Шахснинг тузилиши
Шахснинг психологик тузилиши, психологик хусусиятларининг бирикмаси ҳар бир конкрет одамда барқарор бирликни ташқил этади, бу эса шахс психолгик тузилишининг нисбатан доимийлиги деб қаралиши мумкин. Психик ҳолатлар доим ўзгариб турса ҳам, ҳар турли ижтимоий гуруҳларда ва ҳар ҳил ҳаётий вазиятларда одам ўз зиммасига олган роллари билан боғлиқ ҳолда хулқ–атвори ўзгариб турса ҳам, ёшнинг ўзгариб бориши ва ҳоказолари билан боғлиқ бўлган ўзгаришлар содир бўлса ҳам шахснинг психик қиёфаси маълум даражада барқарор бўлиб қолаверади.
Шахснинг психологик тузилишига икки хил қараш мавжуддир. Идеалист олимлар шахс тузилишини фақат биологик факторлар (анатомик – физиологик тузилишга) боғлаб тушунтирсалар, бошқалари фақат ижтимоий факторларга боғлайдилар. Аслида шахс тузилишида икки факторнинг ҳам роли бор. Лекин шахс тузилиши ва унинг шаклланишида ижтимоий факторнниг роли каттадир. Чунки шахс ижтимоий категориядир.
Бундан ташқари, шахс фаоллигининг манбаи масаласида ҳам икки хил қараш мавжуддир. Биринчи гуруҳ тарафдорлари шахс активлигини биологик факторларга боғлайдилар. Шахснинг шаклланишини ва фаоллигини биологик факторларга боғловчилардан энг оммавийси фрейдизм бўлиб ҳисобланади. Бу таълимотнинг асосчиси австриялик врач ва психолог Зигмунд Фрейд бўлиб, унинг таълимотига кўра шасх психологик ҳаётининг асосини жинсий лаззат олишга қаратилган туғма, онгсиз майллар ташқил этади.
Фрейднинг баъзи шогирдлари унинг бу таълимотига қарши чиққан. Масалан, Адольф Адлер (1870 – 1937) нинг фикрича, шахс психологик ҳаётининг асосини сексуал майл эмас, балки устунликка, ҳокимиятга, бошқа кишилар устидан ҳукмронлик қилишга бўлган табиий майл ташқил этади.
Ваҳоланки, шахс фаоллигининг манбаи турли эҳтиёжлардир. Мана шу эҳтиёж одамни маълум тарзда ва маълум йўналишда ҳаракат қилишга ундайди. Эҳтиёж шахс фаоллигининг манбаи сифатида намоён бўладиган ва унинг конкрет яшаш шароитига боғлиқлигини ифодаловчи ҳолатдир.
Шахс эҳтиёжларидан ташқари, қизиқишларга ҳам эга бўлади. Қизиқишлар деганда одамнинг билиш жараёни билан боғлиқ эҳтиёжларининг ҳиссий намоён бўлиши тушунилади. Билиш эҳтиёжларини қондириш билимлардаги камчиликларни тўлдиришга, шароитга яхшироқ мослашишга, ўзи учун аҳамиятли нарсаларни тушунишга ёрдам беради.
Фаолият жараёнида қизиқишларнинг роли ниҳоятда каттадир. Қизиқишлар мазмунига, мақсадига, кенглиги ва мустаҳкамлигига қараб классификация қилиниши мумкин.
Шахс ўз эътиқодига ҳам эга бўлади. Эътиқод шахснинг ўз қарашлари, принциплари, дунёқарашларига мос равишда ҳаракат қилишга ундовчи англанган эҳтиёжлар йиғиндисидир. Эътиқодли киши ҳеч қачон ўз принциплари, қарашлари, мақсадларидан чекинмайди. Ҳозирги тарбиямиздан мақсад ҳам эътиқодли, имонли, маънавий етук кишиларни тарбиялаб етиштиришдир.
Шахсда тилаклар ҳам мавжуд бўлади. Тилак ҳатти–ҳаракат мотиви бўлиб, у кишини ҳаракат қилишга ундайди. Тилак ният, орзу, эҳтирос шаклларида намоён бўлиши мумкин. Улар юксак ва паст бўлиб, одамлар фаолияти ва жамият ҳаётида турли рол ўйнаши мумкин.
Қизиқишлар, эҳтиёжлар, эътиқодлар, тилаклар англанилган ҳаракатлардир. Лекин инсонда англанилган мотивлардан ташқари, англанилмаган майллар ҳам борки, инсон ҳаётида катта аҳамиятга эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |