Фараз ва тахминлар
АҚШ Океан ва атмосфера миллий жамияти вакиллари қуйидаги маълумотни эълон қилишган: "Мазкур ғойиб бўлишлар сабабини аниқлашга бўлган АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари ва Ҳарбий денгиз флоти ва қирғоқ қўриқлови хизматларининг барча ҳаракатлари ҳозирча қониқарли натижа бермади".
"Иблис учбурчаги" номли оммабоп китобнинг муаллифи Ричард Вайнер шундай ёзади: "У ерда афсонавий, ғалати ҳодисалар содир бўлади. Улар ҳамиша ҳам кишилар ва асбобларнинг хатоси, механизмларнинг бузилиши, об-ҳаво
инжиқликлари ва магнит аномалиялари билан боғлиқ эмаслигига мен ишонаман". Номаълум учувчи жисм (НУЖ)лар бўйича мутахассис, "Ғойиблик остонаси" китоби муаллифи Джон Уоллис Спенсернинг изоҳи янада фантастикроқ. Унингча, уммон тубида фазодан келган келгиндилар ўз колонияларига асос солишган. "Мазкур юксак онгли мавжудотлар, – деб ёзади у, – ғойиб бўлган кемалар, самолётлар ва уларнинг экипаж аъзоларидан ўзларининг илмий тадқиқотлари учун фойдаланадилар. Албатта, менинг фаразим ҳақиқатдан узоқ туюлади, аммо бу каби ҳодисалар учун бошқа изоҳ топиб бўлмайди-да". Бермуд учбурчаги масаласига келганда, фазовий келгиндиларни эсловчи назариялар тобора кўпроқ учрамоқда. Кўпчиликнинг тахминича, бу кема ва самолётларнинг сувга ғарқ бўлганидан кўра НУЖлар томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақиқатга яқинроқ. Айниқса, Денгиз ишлари департаменти комиссияси томонидан ўтказилган тадқиқотдан сўнг НУЖлар ҳақидаги фикрлар тобора кўпаймоқда. Бир сафар ғойиб бўлган америкалик бомбардимончилар ҳақида кимдир: "Улар худди Марсга учиб кетгандек, бирдан ғойиб бўлишди" деган эди. Бунинг устига, ғойиб бўлган бешта самолётдан бирининг учувчиси қўрқув аралаш ортидаги бошқа самолёт учувчисига: "Менинг изимдан келма, уларнинг кўриниши худди фазовий келгиндиларга ўхшайди", деганини бир радиоҳаваскор эшитиб қолган экан. Бу хабар Йель университети битирувчиси Чарльз Берлицни жуда қизиқтириб қўйди. У ғойиб бўлган Атлантида ҳақидаги афсоналарнинг ишқибози эди ва Бермуд учбурчагининг сирини ҳам ўша афсонавий қитъа билан боғлашга уринди. Берлицнинг фаразига кўра, қачонлардир Атлантидада улкан қуёшсимон кристалл бўлган ва ҳозирда у уммон тубига тушиб қолган. "Мана шу кристалл, – дея таъкидлайди Берлиц, – кемалар ва самолётларга чалғитувчи сигналлар юборади ва баъзан уларни океан қаърига тортиб кетади".
Do'stlaringiz bilan baham: |