9.2.қурилиш индустрияси
Ўзбекистон Республикасида қурилиш индустриясининг негизини давлат, аксиядорлик, ширкат, хусусий, қўшма ва бошқа пудрат қурилиш-монтажи ташкилотлари, шунингдек, ўз моддий-техника ва ишлаб чиқариш базасига, малакали ишчи ва мутахассис кадрларга эга бўлган корхоналар, транспорт ва бошқа ёрдамчи хўжаликлар ташкил этади. Ўзбекистонда 245 монтаж-қурилиш трести, 196 қурилиш саноати корхонаси, 1882 қуйи пудрат ташкилоти, 3 мингга яқин кичик корхона, 64 лойиҳа ва илмий ҳамда қурилиш соҳасига мослаштирилган илмий-тадқиқот институти фаолият кўрсатади. қурилиш-монтаж ишларининг деярли барчасини изтисослаштирилган қурилиш ташкилотлари амалга оширади.
Республиканинг қурилиш ташкилотлари ихтисослаштирилган корпоратсия, компания, бирлашма, трестлар ва бошқармаларга уюшган. қурилиш моддий-техника базасининг муҳим таркибий қисмини қурилиш материаллари саноати ташкил этади.
қурилиш индустриясида йиғма темир-бетон конструксиялари ва деталларидан кўпроқ фойдаланилмоқда. Бино ва иншоотларнинг йирик қисмларини, уй пойдеворлари, девор панеллари, зинопоялар ва бошқаларни завод усулида тайёрлайдиган янги тармоқлар пайдо бўлди. қурилиш тобора бино ва иншоотларни монтаж қилиш жараёнига айланиб бормоқда. Биноларнинг зилзилабардошлиги таъминланган. қишлоқ жойларида лойиҳалаш-қурилиш тамойиллари ўзгарди. қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини этиштириш бўйича саноат мажмуалари ўрнига кичик фирмалар қурилмоқда. Иморатларни тиклашда энгил конструксиялар кўпроқ қўлланилмоқда, хўжаликлар қўрғонларини қуришда уй-жойлар билан бир пайтда маданий-маиший муассасалар, ишлаб чиқариш бинолари комплекс фойдаланишга топширилади. қурилишда жами жараёнларни қамраб олган қишлоқ қурилиш комбинатлари барпо этилган.
Ўзбекистонда қудратли иқтисодий салоҳиятни барпо этишдаги муваффақиятлар бевосита қурилиш билан боғлиқ. 1924-95 йилларда 5,5 минг км. темир йўл, 1500 дан ортиқ йирик давлат саноат корхонаси, 40 га яқин магистрал канал, 54 йирик сув ва сел омбори қурилди, 2 млн. га дан ортиқ суғориладиган эрлар ўзлаштирилди, 29 млн. га яйловга сув чиқарилди.
1995 йилда жами манбалардан ўзлаштирилган капитал маблағлар 82,2 млрд. сўмни, жумладан унинг 47,0 млрд. сўмини қурилиш-монтаж ишларига сарфланган маблағлар ташкил этди. Капитал маблағлар таркибида давлат ҳиссаси 57%га тушди. Уй-жой қурилиши кенг миқёсларда олиб борилди ва молиялашнинг жами манбаларидан фойдаланилди.
Республика мустақилликка эришганидан сўнг капитал қурилиш янги дастур асосида давом эттирилди. Республика иқтисодиёти учун муҳим бўлган автомобил, олтин қазиб олиш, нефт ва бошқа саноат тармоқларида янги корхоналарни қуриш бошланди. Барча вилоятларда саноат корхоналари, уй-жойлар, маданий-маиший бинолар, бозор ва садо расталари, ҳаммом, чойхона, касалхона, маҳалла марказлари, масжидлар қурилди, ўнлаб меъморий мажмуалар, тарихий ёдгорликлар, мадрасалар, масжидлар таъмирланди.
Капитал маблағларнинг 66,8%и ишлаб чиқариш, 33,2%и ноишлаб чиқариш объектлари йўналишда сарфланди. қурилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик яхши самара бермоқда. Хорижий фирмалар билан ҳамкорликда Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида халқаро классдаги меҳмонхоналар қурилиши ва таъмирлаш ишлари бошланди. Республика тарихида биринчи марта капитал қурилиши соҳасига чет эл инвеститсиялари жалб этилди. Капитал маблағлар таркибидаги хорижий инвеститсиялар ҳиссаси 16%ни ташкил этди.
Do'stlaringiz bilan baham: |