Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини қайта қуриш жараёнлари ва меҳнаткашларнинг турмуш шароитлари муаммолари
(XX асрнинг 20-йиллар иккинчи ярми – 30-йиллар )
Шоймардонов И.
ҚарДУ ПИ катта
ўқитувчиси, т.ф.н
Ҳозирги даврда ўтмиш тарихимизга янгича тафаккур руҳи билан қараш ва ундан илмий хулосалар чиқариш катта аҳамиятга эга. Чунки бу узоқ вақт давом этган маъмурий-буйруқбозлик тизими шароитида социализм қурилиши ишлари билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий жараёнларга ҳам тегишлидир.
ХХ асрнинг 20-йиллар иккинчи ярмида Сталин бутун ҳокимиятни ўз қўлига олиш мақсадида ўзининг барча ҳаракатларини бошлаб юборган эди. Ўша вақтларда ҳали пухта бир илмий назариянинг яратилмаганлиги, ғалла тайёрлашдаги танглик янги иқтисодий сиёсатни тугатишга сабаб бўлди. Бу даврдаги қийинчиликларни биргаликда, оқилона ҳал қилиш ўрнига “диктатор” ўз билганича иш тутди. Унга қарши чиққанлар эса қамалди, сургун қилинди, отиб ташланди. Оқибатда ҳокимиятни тўсиқсиз эгаллаб олишга, уни суистеъмол қилишга, ғоятда кучли тоталитар, маъмурий-бюрократик тизимнинг шаклланишига йўл очилди.
Ўзбекистонда иқтисодиётнинг асосини қишлоқ хўжалиги ташкил қилар эди. 1928 йилга келиб қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қиймати 192 млн сўм, саноат маҳсулотлари қиймати эса 240 млн сўмга етди[1].
1929 йил ноябрида собиқ фирқа Марказий Қўмитаси Пленуми олдинда турган барча вазифаларни янгича белгилаб берди: “коллективлаштириш ва совхозлар тузилиши жараёнларини жадаллаштириш”, “индустрия тараққиётини жадаллаштириш”. Ана шу асосда “пролетар диктатураси мамлакатида социализм қурилиши иши тарихий қисқа муддатларда ўтказилиши мумкин” деган сўлларча-утопик кўрсатма берилган эди.
Бундай аҳвол собиқ иттифоқ таркибига кирган Ўзбекистонда ҳам осон кечмади. Ўрта Осиё халқларининг азалий ҳудудий чегаралари бузила бошланганидан кейин бу ҳолат янада жиддийлашди. Мана шундай вазиятда партия ва маҳаллий ҳокимият органлари хўжалик ва маданий ишларни янада жонлантириши зарур эди.
Дастлаб Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини мамлакат марказининг ижтимоий-иқтисодий даражаси билан тенглаштириш масаласи турар эди. Бу ҳудудий-давлатчилик таркибида Ўзбекистон ҳам бўлган минтақанинг техникавий-иқтисодий қолоқлиги билан боғлиқ эди. Совет давлат хўжалик сиёсатининг индустриал-саноат қурилиши ва аграр секторида туб ўзгартиришлар асосида халқ хўжалиги мажмуидаги номутаносибликни бартараф этишдан иборат асосий вазифа келиб чиқар эди. Мана шу муносабат билан Ф.Хўжаев 1925 йилда бундай ёзган эди: “Биздаги саноат қишлоқ хўжалигимиз билан чамбарчас боғланган ва унинг ривожланишига боғлиқдир, чунки саноатимиз қишлоқ хўжалик маҳсулотининг 80-90 фоизини ишлатиш ва қайта ишлаб бериш билан шуғулланмоқда... Яқин вақтлар ичида Ўзбекистон Републикасида йирик саноат барпо қилмоқ учун биринчи навбатда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, маблағлар тўплашга эътибор бериш керак ”[2].
Аграр секторни қайта ташкил этиш масалаларини ҳал этишда Ўзбкистонда ердан фойдаланишнинг маҳаллий ўзига хослиги билан боғлиқ катта қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келди. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги дастлабки тадбирлар ер-сув ислоҳотини амалга оширишга, кейинги чора-тадбирлар эса деҳқон хўжаликларини коллективлаштиришга қаратилган эди. Деҳқон хўжаликларининг 80% дан кўпи 20-йилларнинг охирига келиб кооперативлаштиришнинг турли шакллари билан қамраб олинган эди[3].
Аграр сектордаги қайта ўзгаришлар қишлоқ хўжалигини тубдан қайта қуриш, уни машиналар билан таъминлаш, қишлоқ меҳнаткашларининг умумий маданиятини, маълумот ва техник савиясини кўтариш масаласини кун тартибига қўйди. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг паст даражаси умумий иқтисодий ривожланишни таъминлай олмас, республиканинг бундан кейинги тараққиёт йўлига жиддий тўсқинлик қилар эди.
1925 йил 2 декабрда ЎзССР Советлари Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ Комиссарлари Совети “Ер ва сувни национализация қилиш ҳақида” Декрет ва “Ер-сув ислоҳоти тўғрисида” Декрет қабул қилди. Бу ҳужжатларга мувофиқ “ўзининг шахсий меҳнати билан ва оила аъзоларининг меҳнати билан ерга ишлов беришни хоҳловчи меҳнаткаш деҳқонларга ва уларнинг ширкатларига, жинси ва миллатидан қатъи назар, шунингдек шаҳарчалар, давлат муассасалари ва кооператив ташкилотларга қишлоқ хўжалиги ерлари ва сувларидан фойдаланиш”[4] ҳуқуқи берилган эди.
Ўзбекистонда аграр қайта ўзгартиришлар партия қарорларига мувофиқ амалга оширилди. ВКП(Б) Марказий Қўмитасининг 1929 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Пленуми қуйидагиларни таъкидлади: “... қишлоғида (овулида) феодал уруғчилик муносабатларининг қолдиқлари ҳали кучли бўлган, кўчманчи ва ярим кўчманчи хўжаликдан ўтроқликка ва ерни ишлаб деҳқончилик қилишга ўтиш жараёни юз бераётган миллий районларда ҳам коллективлаштириш ўтказиш ва қишлоқ хўжалигига илғор машина техникасини жорий қилиш омманинг моддий ва маданий даражасини оширишда ва уни социалистик қурилишга жалб қилишда жуда муҳим роль ўйнайди”. Ўзбекистонда аграр қайта ўзгартиришлар партиянинг мана шундай кўрсатмалари асосида олиб борилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Иттифоқ тизимида асосий пахта базаси эди ва шу боисдан фуқаролар урушидан кейин бу ерда пахтачиликнинг тикланиши ва ривожланиши давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари бўлган қишлоқ Советларининг хўжалик-ташкилотчилик фаолияти билан, уларнинг қишлоқ хўжалигини қайта қуриш ва меҳнаткашларнинг турмуш шароитларини яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилишлари билан боғлиқ ҳолда ҳал қилинарди.
1920 йиллар иккинчи ярмида ер-сув ислоҳоти ўтказилди. Бундан мақсад ер ва сувни ҳисобга олиш, улардан фодаланишни маълум бир меъёрга келтириш ҳамда уларга нисбатан назоратни ташкил этиш эди. Фақат Ўзбекистоннинг тўрт вилоятида: Фарғона, Тошкент, Самарқанд ва Зарафшон вилоятларида ер-сув ислоҳоти ўтказиш натижасида ерсиз ва кам ерли деҳқонларга бериш учун 219513 десятина ер ажратилди. Ислоҳот 24572 хўжаликда ўтказилди. Ислоҳот натижасида “помешчик” типидаги 751 хўжалик тугатилди; бу хўжаликларнинг ҳар бирида 40 минг десятинадан ортиқ ер бор эди. Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ер-сув ислоҳоти ўтказилиши натижасида 42664 десятина суғориладиган ер деҳқон хўжалигига топширилди [5].Афсуски, ислоҳотни амалга ошириш жараёнида бир қанча жиддий хатоликларга йўл қўйилди. Ислоҳот бўйича хўжаликлардан ва деҳқонлардан меъёрдан ортиқ ерлар тортиб олинди. Бундан ташқари, деҳқон хўжаликлари “ортиқча” қишлоқ хўжалик асбоб-ускуналари, от-улов ва бошқа энг муҳим нарсаларидан ажралдилар. Ўтказилган ер-сув ислоҳотининг оқибати шу бўлдики, натижада ишбилармон деҳқонларнинг меҳнатга бўлган иштиёқи сўндирилди, ишлаб чиқариш суръатлари кескин даражада пасайиб кетди. Булар ҳам иқтисодиётнинг оғир аҳволда қолишига сабаб бўлди.
“Пахта мустақиллиги” учун кураш қишлоқдаги умумий қайта ўзгартиришлар билан бирга олиб борилди. Коллективлаштиришнинг кенг қулоч ёйиши, пахтакор хўжаликларнинг ташкил этилиши ва ташкилий-хўжалик жиҳатдан мустаҳкамланиши мамлакатни пахта хом ашёси билан таъминлашда асосий йўналишлардан бирига айланди.
1930 йил 18 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ Советлари ҳақида Низом” қабул қилинди. Унда “қишлоқ Советларининг асосий вазифаси коллектив хўжаликлар ва бошқа коллектив бирлашмалар ташкил қилиш йўли билан қишлоқ хўжалигини социалистик асосда қайта қуришга раҳбарлик қилишдан иборатдир” деб таъкидлаб ўтилди. Қишлоқ Советлари, шунингдек, колхоз қурилишида қатнашувчи ҳамма муассаса ва корхоналарнинг, колхозларнинг ўзларининг қилган ишлари ҳақида вақт-вақти билан уларнинг ҳисоботларини эшитиб, коллектив хўжаликларнинг режаларини қараб чиқиш ва тасдиқлаш ҳуқуқига ҳам эга эди.
Мураккаб ижтимоий-иқтисодий шароитларга қарамасдан қишлоқ аҳолиси меҳнатини ташкил этиш ва уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш масалалари борасида маълум ишлар қилинди. Чунки меҳнат шароитини яхшилаш, уни инсонга хос даражага кўтариш ҳамиша меҳнаткашларнинг муҳим иқтисодий талабидир. Қаерда меҳнат шароити яхши ташкил этилган бўлса ўша ерда кишиларнинг саломатлиги ва иш қобилиятлари юқори даражада бўлади. Бу эса ўз-ўзидан меҳнат унумдорлигининг ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг ўсишига олиб келади.
1930 йилда уй-жой қурилишига салкам 5 млн.сўм сарфланди. Шундан Тошкент округига – 500 минг, Самарқанд округига – 400 минг, Бухоро округига – 250 минг, Фарғона округига – 500 минг сўм берилди [6].
1933 йилда ҳукумат томонидан уй-жой қурилиши эҳтиёжларига 16,9 млн.сўм, коммунал хўжаликка 37,6 млн.сўм ажратилди [7]. 1937 йилда Ўзбекистон уй-жой коммунал хўжалигига ажратилган маблағлар 122 млн.сўмгача оширилди [8].
Сталинчи раҳбарият амалда зўрлаш усулларини ишлатган ҳолда Ўзбекистонда деҳқонларни коллектив хўжаликка олиб кириш йўлига ўтиб олди. “Ялпи коллективлаштириш” шунга олиб келдики, колхозлар сони 1928 йилдаги 675 тадан (9428 якка деҳқон хўжаликлари) 1932 йилда 9155 тага (662473) етди [9]. Бироқ бу ўзбек деҳқонларининг кооперативлаштиришга тайёр бўлганликларидан келиб чиқмаган эди.
Қулоқлаштириш, колхозлар ва совхозларнинг ташкил этилиши, якка деҳқон хўжаликларининг бирлаштирилиши маъмурий куч ишлатиш усуллари билан амалга оширилди ҳамда деҳқонларнинг коллективлаштириш сиёсатидан оммавий норозилигини келтириб чиқарди. Бундан ташқари, 30-йиллар бошида деҳқонлар ҳаракати жонланиб кетди. Бунга сабаб шу эдики, 1917 йилга қадар қишлоқларда бой деҳқонлар катта ижтимоий-иқтисодий роль ўйнар эдилар. Октябрь тўнтаришидан кейин содир бўлган бир қанча салбий жараёнлар туфайли уларнинг аҳволи анча оғирлашган эди. Шунинг учун уларнинг баъзилари чет элдаги гуруҳлар билан алоқада бўлдилар ва ижтимоий адолатни тиклаш мақсадида улар билан биргаликда ҳаракат қилдилар [10].
Ўзбекистонда амалга оширилган аграр қайта ўзгартишларнинг асосий мазмуни пахта “яккаҳокимлиги”нинг буйруқбозлик билан жорий этилиши бўлди. Шу билан бирга пахта толасининг ҳарид нархлари паст бўлиб, унинг таннархи ва меҳнат сарфларига мувофиқ келмас эди. Қишлоқ меҳнатчилари учун зарур иқтисодий рағбатлар яратилмаган эди. Пахта толаси таннархининг харажатларга мос келмаслиги шунга олиб келдики, республика давлат (умумиттифоқ) дотациясига тушиб қолди, “боқиманда”га айланди.
ХХ асрнинг 20-йиллар иккинчи ярми – 30-йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ривожланишининг кўплаб масалаларини ҳал этиш ҳуқуқий ва ахлоқий нормаларни оёқ ости қилувчи усуллар билан жадал суръатларда ўзбек халқининг миллий ўзига хослиги ва тарихий, маданий анъаналарини ҳисобга олмасдан амалга оширилди.
Ер-сув ислоҳотининг амалга оширилиши натижасида қишлоқ хўжалиги жуда кўпгина ишбилармон, тадбиркор деҳқонлардан жудо бўлди. Коллективлаштириш сиёсати оқибатида якка хўжаликлар тугатилиб, жамоа хўжаликлари – колхозлар пайдо бўлди. Натижада ер бутунлай колхоз мулки бўлиб, хусусий ерлар тортиб олинди. Ижарага олиб ишлаб бериш, ҳар хил кооперативлар – ширкатларга барҳам берилди. Бундай ҳолат иқтисодиётимизга салбий таъсир қилди. Бу эса меҳнаткашлар турмушининг янада оғирлашишига олиб келди.
Суғориладиган ер майдонларининг камлиги, қишлоқ хўжалигининг кўп меҳнат талаб қилиши, нафақат мардикорчилик, балки ижарачилик-ёлланма меҳнатнинг турли-туман шакллари кенг тарқалишига сабаб бўлди. Ёлланма меҳнатнинг кўп тарқалган шакли “Чоракорлик” эди. Чоракорликда, одатда, камбағал деҳқон бегона хўжаликдан ер, уруғлик, ишлаб чиқариш қуролларини олиб, ўзи мустақил хўжаликни юритган ва ер эгасига ҳосилнинг маълум бир улушини бериш билан ҳисоб-китоб қилган. Бу улуш ҳосилнинг ½ қисмини ташкил этган [11].
Шуни айтиш керакки, тадқиқ қилинаётган даврда қишлоқларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга қишлоқ советларининг бутун фаолияти қаратилган эди. Бироқ маъмурий-буйруқбозлик тизими даврида советларнинг ҳам Коммунистик партия кўрсатмалари асосида иш олиб бориши табиийдир. Бундан ташқари советларнинг фаолияти уларнинг таркибига ҳам боғлиқ эди. Чунки сайлов ҳуқуқидан савдогарлар, қулоқлар, бойлар, мулкдорлар ва бошқалар маҳрум этилган эди. Муҳими шундаки, бу кишилар рўйхатининг бир нусхаси аҳоли яшайдиган жойларда илиб қўйилиши лозим эди. Аниқ ва пухта бундай ҳисоб-китоб ўтказишдан мақсад камбағал деҳқон ва ишчидан ташқари ҳамма кишиларнинг ижтимоий аҳволи ҳақидаги маълумотлар НКВД органлари учун жуда зарур эди. Бундай маълумотларнинг нима учун керак бўлганлиги ҳозирги кунда барчага аёндир. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, маҳаллий советларга бўлаётган сайловларнинг асосий қонунлари тўла бажарилмас, аҳоли кўпинча бундай сайловларда иштирок этмас эди. Баъзан депутатлар деҳқонлар билан ҳисоблашмас, у ёки бу иш билан келган деҳқонларни идорадан ҳайдаб чиқарар эди. Халқнинг иштирокисиз сайланган, у билан боғланмаган бундай депутатлар ўзларини ҳукмдор деб билиб, нимани хоҳласа ўшани қилар эди. Албатта бундай депутатлар бор советлар меҳнаткашлар манфаатини кўзлаган ҳолда иш юритмасдан, балки ўша тоталитар тузумга ўзларининг содиқ эканликларини амалда исботлар эди.
Умуман олганда, мазкур даврда партия ва маҳаллий советлар томонидан қишлоқ хўжалигини қайта қуриш ва аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш борасида бир қанча чора-тадбирлар кўрилди. Бироқ кўрилган бу чора-тадбирлар ижтимоий кескинликни бир оз юмшатиши мумкин эди, холос. Ҳали қишлоқларнинг ижтимоий қиёфасини тубдан ўзгартириш, деҳқонларнинг яхши меҳнат қилиб, яхши ҳордиқ чиқаришларини янада яхшилаш муаммолари турар эдики, булар фаоллик билан иш олиб боришни тақозо этар эди. Афсуски, юқорида таъкидланганидек, республикамиздаги жуда кўп маҳаллий советлар бу каби муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланмасдан ҳукмрон партия олиб бораётган сиёсатни, маъмурий-буйруқбозлик тизими йўналишларини тарғиб қилиш билан овора бўлдилар. Шунинг учун ҳам бу йилларда қишлоқ хўжалигини қайта қуриш ва аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш борасида муаммолар кўп эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |