маънони англатади. Энтимемада силлогизмнинг тушириб қолдирилган қисми ёдда сақланади. Энтимемалар уч турли бўлади:
1. Катта асоси тушириб қолдирилган.
2. Кичик асоси тушириб қолдирилган.
3. Хулосаси тушириб қолдирилган.
Бизга қуйидаги силлогизм берилган бўлсин:
Фалсафа факультетининг ҳамма талабалари мантиқ фанини ўрганади.
Собиров фалсафа факультетининг талабаси
Собиров мантиқ фанини ўрганади.
Энди бу силлогизмни энтимема кўринишига келтирамиз:
1. Собиров фалсафа факультетининг талабаси бўлганлиги учун мантиқ фанини ўрганади (катта асос тушириб қолдирилди).
2. Фалсафа факультетининг ҳамма талабалари мантиқ фанини ўрганадилар, шу жумладан Собиров ҳам (кичик асос тушириб қолдирилди).
3. Фалсафа факультетининг ҳамма талабалари мантиқ фанини ўрганадилар, Собиров эса шу факультетнинг талабасидир (хулоса тушириб қолдирилди).
Энтимемалар баҳс-мунозара юритиш жараёнида, нотиқлик санъатида кенг қўлланилади.
Мураккаб ва мураккаб қисқартирилган силлогизмлар.
Бир-бири билан ўзаро боғланган, икки ёки ундан ортиқ оддий қатъий силлогизмлардан тузилган хулоса чиқариш-полисиллогизм, яъни мураккаб силлогизм деб аталади. Полисиллогизмда дастлабки силлогизмнинг хулосаси кейингисининг катта ёки кичик асоси бўлади. Шунга кўра полисиллогизмнинг прогрессив ва регрессив турлари фарқланади.
Эпихейрема
Эпихейрема-мураккаб қисқартирилган силлогизм бўлиб, унинг ҳар икки асоси қисқартирилган оддий силлогизм (энтимема) лардан иборат бўлади. Эпихейреманинг схемаси қуйидагича:
М-Рдир, чунки М-Nдир.
S-Мдир, чунки S-O дир.
S-Pдир.
Мисол:
Илмий қонунлар исботланган фикрлардир, чунки улар ҳақиқатдир.
Физика қонунлари илмий қонунлардир, чунки улар табиат қонунларидир
Физика қонунлари исботланган фикрлардир.
Эпихейреманинг тўлиқ қўриниши қуйидагича:
1. Ҳақиқат - исботланган фикрдир. N-Pдир
Илмий қонунлар ҳақиқатдир. M-Nдир
Илмий қонунлар исботланган фикрлардир. M-Pдир
2. Табиат қонунлари-илмий қонунлардир. O-Mдир
Физика қонунлари-табиат қонунларидир. S-Oдир
Физика қонунлари илмий қонунлардир. S-Mдир
3. Илмий қонунлар-исботланган фикрлардир. M-Pдир
Физика қонунлари-илмий қонунлардир. S-Mдир
Физика қонунлари исботланган фикрлардир. S-Pдир
Эпихейремадан баҳс ва мунозараларда, нотиқлик санъатида фойдаланилди. Эпихейрема мураккаб силлогизмнинг бир тури бўлишига қарамай, унинг таркибидаги катта ва кичик асосни, хулосани ажратиб олиш, фарқлаш осон бўлгани учун ҳам, фикр юритиш жараёнида кенг қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |