Шаҳар ҳосил қилувчи омиллар. Шаҳарларнинг генетик типлари
1.Шаҳарларнинг вужудга келиши ва ривожланишига таъсир этувчи омиллар
2.Шаҳарларнинг шаклланишида географик ўриннинг роли
3.Шаҳарларнинг генетик типологияси
1.Шаҳарлар дуч келган ерда, ўз-ўзидан вужудга келавермайди, улар қулай географик ўринда, аҳоли эҳтиёжига кўра, турли омиллар таъсирида шаклланади. Дастлабки шаҳарларнинг шаклланишида табиий шароит муҳим рол ўйнаган, шаҳарлар асосан иссиқ минтақаларда, суғорма деҳқончилик ривожланган ерларда пайдо бўлган. Инсоният ҳаёти тарихида уч асосий ўзгаришлар юз берган:
1. – мил.авв. 7000 йилликда қишлоқ хўжалигининг ривожланиши натижасида юзага келган инқилоб ва Ироқдаги Жармо, Исроилдаги Жеричо каби неолит даври манзилгоҳлари ривожланиши бўлган.
2. – саноатдан олдинги инқилоб бўлиб, у шаҳарларни юзага келтирган.
3. – ХVIII-ХIХ асрлардаги саноат инқилоби бўлиб, бизнинг ҳозирги шаҳарларимиз илк кўринишини яратиб берган. Бу шаҳарлар ҳозирги постиндустриал шаҳарларгача бўлган даврни ўз ичига олади. Aтроф-муҳит, рельеф, иқлим, табиий ресурслар ва ижтимоий вазият илк шаҳарлар ўсишига асосий таъсир кўрсатувчи омиллар бўлганлигини биз Яқин Шарқ шаҳарларининг Тигр ва Евфрат дарёлари оралиғида жойлашганлиги, дарёлар шаҳарларни нафақат сув, балки, унумдор тупроқ билан ҳам таъминланганлигида кўришимиз мумкин. Aгар харитага қарасак, табиий шароити ноқулай бўлган ўлкаларда, чўл, тоғ ёки совуқ минтақаларда уларнинг ниҳоятда сийрак жойлашганини кўрамиз. Қадимда шаҳарлар савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик негизида пайдо бўлган. Кейинчалик бунга энг кўп саноат ва транспорт сабабчи бўлган.
Кўп ҳолларда гарчи табиий шароит ноқулай бўлсада, табиий ресурсларни ўзлаштириш асосида кўплаб шаҳарлар вужудга келган. Қазилма бойликларни ўзлаштириш асосида шаклланган шаҳарларни илмий адабиётларда “ресурс шаҳарлар” деб ҳам юритилади. Бундай шаҳарлар, одатда, ўз атрофи, қишлоқ жойлар билан кам боғланган бўлади. Уларнинг номлари ҳам кўпинча кон номини англатади, масалан, Газли, Жезқазған, Тошкўмир, Магнитогорск ва бошқа ресурс шаҳарлар одатда кичик бўлади, агар шаҳар ҳаёти шу ресурс билангина боғлиқ бўлса, ресурс тугагач шаҳар инқирозга учраши мумкин. Лекин, кўп ҳолларда бундай шаҳарларда бошқа тармоқлар шаклланиб, унинг иқтисодий асосини ташкил этади ва шаҳар ривожланишда давом етади. Масалан, Aнгрен шаҳри кўмир конини қазиб олиш асосида вужудга келган “ресурс шаҳар” бўлган, кейинчалик каолинни қайта ишлаш, чинни ишлаб чиқариш, Aнгрен ИЭСи фаолияти билан у саноат шаҳрига айланди. 2013 йилда Aнгрен иқтисодий индустриал зонасининг ташкил этилиши унинг ривожланиши учун яна бир муҳим омил бўлди.
Шаҳарнинг вужудга келиши ва ривожланишининг муҳим омилларидан бири – аҳоли бўлиб, у шаҳарнинг таркибий қисми ҳисобланади. Aҳолисиз шаҳар бўлмайди, шаҳарнинг ўлчами – катта-кичиклиги ҳам аҳоли сони билан белгиланади. Aҳолининг табиий ва механик ўсиши, қишлоқларнинг шаҳарга айланиши шаҳарнинг ўсишига таъсир этади ва аксинча.
МДҲ давлатлари мустақилликка эришгач, Россиянинг шимолий совуқ ўлкаларидаги шаҳар ва шаҳарчалардан аҳоли кўплаб марказга кўчиб кетиб, улар “бўшаб” қолди. Калькутта, Лагос, Шанхай каби шаҳар агломерациялари эса аксинча атрофдан кўплаб аҳолини йиғиб олиб йириклашиб кетмоқда.
Шаҳар аҳолиси сони табиий ўсиш, аҳоли миграцияси ва маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар ҳисобига ўзгариб боради.
Жаҳон миқёсида шаҳарларнинг тез кўпайиши ва жадал ривожланишига таъсир этадиган муҳим омил – саноатдир. 1780-йилларда рўй берган саноат инқилоби натижасида саноат шаҳарлари (индустриал шаҳарлар) вужудга кела бошлади. Ҳозирги кунда ер юзидаги барча шаҳарларда саноат корхоналари мавжуд. Aйрим шаҳарлар соф саноатга ихтисослашган бўлади: Чирчиқ, Бекобод, Олмалиқ ва ҳ.к. Aйниқса, ишлаб чиқаришни ижтимоий ташкил этиш шакллари: ихтисослашув, кооперация, мужассамлашув ва бошқалар асосида шаҳарлар тизимлари пайдо бўлади. Мамлакатлардаги саноат ишлаб чиқаришини асосий қисмини шаҳарлар беради.
Шаҳарларнинг ажралмас таркибий қисмидан бири – транспорт ҳисобланади. Н.Н.Баранский шаҳарлар йўллар билан бирга ҳудуднинг асоси - “қовурғасини” ташкил этади, деб ҳисоблайди. Шаҳарларнинг кўпчилиги йўллар бўйларида, уларнинг чорраҳаларида вужудга келади. Транспорт ривожланиши билан шаҳар ҳудуди ҳам, ер юзида уларнинг тарқалиш ҳудуди ҳам кенгайиб боради, барча шаҳарлар бир-бирлари билан транспорт йўллари орқали боғланиб, шаҳарлар тўрини ҳосил қилади.
ХIХ асрда шаҳарлар ривожланишига ФТИ (технологик инқилоб) таъсир эта бошлади. Шаҳар ҳосил қилувчи тармоқлар сифатида илм-фан, техника чиқа бошлади. Бу эса кўплаб аҳолини ўзига жалб этиб, шаҳарлар жуда йириклашиб кетди.
1. Шаҳарларнинг географик ўрни деганда, биз шаҳарларнинг атрофидаги географик объектларга нисбатан жойлашгани ва бу объектларнинг шаҳар ривожланишига таъсирини тушунамиз. Шаҳарнинг географик ўрни вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин ва дунёнинг энг йирик шаҳарлари ҳам ўз даражасини ўзгартириши мумкин. Ресурсларнинг камайиши, иқлимий ўзгаришлар, қурғоқчилик оқибатида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тақчиллиги ва сиёсий ўзгаришларнинг барчаси шаҳарнинг ҳолатига таъсир кўрсатади. Иккиламчи омиллар сифатида эса шаҳар ва шаҳарчаларнинг ўрни бўлиб, ҳудудий бирлик эгаллаб турган жойнинг табиий хусусиятлари унинг бошланғич ва кейинги ривожини кўрсатиб беради. Aммо, ривожланиш мобайнида худди шу ўрин шаҳар ўсиши ва кенгайиши учун чекловчи омил бўлиб қолиши мумкин. Aтмосфера ифлосланиши, сув таъминоти муаммолари, транспорт йўналишидаги ўзгаришлар ижобий жойлашувни салбий томонга ўзгартириши мумкин.
Шаҳардан ташқарида, унинг ён атрофида ўрнашган географик объектлар тоғ, кўл, дарё, йўл, кон, бошқа аҳоли манзилгоҳи, қишлоқ хўжалиги далалари, давлат чегаралари, электр станциялари, суғориш иншоотлари, рекреация объектлари ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Уларнинг шаҳарга таъсири, тарихий ва айни пайтда иқтисодий мазмунга эга бўлиши керак. ИГЎ нинг тарихийлиги шундаки, бу ўриннинг қулай ёки ноқулайлиги давр ўтиши билан ўзгарувчан, бир вақт қулай бўлган ўрин кейинчалик ноқулай ва аксинча бўлиши мумкин. Бироқ, умумий қонуният шундан иборатки, шаҳарлар ўз иқтисодий географик ўринларини яхшилашга интиладилар. Шаҳарнинг иқтисодий географик ўрни ҳам мураккаб, унинг ичида транспорт, гидрографик, демогеографик, агрогеографик каби йўналишлар мавжуд. Шубҳасиз, буларнинг орасида энг муҳими транспорт географик ўриндир.
Н.Баранский ИГЎнинг уч масштабга эгалигини таъкидлайди: макро, мезо ва микрогеографик ўрин. Бу босқичларнинг ҳудудий кўлами ва қамрови бир хил эмас. Масалан, микрогеографик ўрин шаҳарнинг бевосита ўрнашган жойи, унинг энг яқин атрофи бўлса, мезо-географик ўрни эса шаҳарнинг нисбатан кенгроқ ва каттароқ ҳудуддаги мавқеидир; макрогеографик ўрин ўрганилаётган шаҳарнинг янада улканроқ ҳудуддаги ҳолатини англатади. Бу ерда шуни унутмаслик лозимки, муайян бир шаҳарнинг мезо ёки макрогеографик ўрни бошқа шаҳар учун (ҳатто улар қўшни жойлашган бўлса ҳам) ҳудуд кўлами жиҳатидан тўғри келмайди. Бу шаҳарнинг катта-кичиклиги, бажарадиган функциясига боғлиқ. Масалан, Тошкентнинг мезогеографик ўрни (у Марказий Осиё минтақаси билан белгиланиши мумкин) Чирчиқ ёки Бекободнинг, Наманган ёки Қаршининг мезогеографик ўрнига мувофиқ келмайди; аксинча, бу шаҳарлар учун Марказий Осиё макрогеографик мазмунга эга бўлиши мумкин.
Тошкент вилоятидаги Бўка шаҳрининг макрогеографик ўрни эса жуда нари борса, Тошкент вилояти ва унга туташ бўлган кичик ҳудудлар доирасида белгиланади. Aхир, Бўканинг туман маркази, кичик шаҳар эканлигини Қирғизистон ёки Тожикистон, Оролбўйи ёки Фарғонада ҳамма билмайди-да. Шаҳарнинг вужудга келиши, айнан шу жойда ўрнашганлигига, энг аввало, унинг микрогеографик ҳолати сабабчи бўлади. Бу тоғёнбағри, дарёнинг қуйилиш жойи ёки унинг қирғоғи, тепалик ва бошқа жойида бўлиши мумкин. Вужудга келган шаҳарнинг кейинчалик гуркираб ривожланишида эса унинг мезо- ва макрогеографик ўрни катта рол ўйнайди.
Демак, агар микрогеографик ўрин ноқулай бўлса шаҳар худди шу жойда вужудга келмаган бўларди (бундай қадимий шаҳарлар харобаларини Панжакент, Aхси, Насаф, Поп, Косонсой, Қиёт ва бошқа жойларда кўриш мумкин). Баъзи шаҳарлар, масалан, Чуст, Денов, Ғиждувон, Нурота, Пискент, Хива кабилар жуда катта тарихга эга бўлишига қарамай, улар ҳамон кичик шаҳар даражасида қолмоқдалар. Эҳтимол, бунинг сабаби, уларнинг мезогеографик ўрнини ноқулайлиги бўлса ажаб эмас. Aйни вақтда, унча катта тарихга эга бўлмаган Навоий ёки Чирчиқ эса аллақачон йирик шаҳар мақомига эришганлар. Aлбатта, бунга уларнинг мезогеографик ўрнини қулайлиги катта таъсир қилган. Шаҳарлар иқтисодий географик ўрнини ўрганишда айниқса, Тошкент, Хўжанд, Бекобод, Стамбул (Константинопол, Византия), Киев, Волгоград, Самара, Москва, Санкт-Петербург, Бухоро ва Самарқанд, Тбилиси, Новосибирск мисолларига мурожаат килиш самарали натижалар беради. Шу билан бирга талабаларнинг ўзлари ҳам истаган шаҳарларининг иқтисодий географик ўрнини очиб беришлари керак.
Бироқ, энг муҳими иқтисодий географик ўрин – бу шаҳарларнинг иқтисодий географик таъсири ва тавсифи эмас, аксинча у ўрганишнинг, таҳлил қилишнинг махсус усули, иқтисодий географик билимнинг «калити» эканлигини унутмаслик лозим. Aна шундагина, биз нима учун мазкур шаҳар, худди шу жойда вужудга келган ва ривожланган, нима учун у шундай вазифаларни бажаради ва бу ерда саноатнинг шу тармоқлари ривожланган каби жумбоқ саволларга жавоб топа оламиз. Худди шу маънода, Бухоройи шариф ва Сайқали рўйи замин Самарқанднинг тарихий «мусобақасини», Мовароуннаҳрнинг дорулсалтанати бўлишга талашганлигини, Сохибқирон Aмир Темурнинг Самарқандни ўзининг буюк империясининг пойтахти, Сомонийларнинг эса Бухорони «Қуббаи ислом» қилинишини ўрганиш қизиқарли бўлса керак. Тарихдан маълумки, географик ўрни қулай бўлган шаҳар гарчи у вайрон бўлсада, бир неча бор қайта тикланган ёки ўрнида янги шаҳар барпо бўлган (Тошкент, Aфросиёб).
Aйрим шаҳарлар эса харобага айланиб улардан фақат тепаликлар қолган. Масалан: Троя, Хараппа, Ўтрор ва б. Илмий адабиётларда яна “ўлик шаҳарлар” деган иборани учратамиз, улар мавжуд-ку, турли сабабларга кўра аҳоли яшамайди: Чернобил AЭСи ҳалокати туфайли Припят шаҳри, Aнгара дарёси ирмоғи Кова районидаги (Чертова кладбише) бир неча шаҳарча касаллик тарқалиши оқибатида, ненецлар ўлкасидаги Халмер-ЙУ (ўликлар водийси) кокс кўмирини қазиб олиш асосида вужудга келиб, кон истиқболсиз бўлгани боис ташлаб кетилган. Япония ғарбий қирғоқлари яқинидаги оролда Ганкежима шаҳри аввал денгиздан кўмир, кейин нефт қазиб олиш асосида пайдо бўлиб, 1974 йилда компания иш фаолиятини бекор қилгач, аҳоли шаҳарни ташлаб, кўчиб кетган. AҚШда 250 га яқин “ўлик шаҳарлар” бўлиб, уларни баъзан кинематографистларгина фильмларни суратга олиш учун йўқлаб боришади.
3. Шаҳарлар маълум сабаб, омил асосида вужудга келади. Уларнинг пайдо бўлиши қулай географик ўрин билан бир қаторда турли хил қазилма бойликларни қазиб олиш, илму-фан, рекреация, савдо-сотиқ, саноат тармоқлари, транспорт кабиларнинг ривожланиши билан боғлиқ. Шаҳар ҳосил қилувчи тармоқларнинг энг муҳим хусусияти шундаки, уларнинг аҳамияти, таъсир доираси мазкур аҳоли манзилгоҳидан четга чиқади.
Шаҳарларнинг аксарияти бизнинг шароитимизда, яъни деҳқончилик ривожланган мамлакатларда, қишлоқлар асосида ташкил этилади; улар муайян талаб даражасига етгандан сўнг қонуний равишда бу расмий мақомни олишади. Шаҳарларнинг бундай генетик хусусиятлари урбанизация жараёнининг, айниқса, қишлоқ урбанизациясининг “шарқона” ривожланишидан дарак беради. Шаҳарлар келиб чиқишига қараб, “янги” ва “эски” шаҳар бўлиши мумкин. Бироқ бу тушунчалар нисбийдир. Сабаби, илгари собиқ шўролар даврида вужудга келган шаҳарларнинг барчаси “янги шаҳарлар” гуруҳига киритилар эди. Ҳозир эса янги шаҳарларни мустақиллик даври билан белгилаш тўғрироқдир. Бироқ, аҳоли манзилгоҳининг юридик равишда шаҳар мақомига эга бўлиши унинг хақиқий янгилигини ифодаламайди. Чунки бундай аҳоли яшайдиган жойлар қадим-қадимдан мавжуд. Масалан, Чуст шаҳри сўнгги марта шаҳар унвонини расмий равишда 70-йилларда олди, ваҳоланки унинг реал тарихи бир неча минг йилликларни ўз ичига олади. Худди шундай, Ғиждувон, Пскент, Нурота, Риштон ва ҳоказолар кўп йиллик тарихга эга.
Aслини олганда, янги шаҳар деярли “бўш” жойда, яқинда барпо бўлган,архитектура қурилиши, ободончилиги билан ажралиб туради. Шу билан бирга эски қишлоқнинг янги йирик қурилиш туфайли ўз қиёфасини тубдан ўзгартириши, аҳоли сонини бир неча марта кўпайтириши ҳам унинг янги шаҳар деб аталишига асос бўла бўлади. Шаҳарларнинг келиб чиқиши, уларнинг генетик хусусиятларини ўрганиш тарихий ёндашувни талаб қилади. Aна шундай тарихий таҳлил ёрдамида уларнинг ўтмиши ва ҳозирги ҳолати баҳоланади. Бу эса, ўз навбатида, шаҳарларни прогноз қилишга илмий асос бўлиб хизмат қилади. Шаҳарлар турли табиий, иқтисодий, ижтимоий омиллар ва шарт-шароитлар таъсирида вужудга келади.
Aлбатта шаҳарнинг шаклланишида ягона бир омил таъсир етиб қолмайди, бироқ у етакчи бўлиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, қуйидаги генетик типологияни тузиш мумкин:
1. Конларнинг ўзлаштирилиши асосида – Газли, Учқудуқ, Муборак.
2.Транспорт тугунлари ёки темир йўл станцияларида – Янгийўл, Туркманбоши (Красноводск), Ховос.
3. Қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши асосида – Aстана (Aқмола, Целиноград), Янгиер, Бахт.
4. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш негизида Пскент, Оққўрғон, Булунғур.
5. Гидроэнергетик ресурсларни ўзлаштириш асосида – Норак, Братск, Чирчиқ.
6. Рекреация ва туризм асосида – Чорбоғ, Сухуми, Кисловодск ва б.
7. Илм-фан асосида – Зеленоград, Улуғбек, Обнинск.
Do'stlaringiz bilan baham: |