Тўртинчи йўналиш. Бизнес учун зарур бўлган инфратузилма муаммоларини 3 мингга яқин тадбиркорлар кўтарган.
Масалан, Сирдарёда “Gulistan Gold Yarn” корхонаси (Шерзод Тошпўлатов) узоқ муддатдан бери электр тармоғига улана олмаган. Ваҳоланки, ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ва ўз ҳисобидан трансформаторгача олиб келган. Унга озгина ёрдам берилса, корхона 600 та янги доимий иш ўрни яратишга тайёр.
Бундай мазмундаги мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона вилоятларидан кўплаб келиб тушган. Шунинг учун, биринчидан, келгуси йил 1 январдан бошлаб, қиймати 200 миллиард сўмга тенг лойиҳалар бўйича электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади. Бундай имтиёз, ҳозирги кунгача фақатгина 50 миллион доллардан ошадиган хорижий инвесторлар лойиҳаларига қўлланиб келинмоқда.
Иккинчидан, келгуси 2 йилда мамлакатимиз бўйича қўшимча 200 та саноат зонаси ташкил этилади. Уларнинг ҳар бирига камида 15 та корхонани жойлаштириш мўлжалланиб, электр, табиий газ, сув тармоқларига уланиш ва йўл инфратузилмасини яратиш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади. Ушбу мақсадлар учун келгуси йилда давлат бюджетидан 2 триллион сўм маблағ ажратилади.
Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров ва С.Умурзоқов, вилоят ҳокимлари билан бирга, шу йил 1 ноябрга қадар саноат зоналарининг жойлашуви ва аниқ лойиҳалар бўйича таклифларини тайёрласин.
Бундай чора-тадбирлар Сурхондарё, Бухоро, Хоразм, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги ҳудудий саноатдаги улуши анча паст бўлган айрим туманлар учун жуда катта имконият яратади.
Учинчидан, электр энергиясидаги узилишлар кўпчилик тадбиркорларимизни безовта қилаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Бу масала бўйича ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла кесимида алоҳида дастурлар амалга оширилмоқда. Масалан, жорий йил 1 ноябргача 4 мингта трансформаторни алмаштириш, 35 та подстанция, 15 минг километр электр тармоқларини янгилаш ишлари якунига етказилади. Бу ишларни амалга ошириш учун жорий йилнинг ўзида илк бор 3 триллион сўм маблағ ажратганмиз. Ҳолбуки, олдинги йилларда бу ишларнинг 10 фоизи ҳам бўлмаган.
Агар таҳлил қилиб кўрсак, сўнгги 5 йилда электр энергияси истеъмолчиси бўлган тадбиркорлар сони 25 фоизга, уларнинг истеъмол ҳажми 30 фоизга ошган. Шу боис электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш мақсадида тарихимизда илк бор бу соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хусусий бизнес кириб келди. Натижада шу йил якунига қадар тўлиқ хусусий инвестициялар ҳисобидан умумий қуввати 1 минг 800 мегаватт бўлган 8 та иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилади.
Энергетика вазирлиги келгуси йилларда бу каби лойиҳаларни кескин кўпайтириб, 2023 йилга қадар электр энергияси бўйича қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини 4 минг 400 мегаваттга ошириши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |