7-модда. Жисмоний шахсларнинг юридик шахс ташкил этмаган ҳолда биргаликдаги тадбиркорлик фаолияти
Жисмоний шахслар юридик шахс ташкил этмаган ҳолда биргаликдаги тадбиркорлик фаолиятини оилавий тадбиркорлик, оддий ширкат ва деҳқон хўжалиги шаклларида амалга ошириши мумкин.
Жисмоний шахслар якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтганидан кейингина биргаликдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тузиладиган оддий ширкат шартномасининг тарафлари бўлиши мумкин.
Оилавий тадбиркорликнинг амалга оширилиши, оддий ширкат ва деҳқон хўжалиги тузилиши, фаолият кўрсатиши ҳамда фаолиятининг тугатилиши билан боғлиқ муносабатлар қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-боби («Оддий ширкат») ва Ўзбекистон Республикасининг «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни.
8-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари:
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга;
юридик шахс бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг муассислари (иштирокчилари) бўлишга;
мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга;
ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга;
тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олишга, бундан товарлар (ишлар, хизматлар) бозорида устун мавқени эгаллаб турган тадбиркорлик фаолияти субъектлари мустасно;
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги 230-сон қарори билан тасдиқланган «Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида»ги низом.
ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 2 боби («Рақобатга қарши ҳаракатлар») ва 15-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сонли «Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) эркин тасарруф этишга, суд тартибидаги мажбурий ундирув ҳоллари бундан мустасно;
кредитлар олишга, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ҳамда ўзга мол-мулкини шартнома шартлари асосида жалб этишга, шу жумладан биноларни, иншоотларни, ускуналарни ва ўзга мол-мулкни олишга ва (ёки) текин, ижарага (лизингга) олишга ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга йўналтиришга;
ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга ҳақли.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисида»ги Қонуни.
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |