Фарзанд – ота-она қувончи, амалга оширилган ва оширилиши лозим бўлган барча юмушларнинг давомчиси, келажак пойдевори эканлиги ҳам аслида, шундан. "Иморатнинг мустаҳкам бўлиши пойдеворга боғлиқ”, деган азалий гапга асосан фарзандларимизни гўдаклик ёшидан ҳар томонлама парваришлаб, вояга етказиш қанчалар муҳимлигини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бунинг учун ота-онага кўмакчи бўлган халқ орасида "боғча” деб аталадиган мактабгача таълим ташкилотлари нинг ўрнини ҳаммамиз яхши англаймиз.
Яна шуни қувонч билан хабар қилмоқчиманки, 2020 йил 17 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Ушбу қонуннинг мақсади мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Энди 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни босқичма-босқич давлат МТТ ва Оилавий НМТТларга, 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни босқичма-босқич нодавлат МТТларга қамраб олиш тараддуди кўрилади. 6 ёшли болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олиш 2021 йилнинг сўнгигача ташкил этилади. Боланинг соғлом ўсиб ривожланиши учун тўғри овқатланишига жуда катта эътибор берилади. Малакали ошпазлар кунлик талаб этиладиган витаминларга бой 5 маҳал овқат тайёрлашади ҳамда барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари босқичма-босқич Аитсорцинг тизимига ўтказилади.
Инглиз ва рус тилларни мукаммал ўргатишга йўналтирилган машғулотлар билан бирга болаларнинг кенг қамровли қизиқишларини инобатга олган ҳолда санъат, мусиқа, рақс ва каратэ тўгараклари ҳам ташкил этилган. Бундан ташқари, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги турли ўйин ва машғулотлар болангизнинг сифатли таълим олишига кўмак беради.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари қуйидаги турлар бўйича ташкил этилади:
- умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотлари;
- кўп тармоқли ихтисослашган мактабчага таълим ташкилоти;
- инклюзив гуруҳларга эга мактабгача таълим ташкилоти;
- қўшма турдаги мактабгча таълим ташкилоти.
Давлат мактабгача таълим ташкилотида болани тарбиялаш, ривожлантириш ва унга таълим беришга кўмаклашиш мақсадида кузатув кенгаши ташкил этилиб, унинг таркиби ушбу ташкилотга борадиган болаларнинг қонуний вакиллари, ўз ходимлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари орасидан шакллантирилади.
Директор давлат мактабгача таълим ташкилотининг раҳбари ҳисобланади.
Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар мактабгача таълим ва тарбия соҳасида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти сифатида хизмат кўрсатади. Унда кўпи билан 25 нафар мактабгача бўлган ёшдаги боланинг таълим ва тарбия олишига йўл қўйилади.
Бир нечта кўп квартирали уйдан ёки якка тартибдаги уйлар гуруҳларидан иборат бўлган янги турар жой мажмуаларини лойиҳалаштириш ва қуришда кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларида ёхуд алоҳида бино тарзида ҳар бир икки юзта квартира ёки якка тартибдаги уйлар учун камида элликта ўриндан келиб чиққан ҳолда мактабгача таълим ташкилотининг мавжуд бўлиши шартлиги назарда тутилади
Маълумот учун шуни айтиш керакки, Қизилтепа тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфида 2020 йил 15 март ҳолатида 35 та давлат МТТ, 7 та ДХШ асосида НМТТ ва 48 та ОНМТТ (қуввати 2275 ўринли) фаолият олиб бормоқда.
2020 йил 15 мартҳолатида жами 3-7 ёшли болалар сони – 10945 нафар, қамраб олинган 3-7 ёшли болалар сони – 6020 нафар (55 фоиз) ва қамраб олинмаган 3-7 ёшли болалар сони – 5175 нафар (45 фоиз)ни ташкил этади. Бу болаларнинг қамраб олиниши ҳам босқичма-босқич амалга оширилади.
Донолар ёшликни баҳорга қиёслашади. Зеро, бу фаслда ерга тушган ҳар қандай уруғ ниш отади, гуллаб яшнайди. Кузда йиғилиб қиш учун заҳира қилинадиган ҳосил салмоғи ҳам кўкламдаги меҳнатга боғлиқ. Ана шу ҳикматдан келиб чиққан ҳолда эртамиз эгалари мактаб остонасига қадам қўйган дастлабки кунларданоқ замон талабларига мос таълим-тарбия олиши, уларнинг онгу қалбини эзгу фазилатлар, Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига садоқат каби инсоний туйғулар билан бойитишга эътибор қаратилиши лозим. Зеро, мактабгача таълим тизимидаги бугунги ислоҳотлардан нафақат ота-оналар, балки давлатимизнинг ҳам умиди катта.
Яратилаётган имкониятларни кўриб, гоҳида беихтиёр болалик давримга қайтгим, мен ҳам ана шу имкониятлардан фойдалангим келади. Кенг, ёруғ ва шинам хоналарда болажонларнинг шодон кулгиларини эшитиб хурсанд бўламан. Демак, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг келажакда соғлом, ҳур фикрли бўлиши, элга нафи тегадиган инсон бўлиб вояга етиши учун аввало пойдеворни мустаҳкам қўрмоғи даркор.
Азиз ота-оналар! Фарзандингизнинг келажаги порлиқ бўлсин десангиз, унинг мактабгача таълим ташкилотларида таълим олиши учун шароит яратинг. Берилган имкониятлардан фойдаланинг.