Рақамли тармоқларда маълумотларни алмашлаш жараёни умумий кўринишда қуйидаги тарзда бўлиб ўтади.
Овоз маълумотлари (нутқ) рақамли форматга ўзгартирилади, юқори частотали сигнал билан модуляцияланади ва анъанавий физик қонунларга биноан эфирга узатилади.
Қабул қилиш томонида рақамли сигнални дастлабки аналог кўринишга тескари қайта тиклаш жараёни бўлиб ўтади. Агар дастлаби маълумотлар рақамли бўлса (маълумотлар терминали, компьютер, рақамли алоқа тармоғи, Интернет ва ҳ.к), у ҳолда аналог-рақамли ўзгартириш босқичи бўлмайди.
Рақамли радиоалоқа тизимларида манипуляциялаш
Тўғридан-тўғри кодлаш/декодлашдан ташқари, сигнал маълумотларни йўқотилишини олдини оладиган қатор ўзгартиришларга учрайди. Овозни рақамлаштириш ва кодлаш жараёни махсус қурилма – вокодер орқали амалга оширилади. Айнан унга кодлаш алгоритми боғлиқ бўлади. Турли рақамли алоқа тизимлари турли алгоритмларни ишлатади ва мос равишда турли вокодерларда қурилади.
Аналог-рақамли ўзгартириш жараёни квантлаш – узлуксиз катталикни вақт, сатҳ бўйича ёки ҳар иккала параметрлар бўйича бир вақтда дискретлаштириш ва кодлашни ўз ичига олади
Квантлашда узлуксиз катталик маълум қонун бўйича ажратилган ва биргаликда дастлабки катталикни акс эттирадиган унинг оний қийматлари кетма-кетлигига ўзгартирилади. Кодлашда квантлаш жараёнида ажратилган дастлабки катталикнинг оний қийматлари ўлчанади ва натижалар рақамли кўринишда, бу ҳолда иккилик кодда қайд этилади. Қабуллагичга тушганидан рақамли сигнал декодланади ва рақамли-аналог ўзгартириш ёрдамида дастлабки аналог сигналга қайта тикланади.
Рақамли алоқа тизимларида аналог сигналларни ўзгартириш ва узатиш принципи
Рақамли сигнални радиоканал бўйича узатилиши учун уни юқори частотали кўринишга ўзгартириш зарур бўлади. Бунинг учун аналог алоқа тизимлардаги каби модуляциялаш (манипуляциялаш) хизмат қилади. 0 ва 1 иккилик символлар оқими бўлган рақамли сигнал ташувчи - ўзгармас амплитудали ва частотали аналог юқори частотали сигналга қўшилади ва кейин эфир бўйлаб узатилади. Учта манипуляциялаш усули энг кенг қўлланилади
Рақамли сигнални учта манипуляциялаш усули
Амплитудавий манипуляциялашда (ASK amplitude-shift keying) модуляциланадиган тўлқин сигналнинг амплитудасини иккилик маълумотларга мувофиқ (масалан, юқори сатҳдан пастга) ўзгартиради. Частотавий манипуляциялашда (FSK frequency-shift keying) битлар оқими иккита частоталар орасидаги ўзгаришлар билан берилган. Фазавий манипуляциялашда (PSK phase-shift keying) амплитуда ва частота ўзгармасдан қолади, битлар оқими эса модуляцияланган сигнал фазаларининг ўзгаришлари орқали берилган.
.
Аналог алоқа тизимларининг рақамли алоқа тизимларидан фундаментал фарқи фақат дастлабки маълумотларни тайёрлаш ва кодлаш усули ҳисобланади. Радиостанцияларнинг радиотўлқинларни қабул қилиниши ва узатилишига жавоб берадиган юқори частотали қисми эса барча радиоалоқа турларида деярли бир хил қолади. Бинобарин, вазият биринчи алоқа тизими намойиш этилган 1895 йилдан буён ўзгармай келмоқда. Технологиянинг барча ютуқларида ҳам фундаментал физик қонунларга муқобиллар ҳозирча йўқ.