23-модда. Ер участкалари бериш (реализация қилиш)
Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилади.
Ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
Эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади.
Қаранг: Ушбу Кодекснинг 37 ва 38-моддалари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 15 июндаги 282-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ерларнинг қишлоқ ва ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун олиниши муносабати билан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ҳажмларини аниқлаш ҳамда уларнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом.
Саноат корхоналари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа ва электр ўтказиш линиялари, магистрал трубопроводлар қуриш учун, шунингдек қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган ерлар ёхуд қишлоқ хўжалигининг сифати ёмон ерлари берилади (реализация қилинади). Ўрмон фондига қарашли ерлардан мазкур мақсадлар учун ер участкалари бериш (реализация қилиш) асосан ўрмон билан қопланмаган майдонлар ёки бута ва арзонбаҳо дов-дарахтлар билан қопланган майдонлар ҳисобидан амалга оширилади.
Берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегараларини тегишли ер тузиш хизмати натурада (жойнинг ўзида) белгилагунига ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар мазкур ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш тақиқланади.
Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади»;
Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 27 майдаги 248-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ер участкаларини олиб қўйиш ва уларни қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар учун беришга доир материалларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 11 апрелдаги 126-сонли «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини улар жойлашган ер майдонлари билан биргаликда ҳамда ер майдонларини мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун хусусий мулк сифатида сотиш тартиби тўғрисида»ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги Низом, ушбу Кодекс ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган.
(23-модда Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августдаги 535-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 149-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |