Чуқурдаги яхлит жинслар
Гранит – қурилишда кенг тарқалган магматик тоғ жинси. У бир тартибли кристалл жинс бўлиб, асосан кварц (20–40 %), дала шпати – ортоклаз (40–70 %) ва слюда (5–20 %) дан ташкил топган. Бундан ташқари, гранит таркибида ишқорли плагиоклаз, роговая обманка каби минераллар ҳам учрайди. Гранит тиниқ сариқ ёки оч қора рангда бўлиб, асосан таркибидаги минераллар рангига қараб ўзгаради. Гранитлар майда, ўрта йирик кристалли, порфир каби яхлит ва қатлам-қатлам (гнейс жинси сингари) ҳолатда бўлади. Гранитнинг зичлиги 2,6–2,8 г/см3, ғоваклиги (0,5– 1,5 %) ва сув шимувчанлиги эса ниҳоятда кам. Сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 120–250 МПа, иссиклик ўтказувчанлик коэффициенти 2,5–3,0 Вт/м-град. га тенг. Гранит анча қаттиқ жинс (Моос шкаласига кўра – 6–7), аммо уни қайта ишлаш ва силлиқлаш унча қийин эмас.
Сиенитлар – асосан калий шпатидан ташкил топган (5,0– 70 %) тоғ жинси бўлиб, гранитдан фарқи, асосан, таркибида кварц минералининг камлиги ёки мутлақо бўлмаслигидадир. Сиенитни силлиқлаш ва пардозлаш қийин эмас. Сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 100–250 МПа, зичлиги эса 2600–2700 кг/м3. Сиенитлар сариқ, қизғиш, тўқ кўк рангларда учрайди. Ўзбекистоннинг Оҳангарон туманида сиенит захиралари кўп.
Габбро – отилиб чиққан энг мустаҳкам тоғ жинси, асосан дала шпати (50 %) ва рангли минераллардан ташкил топган. У бир текис йирик донали тузилишга эга. Габбро йўл қурилишида ва пардозбоп безак буюмлари тайёрлашда ишлатилади. Унинг зичлиги 2900–3000 кг/м3, сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 200–350 МПа га тенг.
Чўкинди тоғ жинслари
Бир қисм сочилувчан жинслар сув ёки шамол таъсирида дарё, денгиз ёки кўллар остига тушиб, асрлар мобайнида иккиламчи ёки чўкинди жинсларга айланади. Майда жинсларнинг бир қисми сувда эрийди, қолганлари эса геологик қатламлар ҳосил қилиб сув остига чўкади. Эриган жинслар ўта тўйинган эритмалар ҳосил қилади ва кимёвий чўкиндилар пайдо бўлади. Қатламлар босими остида ҳамда табиий цементларнинг ўзаро бирикиши натижасида чўкиндилардан мустаҳкам ва зич цементланган жинслар ҳосил бўлади. Чўкинди жинсларнинг ғовакларини тўла тўйинган эритмалардаги (СаСО3, СаSО4, темир оксиди) моддалар тўлғизиб, ундаги майда доналарни ўзаро ёпиштиради ёки бошқа сўз билан айтганда, табиий цемент вазифасини бажаради.
Табиатдаги кўпгина минерал қатламлар ҳайвонот ва ўсимлик қолдикларининг ўзаро бирикишидан ҳосил бўлган. Бундай жинслар органогенлар деб аталади.
Қурилишда қўлланиладиган чўкинди жинсларни қуйидаги турларга бўлиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |