I.2.ХЎЖАЛИК МАБЛАҒЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШ МАНБАЛАРИ.
Корхоналар ўз хўжалик жараёнларини амалга ошириши учун маълум бир маблағлар заҳираси талаб қилинади. Бундай маблағларга асосий воситалар, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар, пул маблағлари ва бошқа турдаги маблағлар мисол бўлади. Корхоналар бундай маблағларга эга бўлишлари учун турли корхона ва шахслардан қарзлар, банклардан кредит олишга мажбур бўлади. Ушбу маблағларнинг ташкил топиш манбалари ҳам қарзлар ёки кредитлар ҳисобланади. Булардан ташқари корхонанинг ўз фойдаси ҳам маблағларининг ташкил топиш манбаси ҳисобланади. Корхона фаолиятини бошқаришда унинг қандай маблағларга эга эканлигини билиш зарурдир. Корхона маблағлари икки қисмга гуруҳланади:
1. Турлари ва жойлашишига қараб;
2. Ташкил топиш манбаи ва қандай мақсадларга йўналтирилганлигига қараб.
Турлари ва жойлашишига қараб ишлаб чиқариш воситалари, муомала соҳасидаги маблағлар, ноишлаб чиқариш соҳасидаги маблағларга бўлинади. Ишлаб чиқариш воситалари меҳнат воситалари ва меҳнат буюмларидан иборат бўлади.
Меҳнат воситалари-инсоннинг яратаётган буюмларига ўз таъсирини ўтказувчи воситалар ҳисобланади. Меҳнат воситалари таркибида ишлаб чиқариш қуроллари (машиналар, асбоб-ускуналар) етакчи ролни ўйнайди. Ишлаб чиқариш қуроллари ёрдамида ишчилар меҳнат буюмларининг ташқи кўринишини ўзгартирадилар, уларга янги тус берадилар ва меҳнат маҳсулига айлантирадилар. Шунингдек, меҳнат воситаларига иморатлар, иншоатлар, транспорт воситалари, хўжалик жиҳозлари мисол бўлади. Меҳнат буюмлари маҳсулот тайёрлашда бошланғич материаллардан иборат бўлади. Уларга хом-ашё ва материаллар, сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар, тугалланмаган ишлаб чиқаришлар мисол бўлади. Барча меҳнат воситаларининг умумийлиги шундаки, улар фақатгина бир ишлаб чиқариш жараёнида истеъмол қилиниб, ўзларининг қийматини тайёрланаётган тайёр маҳсулот таннархига тўлалигича ўтказади.
Муомала доирасидаги маблағларга пул маблағлари, дебиторлик қарзлари ва бошқа муомалаларда хизмат қилувчи маблағлардан иборат. Муомала буюмлари корхонада ишлаб чиқарилган ва сотиш учун мўлжалланган тайёр маҳсулотлардан иборат. Жойлашган жойига қараб муомала буюмлари омбордаги тайёр маҳсулот ва ортиб жўнатилган товар (тайёр маҳсулот)га бўлинади. Пул маблағлари ҳар-хил тўловларни амалга ошириш учун хизмат қилади. Муомала соҳасига хизмат қилувчи маблағлар шу соҳага хизмат қиладиган ҳар хил бинолар, асбоб-ускуналар ва жиҳозлардан иборат. Ноишлаб чиқариш соҳасидаги маблағларга мазкур корхона ихтиёридаги уй-жой хўжалиги, маданий-маиший мақсадларга мўлжалланган ва соғликни сақлаш воситалари киради. Бу маблағларнинг барчаси корхона ходимларига хизмат қилиш ҳамда уларга зарур бўлган маиший шароитларни яратиш учун мўлжалланган.
Хўжалик юритувчи субъектларда фаолият юритиш учун етарли хўжалик маблағлари бўлиши лозим. Бундай маблағлар келиб чиқишига кўра турли манбалардан ташкил топади. Корхона маблағларининг ташкил топиш манбалари қандай мақсадларга йўналтирилганлигига қараб қуйидаги гуруҳларга бўлинади:
- корхонанинг ўз маблағларининг манбалари;
- қарзга олинган маблағларнинг манбалари.
Корхона ташкил этилаётган пайтда мавжуд бўлган барча ўз маблағларининг пулдаги ифодаси устав капиталининг ҳажмини ифодалайди. Устав капиталининг ҳажми корхонанинг Низомида кўрсатилади. Корхонанинг ўз маблағлари манбаига қўшилган капитал, заҳира капитали, тақсимланмаган фойда, мақсадли тушумлар, келгувси давр ҳаражатлари ва тўловлари учун заҳиралар ва бошқалар ҳам мисол бўлади.
қарзга олинган маблағлар манбаларига қисқа ва узоқ муддатли қарзлар, кредитлар мисол бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |