Лаборотория машғулоти 17.
Халқали чувалчанглар(Аннелида) типи: Зулуклар (Ҳирудиноморпҳа) синфи. Вакил: тиббиёт зулуги(Ҳирудо медиcиналис). Ташқи ва ички тузилиши.
Керакли жиҳозлар: тиббиёт зулугининг морфологиясини, анатомиясини ва кўндаланг кесмасининг тузилишини акс эттирувчи жадваллар, микроскоплар, қўл лупалари, ўткир учли найчилар, ванначалар, қисқичлар, сув тулдирилган идишлар, 10° ли спирт эритмаси, зулук танаси кўндаланг кесмасининг микропрепаратлари, сувда сақланаётган тирик зулуклар.
Тиббиёт зулуги 15 – 20 см узунликда бўлиб, чучук сув ҳавзаларида яшайди. У эктопаразит, вақти-вақти билан сувда яшовчи умурткали ҳайвонлардан ёки сув атрофига яқин келган сўт эмизувчи ҳайвонлардан ва одамлардан қон сўради. Эндигина тухумдан чиққан майда зулуклар ҳам балиқлардан, сувда ва қуруқликда яшовчилардан қон суради. Танаси елка томонидан қорин томонига қараб бироз яссиланган. Олдинги учида оғиз сўрғичи (сўрғичнинг ўртасида оғиз тешиги жойлашган), дум қисмида эса анча катта анал сўрғичи бор. Анал тешиги ана шу сўрғичнинг устки қисмида жойлашган. Зулукнинг танаси сегментларга бўлинган, лекин бу ҳақиқий сегментлар эмас, чунки ташқи бўғимларнинг сони (102 та) ички бўғимлар сонига (33) тенг эмас. Сегментларида, ҳатто бош қисмида ҳам хеч қандай пайпаслагичлар ва параподиялар бўлмайди. Бош қисмининг елка томонида беш жуфт кўзчалар жойлашган. Зулуклар сўрғичлари ёрдамида субстратга ёпишиб, «қадамлаб» ҳаракатланади. Сувда сузганида эса бўтун гавдаси билан тўлқинсимон, ҳаракат қилади, яъни зулукнинг танаси орқа ва қорин томонларига қараб эгилади. Зулукларнинг сўрғичлари, ёпишиш органи бўлиб ҳам хизмат қилади. Зулуклар терисининг устки қисм юпқа кўтикула билан қопланган, унинг остидаги бир қаватли эпителийда шилик модда ажратадиган жуда кўп безлар жойлашган. Ички органларнинг орасидаги бўшлиқ говак бириктирувчи тўқима – паренхима билан тўлган. Зулукларда ҳақиқий тана бўшлиғи бўлмасдан, иккиламчи тана бўшлиғи-целомнинг қолдиғи сифатида лакунар система мавжуддир.
Тиббиёт зулуги жағли зулуклар туркумига киради. Унннг оғиз бўшлиғида бир-бирига қарама-қарши жойлашган, хитиндан иборат 3 та жағи бор. Уларнинг устки қисми киррали, ўткирлашган бўлиб, унда 80 – 90 та майда тишчалар мавжуд. Булар ёрдамида қон суриш пайтида зулуклар хўжайинининг терисини кесади. Шунинг учун ҳам терида зулук қон сурганидан кейин 3 киррали чандик излари қолади. Зулукнинг ҳалқуми атрофида гирудин суюқлиги ажратувчи безлар жонлашган. Гирудин суюқлиги қонни ивиб колишидан саклайди, натижада зулук қон сураётган пайтида у узлуксиз оқиб туради, ҳатто зулук туйиб тушганидан кейин ҳам қон оқиб туриши мумкин.
Оғиз бўшлиғи ва ҳалқум ичакнинг эктодермадан ҳосил бўлган олдннги қисмини ташқил қилади. Ундан кейин эса эндодермадан ҳосил бўлган ўрта ичак ёки «жиғилдон» бошланади. Унинг иккала ён томонида 10—11 жуфт, кейинги учи берк ўсимталар - дивертикулалар мавжуддир. Шулардан энг охирги ўсимтаси узун бўлиб, у тананинг охирги учигача чўзилади. Бу ўсимталарда гирудин билан аралашган қон узоқ муддатга ивимасдан сақланади. Шунинг учун ҳам зулук 1 —1,5 йил давомида қон сўрмасдан яшаши мумкин. Орқа ичакнинг олдинги қисми овқатни шимиш вазифасини бажаради, кейинги қисми эса пуфаксимон кенгайиб эктодермадан ҳосил бўлган тўғри ичакни ташқил қилади (46-расм).
Зулукнинг нерв системаси ҳалқум усти ва унинг билан коннективалар ёрдамида тўташган ҳалқум ости нерв тугунларидан, шунингдек қорин нерв занжиридан иборатдир. Айириш органлари 17 жуфт метанефридийлардан иборат.
Тиббиёт зулугида ҳақиқий қон айланиш системаси бўлмайди. Унинг вазифасини целомнинг қолдиғи бўлган лакун системаси бажаради. Бу система асосан 4 та бўйлама каналдан иборат бўлиб улар елка, қорин ва иккала ён томонларида жойлашган. Ҳамма зулуклар, шу жумладан, тиббиёт зулуги ҳам икки жинсли гермафродит. Танасининг ўрта қисмида метамер ҳолатда 9 жуфт уруғдонлар жойлашган. Улардан чиққан қисқа найчалар уруғ йўлларига келиб тўташади. Уруғ йўллари эса 10-сегментда қўшилиш органига келиб очилади. У зулуклар ўзаро қўшилиш пайтида ташқарига қайрилиб чикиш хусусиятига эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |