Учинчидан, ишлаб чиқаришнинг барча йўналишлари бўйича фаолликни кучайтириш, бунинг учун импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш орқали, экспорт ҳажмини ошириш ва географиясини кенгайтиришимиз лозим.
Тўртинчидан, замонавий хизмат турларини кўпайтириш, “IT”, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа йўналишларда давлат хизматларини аутсорсинг асосида ташкил этишда ҳам хусусий сектор фаол иштирокчи ва етакчи бўлиши шарт.
Бешинчидан, бизнес вакиллари ҳам ўз кадрлари замонавий билим олишлари учун барча имкониятларини ишга солишлари зарур.
Олийгоҳларда ўқитилаётган тадбиркорлик ва бизнесни бошқариш бўйича таълим йўналишлари, ўқув дастурлари ва методологиясини, амалиёт билан уйғун бўлган замонавий ёндашувлар асосида чуқур қайта кўриш талаб этилади.
Эл-юртга танилган, тажрибали тадбиркорларимиз мактаб, касб марказлари, олийгоҳларда мотивация ва маҳорат дарслари ўтказиб борсалар, ўзларининг мактабларини, ўқув марказлари ва базаларини ташкил этсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Мисол учун, ака-ука Ҳасан, Ҳусан Мамасаидовлар бу борада ижобий тажрибага эга. Бунинг учун давлат томонидан албатта субсидия ва бошқа енгилликлар берилади. Шунда санъаткорлар, олимлар, спортчи ва шифокорлар ўртасида бўлгани каби тадбиркорларимиз орасида ҳам янги сулолалар шаклланади.
Мен янги Ўзбекистонда ана шундай кўплаб тадбиркорлар сулолалари пайдо бўлишига албатта ишонаман ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман.
Олтинчидан, ҳалол тадбиркор, интизомли солиқ тўловчилар сафини кенгайтириш долзарб вазифа бўлиб, бу – яширин иқтисодиётга қарши курашнинг энг мақбул йўлидир.
Жорий йилдан бошлаб, иш ўрни яратишда, инновацияларни татбиқ этишда, солиқларни ўз вақтида тўлашда, экспорт қилишда, етук мутахассислар тайёрлашда барчамизга намуна бўладиган бизнес вакиллари ҳақида ҳар йили “Йилнинг илғор тадбиркорлари” китоби чоп этиб борилади. Бундай тадбиркорларимизни муносиб тақдирлаш ва рағбатлантириш учун алоҳида давлат мукофотларини ҳам таъсис этамиз. Бундан буён тадбиркорларнинг ўз орден ва медаллари ҳам бўлади.
Азиз ватандошлар, бизнес ҳамжамияти вакиллари!
Ўйлайманки, бугунги очиқ мулоқотимиз барчамиз учун жуда фойдали бўлди.
Қанчадан-қанча масала ва муаммоларни самарали ҳал этиш бўйича сизлар билан амалий ечимларни топдик. Энг муҳими, ўртамиздаги ўзаро ишонч ва ҳурмат янада мустаҳкамланди. Сизлар кўтарган долзарб масалалар, уларни ҳал қилиш бўйича берилган аниқ таклифлардан кўриниб турибдики, тадбиркорларимизнинг билим ва савияси кескин ўсган, дунёқараши ўзгарган, иш услуби ва инновацион ёндашувлари бугун мутлақо бошқача.
Мен бундан жуда ҳам мамнун бўлдим.
Бугунги тажрибамиздан келиб чиқиб, ушбу учрашувларни ҳар йили ташкил этсак, буни яхши бир анъанага айлантирсак, сизларга маъқулми?
Do'stlaringiz bilan baham: |