Халқаро ишчи кучи миграцияси ХХ асрнинг 70- йилларидан бошлаб, ишчи кучи миграцияси кенг ёйилди, яъни меҳнат ресурсларини бир мамлакатдан бошқа мамлакатга кўчиб ўтиши кучайди.
Бунинг сабаблари турли-туман. Улардан энг асосийлари иқтисодий сабаблар бўлиб:
Ишсизлик даражасидаги фарқ.
Иш ҳақидаги фарқ.
Турмуш даражасидаги фарқ.
Шароитдаги фарқ ва бошқаларни ўз ичига олади.
Умумжаҳон хўжалигида ишчи кучи миграциясининг жадаллашувига қуйидаги омиллар сабаб бўлади.
1. Транспорт ва ўзаро алоқаларнинг ривожланиши иш кучининг географик жиҳатдан кўчиб юришини осонлаштиради.
2. Ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётни ахборот билан таъминлаш турли мамлакатлар фан ва маданият соҳалари, билим ва малака мезонларини яқинлаштиради.
3. Трансмиллий корпорациялар фаолияти фақатгина иш кучини географик жиҳатдан кўчиб юришинигина эмас, жаҳон миқёсида қўллаш шароитларини ҳам тенглаштириш имконини яратади.
Халқаро капитал миграцияси. Халқаро муносабатларда капитал миграцияси муҳим ўрин тутади. Капитал миграцияси икки шаклда юз беради:
1. Четга тадбиркорлик капитали чиқариш ёки чет элда иқтисодий фаолиятни инвестиция қилиш;
2. Ссуда капитали чиқариш ёки халқаро кредит.
Капитал миграцияси бу маълум манфаатли мақсадга қаратилган пул маблағларини бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга кўчишини ифодалайди.
Четга капитални тадбиркорлик (соҳибкорлик) капитали тарзида чиқариш икки хил: тўғридан-тўғри ва портфел шаклида чиқарилади.
Тадбиркорлик (соҳибкорлик) капитали чиқаришда узоқ муддатли чет эл инвестициялари савдо, саноат ва бошқа соҳаларга қўйилади.
Тўғридан-тўғри капитал чиқариш бу – инвестиция миқдори чет эл корхоналарини назорат қилиш ҳуқуқини берадиган даражада капитал қўйишдир.
Дунё иқтисодида эркин иқтисодий зоналар алоҳида ўрин тутмоқда. Бу зоналарни ташкил қилиш бозор иқтисодиётининг очиқ иқтисод бўлишидан келиб чиқади. Бу зоналар алоҳида мақомга эга бўлиб, турли мамлакатлардаги бундай зоналарда хорижий ва миллий тадбиркорлар фаолияти учун қулай, имтиёзли шароит яратилган. Бу зоналар ўз фаолияти йўналишига қараб турлича: эркин савдо зоналари, эркин бож ҳудудлари, эркин саноат зоналари, эркин «очиқ» зоналар, технология зоналари, комплекс зоналаридан иборат бўлиши мумкин.
Халқаро кредит бериш икки йўналишда амалга оширилади:
А) Одатдаги ссуда капитали бозоридаги талаб ва таклиф асосида шаклланадиган процент асосида бериладиган кредит. Бу кредитларни банклар, ТМКлар, молия корпорациялари беради;
В) Имтиёзли ёки текин бериладиган кредит. Бу кредитларга олинадиган процентлар ниҳоятда паст бўлади ёки умуман процент олинмайди. Бундай кредитлар бой давлатлар, ўта йирик компаниялар ва халқаро ташкилотлар томонидан махсус халқаро дастурларни амалга ошириш учун берилади.
Мамлакатларнинг барча иқтисодий муносабатлари уларнинг тўлов балансида акс этади. Тўлов баланси 4 асосий бўлимдан иборат:
1. Савдо баланси — товарлар экспорти: даромадлари ва импорт харажатлари;
2. Хизматлар балансида унда кўрсатилган хизматларга олинган даромадлар ва чет эл хизматларидан фойдаланганлик учун харажатлар кўрсатилади. Бу балансда молия хизматлари учун тўловлар дивиденд, процентлар ҳам ўз ифодасини топади. Бу балансда чет эл фуқароларидан ва давлатдан фуқароларга трансферт тўловлари, чет эл активларини харид қилиш ҳам киритилади.
3. Нотижорат операциялар баланси. Бу баланс ҳамма турдаги бепул товарлар етказиб бериш, ёрдам ва хайрия пулларини кўчиришни ўз ичига олади.
4. Капитал ва кредитлар ҳаракати баланси. Бу балансда давлат ва хусусий капиталларнинг ҳаракати ҳамда олинган, берилган халқаро кредитлар нисбати ифодаланади.
Тўлов балансини давлат бир неча усуллар билан тартибга солади:
1. Бевосита назоратни амалга ошириш. Бунда импортни чеклаш божхона ва бошқа йиғимлар, акцизлар, узоқ ёки қисқа муддатли капитал чиқариш назорати, чет эл инвестициялари бўйича даромадларни олиб чиқишни чеклаш, тақиқлаш орқали амалга оширилади.
2. Дефляция14 орқали. У ички иқтисодий вазифаларни ечишга қаратилган бўлиб, лекин ундан тўлов балансининг аҳволини яхшилашда фойдаланилади. Чунки ички вазият ташқи муносабатларга албатта таъсир кўрсатади.
3. Валюта курсини ўзгартириш. Ҳар бир мамлакат объектив заруратдан келиб чиқиб, «сузиб юрувчи» (мослашувчи) ёки қатъий қайд этилган валюта курсини танлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |