ҚАСДДАН ОДАМ ЎЛДИРИШГА ОИД ИШЛАР БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи бўлиб, унга тажовуз қилиш энг оғир жиноятдир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонунда жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жинояти учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилганлиги туфайли, ушбу ишлар бўйича жиноят қонунларининг тўғри қўлланилишини таъминлаш зарурлиги алоҳида аҳамият касб этади.
(муққадиманинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги 17-сонли қарори таҳририда)
«Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Судлар қасддан одам ўлдиришга оид ишларни кўраётганда, иш ҳолатларини синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириш лозимлиги тўғрисидаги қонун талабларига қатъий амал қилишлари шарт.
Ҳар бир иш бўйича айб шакли, қотиллик сабаблари, мақсади ва усули аниқланиши, шунингдек, қилмишни тўғри ҳуқуқий баҳолаш ва айбдорга адолатли жазо тайинлаш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатлар текширилиши керак.
2. Шуни эътиборда тутиш лозимки, қасддан одам ўлдириш жинояти ҳам тўғри, ҳам эгри қасд билан содир этилиши мумкин. Қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этаётганда айбдор жабрланувчини ҳаётдан маҳрум этиш қасди билан ҳаракат қилади, қилмишининг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етади, ўлим юз беришини истайди (тўғри қасд) ёки бунга онгли равишда йўл қўяди (эгри қасд).
3. Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш фақат тўғри қасд билан содир этилиши мумкин, чунки, бунда айбдор ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, жабрланувчининг ўлимига кўзи етган ва унинг ўлимини истаган бўлади, бироқ ўлим айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра (жабрдийданинг фаол қаршилиги, бошқа шахсларнинг аралашуви, жабрланувчига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилганлиги ва ҳ.к туфайли) юз бермайди.
Шу сабабли, айбдорнинг жабрланувчини ҳаётдан маҳрум этиш ниятида ҳаракат қилган-қилмаганлигини, ўлим юз беришини истаган-истамаганлигини ва қандай ҳолатлар исталган натижа юз беришига тўсқинлик қилганлигини аниқлаш зарур.
4. Қасддан одам ўлдириш жиноятини жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятидан фарқлаш учун айбдорнинг қасди нимага қаратилганлигини, унинг ўз ҳаракатлари оқибати, яъни жабрланувчининг ўлимига нисбатан субъектив муносабатини инобатга олиш даркор.
Қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этаётганда айбдор шахсни ҳаётдан маҳрум қилиш ниятида ҳаракат қилади, баданга оғир шикаст етказиш шахснинг ўлимига сабаб бўлган ҳолларда эса, ўлимга нисбатан унинг айби эҳтиётсизлик шаклида ифодаланади.
Айбдорнинг қасди нимага қаратилганлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда қилмишнинг барча ҳолатлари мажмуидан келиб чиқилиши, хусусан, жиноятни содир этиш усули ва қуроли, тан жароҳатлари сони, хусусияти ва ўрни (масалан, одам ҳаёти учун муҳим аъзоларнинг жароҳатланганлиги), жиноий ҳаракатлар тўхташи сабаблари, шунингдек, айбдор ва жабрланувчининг жиноят содир этилгунга қадар бўлган феъл-атвори, ўзаро муносабатлари, айбдорнинг жиноят содир этилгандан кейинги ҳаракатлари хусусияти эътиборга олиниши лозим.
5. Агар қилмишда Жиноят кодекси 97-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган квалификация белгилари, шунингдек, мазкур Кодекснинг 98–101-моддаларида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлмаса, масалан, қотиллик безорилик туйғулари билан эмас, балки ўзаро жанжал ёки уришиш натижасида, рашк туфайли, ўч олиш, ҳасад, адоват, нафрат оқибатида содир этилган бўлса, қасддан одам ўлдириш жинояти ЖК 97-моддасининг биринчи қисми бўйича квалификация қилинади.
6. Икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш, агар айбдорнинг ҳаракатлари ягона қасд билан қамраб олинган ва, одатда, бир вақтнинг ўзида содир этилган бўлса, ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «а» банди билан квалификация қилиниши керак.
Икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдиришга нисбатан қасд мавжуд бўлганда жабрланувчилардан фақат биттаси ўлиб, бошқалари айбдорга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ўлмай қолган бўлса, қилмишни ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «а» банди билан икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдириш тариқасида квалификация қилиб бўлмайди. Бундай ҳолларда, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 25, 97-моддаси иккинчи қисмининг «а» банди ва 97-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши керак.
Икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш, гарчи бу жиноий ҳаракатлар бир вақтнинг ўзида содир этилган бўлса-да, лекин айбдорнинг ягона қасди билан қамраб олинмаган бўлса, қилмиш такроран қасддан одам ўлдириш тариқасида ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «р» банди билан квалификация қилинади.
7. Қасддан одам ўлдириш жиноятини ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «б» банди билан квалификация қилиш учун айбдор жабрланувчининг ҳомиладорлигини (ташқи белгилар ва бошқа фактик маълумотлар мавжудлиги) билганлиги аниқланган бўлиши керак. Ҳомиладорлик муддати, шунингдек, ҳомиладор аёл ўлдирилиши натижасида унинг ҳомиласи нобуд бўлган-бўлмаганлиги қилмишни квалификация қилиш учун аҳамиятга эга эмас.
Агар айбдор янглиш тахмин асосида, аслида ҳомиладор бўлмаган аёлни ҳомиладор, деб қасддан ўлдирган бўлса, башарти унинг ҳаракатларида ЖК 97-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган жавобгарликни оғирлаштирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлмаса, қилмиш ЖК 97-моддасининг биринчи қисми бўйича квалификация қилинади.
8. Айбдорнинг ҳаракатларини ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «в» банди билан квалификация қилишда, ожиз аҳвол, деб жабрланувчининг физиологик, жисмоний ёки руҳий жиҳатдан (жисмоний нуқсонлари, руҳияти бузилганлиги, жуда ёш ёки кексалиги, қаттиқ оғриқ ёки беҳуш ҳолатда ёхуд уйқуда бўлганлиги, алкогол, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли) ўзини ҳимоя қилишга, айбдорга фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслик ёки ўзига нисбатан содир этилаётган ҳаракатларнинг хусусияти ва моҳиятини тушуна олмаслик ёхуд ўз ҳаракатларини бошқара олмаслик ҳолати тушунилиши керак. Бунда айбдор жабрланувчи ожиз аҳволда эканлигини англаган бўлиши шарт.
Жабрланувчининг алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида атрофдаги вазиятни англай олмайдиган даражада мастлиги, унинг ожиз аҳволда бўлган, деб тан олинишига асос бўлиши мумкин. Бунда жабрланувчини ким бу аҳволга солганлиги аҳамиятга эга эмас.
9. Шахсни ёки унинг яқин қариндошларини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан қасддан ўлдириш жинояти ЖК 97-моддаси иккинчи қисмининг «г» банди билан квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |