11-модда. Хусусийлаштирилмайдиган ер участкалари
Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:
тасдиқланган ва эълон қилинган режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари;
рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган, хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари;
табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар);
хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;
эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари.
12-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъектларидир.
Чет эллик фуқаролар ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди.
13-модда. Ер участкаларини хусусийлаштириш шакллари
Ер участкаларини хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш;
ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш.
14-модда. Ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларни йўналтириш
Ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
2-боб. Ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида давлат бошқаруви
15-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
аҳоли пунктлари ва ҳудудларни режалаштириш ҳамда ривожлантиришга доир шаҳарсозлик ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини, тасдиқланиши ва эълон қилинишини ташкил этади;
бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш тартибини белгилайди;
хусусийлаштириладиган ер участкалари учун ҳақ миқдорларини, шунингдек уни тўлаш тартибини белгилайди;
Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентни тасдиқлайди;
ер участкаларининг бозор қийматини аниқлаш тартибини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |