Сўз боши
“Сув хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаштириш” таълим йўналиши талабалари гидромелиорация ишларини механизациялаштириш саноатида қўлланиладиган машина ва механизмлар деталларининг тузилишини ишга лаёқатлилигини таъминлашни, ускуналарнинг иш унумдорлигини оширишни, маҳсулот сифатини яхшилашни билиши зарур.
Маҳсулотнинг сифати ва корхона ускуналарининг иш унумдорлиги иш бажарувчи механизмларнинг ҳаракат тезлигига боғлиқдир. Бунда иш бажарувчи механизмнинг ҳаракат тезлиги энергия манбаининг ҳаракат тезлигидан фарқ қилади. Энергия манбаи билан иш бажарувчи механизм оралиғида жойлашиб, ҳаракат тезлигини керакли миқдорда етказиб берувчи воситаларга узатмалар деб аталади. Узатмаларнинг асосан механикавий, электрик, пневматик ва гидравлик турлари мавжуд бўлиб, саноатда механизмларнинг ҳаракат тезлигини таъминлашда механикавий узатмалардан фойдаланилади. Механикавий узатмалар ишлаш шароитига кўра икки турга бўлинади:
а) ишқаланиш ҳисобига ишлайдиган узатмалар (фрикцион ва тасмали);
б) илашиш ҳисобига ишлайдиган узатмалар – тишли, червякли ва занжирли;
Иш бажарувчи механизмга талаб этилган ҳаракат тезлигини етказиб беришда, механикавий узатмалардан очиқ (занжирли, тасмали, тишли), ҳамда ёпиқ (редуктор) ҳолатда фойдаланиш тавсия этилади.
Иш бажарувчи механизмнинг талаб этилган қуввати -N, айланишлар сони- n, буровчи моменти-Т ва бурчак тезлиги- ни етказиб беришда олий техникавий ўқув юртларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эгадир. Ана шундай мутахассислар тайёрлашда лойиҳалаш фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ишлар алоҳида ўрин эгаллайди.
Олий ўқув юртларида «Машина деталлари» фани курс лойиҳа ишини бажариш билан якунланади. Бу фан бўйича бажариладиган курс лойиха талабаларнинг биринчи мустақил ижодий иши бўлиб, уни бажариш кўп ҳолларда улар учун бирмунча қийин туюлади. Бу ҳол курс лойиҳасини бажариш тартиби етарли даражада ёритилган қўлланмаларнинг яратилишини тақозо этади. Шу боисдан мазкур қўлланмани яратишга қарор қилинди.
Қўлланма асосан Ш.А.Шообидовнинг «Машина деталлари», С.Чернавский «Курсовое проектирование деталей машин», Иосилевич Г.Б. «Детали машин» ва Носиров С.Н. “Машина деталлари фанидан курс лойиҳасини бажариш” дарслик ва қўлланмалари асосида яратилди. Дарслик билан қўлланмада фойдаланилган ҳисоблаш формулаларини бир хил қилиб олишга эришилди. Бу ҳол талабалар томонидан «Машина деталлари» курсини ўрганишни бирмунча енгиллаштирди. Одатда, машинасозлик мутахассислиги бўйича таълим олаётган талабаларга курс лойиха вазифа сифатида бир неча узатмадан ташкил топган саноатда қўлланиладиган механизм юритмаси берилади. Бундай юритма таркибида албатта тишли ёки червякли редуктор, ҳамда очиқ узатма (тасмали ёки занжирли) мавжуддир.
Талабалар бажарадиган курс лойиха ишининг график қисмининг хажми 2 та А1 форматдаги чизмадан, ҳамда лойихалаш баёнидан иборат бўлади.
Чизмаларнинг биринчисида редуктор умумий кўриниши ҳар хил проекцияларда тасвирланган бўлади: иккинчисида эса, вал, ғилдирак ва шу каби деталларнинг ишчи чизмаси кўрсатилиши керак. Айрим ҳолларда иккинчи чизма ўрнида лойиҳаланган юритманинг умумий кўриниши тасвирланган бўлиши талабаларни лойиҳалаётган механизм тўғрисидаги тасаввурини бойитади. Лойиҳанинг баёни 40-40 бетли қўлёзмадан иборат бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |