Тадқиқотчи Джураев Равшан Хуррамовичнинг Ўзбекистонда чорвачилик: аҳволи ва муаммолари (1917-1941 йй.) мавзусидаги 07.00.01. – Ўзбекистон тарихи ихтисослиги бўйича тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация авторефератига
ТАҚРИЗ
Чорвачилик қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири бўлиб, аҳолини иш ҳайвонлари (от, ҳўкиз, туя, буғу), озиқ-овқат маҳсулотлари (сут, қатиқ, гўшт, ёғ, тухум ва бошқалар), енгил саноатни хом ашё (жун, тери, мўйна ва ҳ.к.), деҳқончиликни органик ўғит билан таъминлаш мақсадида чорва молларини боқиш ва урчитиш билан шуғулланади.
Чорвачиликнинг асосий тармоқлари қорамолчилик, қўйчилик, эчкичилик, йилқичилик, туячилик, чўчқачилик, қуёнчилик кабилар ҳисобланади. Жаҳон мамлакатларида табиий иқлим шароитлари ва озуқа базасига кўра чорвачилик ривожи ўзига хос хусусиятларга эга.
Диссертациянинг “Совет ҳокимиятининг чорвачилик сиёсати ва чорва сонларидаги ўзгаришлар” деб номланган биринчи бобида 1917-1941 йилларда совет ҳокимиятининг сиёсий ва иқтисодий қарашлари тез-тез ўзгариб туриши натижасида чорвачилик тармоғи маълум муаммоларга учраганлиги архив манбалари асосида ёритилган. Шунингдек, мазкур жараёнлар чорвачиликнинг ривожланиши зиддиятли кечишига сабаб бўлди. Совет ҳокимияти ўзининг дастлабки бошқарув даврида Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган чорвачилик салоҳиятидан ўз манфаатларида фойдаланди. Бир томондан, Биринчи жаҳон уруши учун ўлкадан кўплаб миқдорда отлар олиб чиқиб кетилган бўлса, бошқа томондан, ҳудуддаги истиқлолчилик ҳаракатларига қарши қаратилган ҳарбий ҳаракатларда ҳам маҳаллий отлар жалб қилинган. Бу ҳолат йилқичилик соҳасига катта зарар келтирган. Бундан ташқари, мазкур ҳарбий ҳаракатлар натижасида кўпгина чорвадорлар қўшни мамлакатларга чиқиб кетган ҳамда ушбу ҳудудлардаги яйловлардан фойдаланган. Мазкур ҳолат натижасида ўлкада чорвалар сони камайиб кетганлиги масалалари таҳлил қилинган.
Диссертациянинг “Чорвачилик хўжалигидаги ўзгаришлар ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари” деб номланган иккинчи бобида Совет ҳокимиятининг чорвачилик соҳасида олиб борган сиёсати чорва моллари сонига ҳам таъсир қилган. Жумладан, чорвалар миқдорида маълум даврлар оралиғида пасайиш ва кўтарилиш ҳолатлари юз берган. 1920 йилларда чорвалар сони аввалги даврга қараганда анча кам бўлган. Фақатгина 1920 йилларнинг ўрталаридан чорвачилик артеллари ва колхозлари ташкил этилиши ҳамда кейинчалик чорваларни урчитиш пунктларининг юзага келиши чорва молларининг сони ошишига олиб келган. Кейинчалик эса чорвачиликка ихтисослаштирилган совхозларнинг вужудга келиши чорва моллари сифатининг яхшиланишига олиб келган. Бироқ, бу ҳолат барча вилоятларда бирдек олиб борилмаганлиги каби масалалар баён қилинган.
Диссертациянинг учинчи боби “Чорвачиликнинг иқтисодий ҳаётдаги ўрни ва совет ҳокимиятининг чорва озуқаси сиёсати” деб номланган бўлиб, ушбу бобда 1917-1941 йилларда ерларнинг давлат тасарруфига ўтказилиши яйлов ерларининг танқислигига олиб келди. Бундан ташқари, авваллари яйлов сифатида фойдаланилган ерлар деҳқончилик ерларига айлантирилган. Натижада айрим ҳолларда Ўзбекистон ССР чорвадорлари ўз чорваларини Қирғизистон ССР, Қозоғистон ССР ва Туркманистон ССР ҳудудларидаги яйловларда боқишга мажбур бўлган. Бошқа томондан, чорва озуқаси бўлган талабни қондириш мақсадида совет ҳокимияти деҳқончилик экинларидан олинадиган маҳсулотлардан ем-хашак сифатида фойдаланишни режалаштирган. Масалан, пахта ғўзапоясини майдалаган ҳолда чорва молларига бериш амалиёти айнан ўша даврда вужудга келди. Бироқ, мазкур турдаги озуқаларни тайёрлаш билан маълум бир муассасалар шуғулланган бўлиб, ем-хашакнинг етарли бўлиши ўша ташкилотлар фаолиятига боғлиқ бўлиб қолганлиги каби масалалар баён этилган.
Хулоса қилиб айтганда, тадқиқотчи томонидан жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилган, шу боис ҳам мулоҳаза, талаб, таҳлилий фикрлар етарлича мавжуд. Диссертация мазмуни мавзуга мос, тугалланган тадқиқот иши сифатида эътироф этиш мумкин. Тадқиқотчи Джураев Равшан Хуррамовичнинг “Ўзбекистонда чорвачилик: аҳволи ва муаммолари (1917-1941 йй.)” мавзусидаги 07.00.01. – Ўзбекистон тарихи ихтисослиги бўйича тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертацияси автореферати Ўзбекистон Республикаси ОАК талабларига тўлиқ жавоб беради ва тадқиқотчининг ўзи тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олишга лойиқ деб ҳисоблайман.
Жиззах давлат педагогика институти
Тарих ва уни ўқитиш методикаси кафедраси
профессори тарих фанлари доктори: Ф.А.Ахмедшина
Do'stlaringiz bilan baham: |