5-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси тўғрисидаги битим томонларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 51. Хусусий шерик қуйидаги ҳуқуқларга эга:
соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун керакли маълумотларни давлат шеригидан олиш;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларини ўзгартириш тўғрисида таклифлар киритиш;
соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича давлат шериги айби билан кўрилган зарарни қоплаб беришни талаб қилиш;
битим шартлари давлат шериги томонидан бузилган тақдирда битимни суд тартибида бекор қилишни талаб қилиш.
Хусусий шерик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
52. Хусусий шерик қуйидаги мажбуриятларни бажаради:
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим талабларига ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиш;
қонун ҳужжатларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган жавобгарликни ўз зиммасига олиш.
Хусусий шерик унга давлат-хусусий шериклик шартларида берилган ер участкасини бошқа шахсларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
Хусусий шерик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
53. Давлат шериги қуйидаги ҳуқуқларга эга:
соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун ташқи маслаҳатчиларни жалб этиш;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни хусусий шерикдан ҳар чоракда олиш;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари бажарилиши мониторингини олиб бориш ва соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш натижаларини баҳолаш;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этиш мониторингини олиб бориш доирасида аниқланган қоида бузишлар бартараф этилишини талаб қилиш;
хусусий шерикнинг айби билан юзага келган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объекти бўйича зарарлар қопланишини талаб қилиш;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари хусусий шерик томонидан бузилган тақдирда битимни суд тартибида бекор қилишни талаб қилиш.
Давлат шериги қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
54. Давлат шериги қуйидаги мажбуриятларни бажаради:
танлов ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларни танлов иштирокчиларига тақдим этиш;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланаётган жой ва объект билан танишиш учун танлов иштирокчиларига зарур шарт-шароитларни таъминлаш;
агар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган бўлса, фаолиятни амалга ошириш учун мўлжалланган мол-мулкни унга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун хусусий шерикка бериш;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириши учун зарур бўлган лицензия ва рухсатномаларни олишда хусусий шерикка кўмаклашиш;
хусусий шерикни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ўз инвестициялари ва даромадларини эркин бошқариш ва тасарруф этиш ёки активларини ва амалга оширадиган фаолиятини бошқариш ва назорат қилиш ҳуқуқларини чегараламаслик;
хусусий шерикнинг хўжалик фаолиятига аралашмаслик.
Давлат шериги қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
55. Давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган шартларда имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахсларни имтиёзли тўлов шартлари ёки бепул асосда даволаниш учун хусусий шерикка юборади.