15-семинар материаллари
Ўзбек миллатининг шаклланиш жараёни ва ўзбек атамасининг умуммиллат этнонимига айланиши
Ўзбекистон ССР ташкил этилгач, унинг ҳудудида истиқомат қилувчи барча туркий тилли қавм ва элатлар ўзбек этник номи билан аталадиган бўлди. Ўзбек номи билан аталувчи халқнинг тили қадимдан шу заминда ўтроқ ҳаёт кечириб келаётган туркийгўй қабила ва элатларнинг дастлаб “чиғатой” номи остида ривожланиб, унинг форсий ва арабийлашган (XV аср) адабий варианти шакллангач, бу тил (ўзбек адабий тили) XVII асрдан бошлаб Мовароуннаҳр ва унга туташ вилоят ва туманлар аҳолисининг ёзма ва жонли она тилига айланди. Бу тил туркий тиллар оиласининг шарқий “жўқиювчи” вариант диалектларидан фарқ қилиб, тарихий тилшунослик фанида “йўқиювчи” туркий тил, яъни “эски ўзбек тили” деб аталадиган бўлди ва янги ташкил этилган Ўзбекистон ССРнинг расмий она тили ва миллат тили сифатида қабул қилинди. Демак, янги ташкил топган “суверен” Республика Ўзбекистон, унинг асосий халқи ўзбеклар, миллий давлат тили-ўзбек тили деб аталадиган бўлди. Буларни қонунлаштирувчи қарорлар қабул қилинди.
Бироқ уни амалий ҳаётга тадбиқ этиш ўз-ўзидан табиий кетмади. Ўзбекистон таркибига кирган туркий халқларнинг кўчманчилар тоифасига хос қабила ва уруғчилик анъаналари, шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг “сарт” аталмиш тоифасига хос ўтроқлик, маданий ва маиший юксаклик ғурури, уларни бир ном остида тезда қоришиб кетишлари учун осон кечмади. Туркий тилли қабила ва уруғлар ўзлари учун “ўзбек” эли номини шон-шараф деб билса ҳам қабилавий номларини амалий ҳаётда унитмас, ўзаро муомила ва этник мансублик ҳақида гап кетганда, “Иброҳим қарлуқ”, “Отабек чигил”, “Арслон дўрман”, “Мирза найман”, “Ботир қўнғирот” каби ўз исмларига қайси қабила ёки уруғга тегишли эканликларини таъкидлашда давом этаверар эдилар. Туркийгўй сартларнинг “ўзбек” номи остида ўз этник мансублигини тан олиши ҳам улар учун дастлабки кезларда оғир кечар эди.
Мавжуд вазиятни тўғри баҳолай олган Марказ ва унинг коммунист фирқачилари масалани ўз мақсадларига кўра, ижобий ечими йўлида ғов бўлиши мумкин бўлган муаммоларни мураккаблашишига йўл бермади ва уларни маҳаллий коммунист фирқачилар ёрдамида амалга оширишга киришдилар.
Биринчи навбатда ўз эли ва миллатини фақат ва фақат “ўзбек” номи билан юритишга қаратилган қарорлар қабул қилинди, уруғ ва қабилавий номларни давлат ҳужжатларида, амалий ҳаётда тилга олиш қатъий ман этилган қарорлар қабул қилинди. Маҳаллий ва марказий матбуот ва радио сет тармоқлари мунтазам ва изчил равишда ўзбек атамасини умум халқ, ўзбек миллатининг этник маъно ва мазмун касб эттиришга қаратилган тарғибот ишларини олиб борди ва тарғибот ишлари собиқ СССР таркибида жаҳон харитасида Ўзбекистон номли миллий давлат туғилганини халқ оммаси онгига сингдиришга қаратилди. Бадиий-ижодий уюшма жамоаларининг фаолияти бош мақсадни ташвиқот қилишга йўналтирилди, мактаб ва ўрта махсус ҳамда олий таълим тизими ўқувчи ва талабалари учун яратиладиган ўқув қўлланма ва дарсликлари ўзбек тилида ёзилиб, бу тил ёшлар орасида кенг тарғибот ва ташвиқот қилиниши, мактабларда ҳеч қандай қабила тил лаҳжаси ёки сарт тили ҳақида оғиз очмаслик, уларнинг барчаси эндиликда фақат ўзбек тили номи остида юритилиши ҳақида кўргазмалар берилди ва бу сиёсат партия ва давлат томонидан қаттиқ назорат остига олинди. Фақат тадқиқотчи олимларгагина (тарихчи, этнограф, антропология, тарихий тилшунослик ва шу каби соҳа мутахассисларига) истисно сифатида ўз илмий изланишларида уларнинг қабилавий номларида ўрганишга имкон берилди.
Ўзбекистон партия ташкилоти ва Советларининг маънавий-маърифий ва этномаданий соҳаларга йўналтирилган фаолияти бу соҳада ғайри қонуний амалий ишлар қилинишини таъқиқлашга қаратилди. Чунки, Ўзбекистоннинг асосий халқи тагли-тугли, маҳаллий туркийзабон ўзбек халқи эканлигини биринчи навбатда қонунлаштириш эди. Эндиликда ҳеч ким, ҳеч қачон республика аҳолиси таркиби ҳақида гап кетганда фақат ўзбек халқи, ўзбек миллати ҳақида гап бориши, ҳар қандай маҳаллийчилик кўринишлари, уруғ-аймоқчилик сарқитларига қарши курашиш, давлат расмий ҳужжатларида, маҳаллий матбуотда Ўзбекистон фуқаросини қарлуқ, чигил, ўғиз, қипчоқ, турк, минг, қўнғирот, найман, дўрман, манғит, қатағон каби қабилавий номлар билан аташ қатьий ман қилинди. Бу ишларнинг барчаси коммунистик мафкура ва ғоялари йўналишида олиб борилди. Бу ишларни кўтариш ва амалга оширишга фақат ленинчи коммунистларга хос эканлиги ва бу ишлар ўтмишда тарқоқ ва ҳақ-ҳуқуқсиз бўлган оддий халқ учун қилинаётганлиги мунтазам тарғибот ва ташвиқот қилиб борилди.
Аслида ўзбек атамасининг этник маъно ва мазмун касб этиб бориши аста-секин ўзбек хонликлари давридан бошланиб, бу йўналишда дастлабки қадамлар табиий равишда ўша даврда қўйилган эди. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида XVIII асрда ташкил топган уч хонлик тепасида Дашти Қипчоқ ўзбекларининг уч йирик қабилалари турар эди. Сиёсий ҳокимият таъсирида маҳаллий ўтроқ турғун турклар психологиясида ўзбек номига нисбатан аста-секин ҳайрихоҳлик хис-туйғулари ўйғона бошлайди. Унгача тез-тез бўлиб турадиган ўзаро қабилавий феодал урушлари маҳаллий муқим яшовчи кенг меҳнаткашлар оммасининг тинч ҳаётини безовта қилар, хатто, бир давлат доирасида бўлиб турадиган қабилавий ва уруғ-аймоқчилик жанжаллари халқнинг тинкасини қуритган эди. Мустамлакачилик даврига келганда, мустамлакачилар ўз манфаатларини ўйлаб, буларга бироз чек қўйди. Энг муҳими шундаки, миллий буржуазиянинг илғор табақасидан чиққан жадидларнинг тарих майдонига келиши ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ маънавий, маърифий ва сиёсий ҳаракатлар кенг халқ табақаларини жипслашишга, Ватан қайғуси билан яшашга етаклади.
Аммо, Совет даврига келганда, синфийлик ақидасига ёпишиб олган большевиклар давлати Россия ва унинг миллий ўлкаларида бир бутун халқни синфий табақаларга ажратиб, ягона халқни парчалаб юборди ва янги ташкил этилган миллий давлат тузилмаларини бошқаришни ўз назоратига олиб, йўқсилларга топширди. Совет ҳокимиятининг директив ҳужжатларида “ҳокимият йўқсиллар қўлида экан, улар миллий синф даражасига кўтарилмоғи, миллат деб аталишга ҳақли бўлмоғи керак. Миллатлар ичидаги синфий антагонизм йўқолиши билан миллатлар ўртасидаги душманлик муносабатлари ҳам йўқолиб боради. Мана шунга эришмагунча йўқсиллар миллат даражасига кўтарила олмайди. Бундан ўзбек миллати ҳам мустасно эмас”, дейилади. Чунки, уларни бошқариш, уларнинг кўкрагига бироз илиқ шамол теккизиб, ўзларининг содиқ хизматкорларига айлантириш енгил кечарди.
Миллатни бирлаштирувчи восита қишлоқ ва шаҳарларда ишлаб чиқариш хўжаликларини ташкил этиш, уларни ўз ҳудуди, алоҳида тили ва маданиятига эга бўлган айрим коллективлар доирасида амалга ошириш зарурлиги уқтирилди. Ана шундай коллективлар элатлардан ва этник гуруҳлардан иборат бўлиб, улар ўзбек миллатини ташкил этади. Бу сиёсат ўзбек атамасини этник мазмун касб этишига хизмат қилади, дейилди.
1917 йил Октябр тўнтарилишидан кейин ўзбек, қозоқ, тожик, қирғиз каби элатлар миллий шаклланиш палласига кирган, аммо, миллат бўлиб уюшиб етмаган эдилар. Совет ҳокимияти ўз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий қарашларига кўра, уларни социалистик миллат бўлиб уюшиш йўлига йўналтирдилар. Жамиятни социалистик асосда қуриш, кишилар яхлитлиги қайси даражада эканлигидан қатъий назар, ҳамма коллективларга социалистик қиёфа берилди. Йўқсиллар (пролетариат) миллатнинг раҳбар кучига айланади, унинг мафкураси бутун миллат мафкурасига, маънавий ҳаётига, барча иқтисодий, сиёсий ва маънавий фазилатлари коммунистик йўналишдаги умуммиллат хислатига айланади.
Маълумки, ҳокимият ёлғиз ишчилар синфи қўлига ўтиб, деҳқонлар унинг иттифоқчиси бўлади, деган ленинча ғоя дастлаб ўзини оқламади. Чунки, бу икки синф ўртасидаги иттифоқ йўқсиллар (пролетарият) диктатураси негизида қурилгани боис, бу иттифоқ маълум давргача ишчилар билан деҳқонлар ўртасидаги дўстлик даражасига кўтарила олмайди. Масалан, ишчилар социалистик мулк тарафдори бўлса, деҳқонлар ўз табиатига кўра, хусусий мулк тарафдори эди. Чунки, деҳқонлар онгги табиатан хусусий мулкчилик мафкураси билан суғорилган. СССРда социалистик жамият ишчилар билан деҳқонлар иттифоқи асосида қурилган дейилсада, аммо, улар ўртасидаги айирма доимо сақланиб қолаверган. Шунинг учун ҳам Советлар ҳокимияти деҳқонларни коллективлаштириш орқали ижтимоий мулк тарафдорига айлантиришга эришди.
СССРда, жумладан, Ўзбекистонда коллективлаштириш даврида дастлаб йўқсилларни (деҳқонлар, ҳунармандлар ва барча мулксизлар табақасини) ширкатларга тортиш, кейин колхозлар ташкил этиб, хусусий мулкчиликка барҳам бериш туфайли камбағал табақаларни тегишли йўналишлар бўйича жамоага бирлаштириш бошланиб кетди. Мулкдорлар, хатто, ўрта ҳол деҳқон хўжаликларини эса синф сифатида қулоқ қилишлар йўқсилларни жипслашишга, жамоа хўжаликларида биргалашиб ишлашга олиб келди. Улар ўзбек номи остидаги Ўзбекистон фуқаролари эди. Давлатни ўзбек ишчи-деҳқонлар синфининг давлати деб юритилиши ҳам улар қалбида хотиржамлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиларди. Синф сифатида қулоқ қилинган туркистонликлар қалбида эса нотинчлик, уларни ўзбек совет халқи номидан қатағон қилиниши эса, бу номга нафрат ўйғотар эди. Миллатнинг саралари, ишбилармон, тадбиркор тоифаси бўлган ўрта ҳол мулкдоргача эксплуататор синф сифатида йўқ қилиниб, Совет ҳокимиятининг бу жирканч ишлари маҳаллий халқ вакиллари қўли билан амалга оширилди.
Ўзбек номини этник мазмун касб этишида бадиий ижод вакиллари ҳам жалб этилди ва уларнинг бу барода хизмати беқиёсдир. Масалан, Совет даври ўзбек адабиётшунослигида ўзбек романчилигининг классик вакили ҳисобланган Абдулла Қодирий романлари (“Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”)ни олайлик. Унинг биргина “Ўтган кунлар” романининг ўзи нафақат бадиий баркамолликда тенги йўқ асар ҳисобланади, балки ўзбек атамасини этник маъно ва мазмун касб этдиришда ҳам улкан сиёсий аҳамиятга эга. Абдулла Қодирийнинг (эҳтимол, ўзи билмаган ҳолда) романларида “сарт” деб аталмиш ўтроқ аҳоли турмуш тарзи, урф-одатлари, уларнинг суягига сингиб кетган ибратона фазилатларни тошкентлик Юсуф хожи ва Марғилонлик Қутидор оилалари ўртасидаги қудачилик муносабатларида ва уларнинг фарзандлари ўртасидаги чин муҳаббат мисолида ёритиб, бу ўзбек оиласи, бугунги куннинг ўзбеги эканлигини жуда чиройли бадиий ибораларда ифодаланган. Асарни ўқиган ҳар бир ўқувчи қалбида ўзбек халқи ҳақида гап кетганда, асл ўзбеклар ким эканлигини фарқига боради, ўзбек атамасига нисбатан ҳурмат ва муҳаббат ўйғонади. Мана шунинг ўзи ушбу асарнинг ўзбек атамасини этник маъно ва мазмун касб этишига катта хизмати эди. Абдулла Қодирий ва Хамза Ҳакимзода Ниёзийлар қаторига ўз даврининг пешқадам адабий ижод вакиллари – Ғофур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Комил Яшин, Уйғун, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир ва бошқалар кириб келди ва улар ҳам ўз ижодий асарларида ўзбек номини улуғлашга, унга этник мазмун касб этишда хизмат қилдилар. Ўзбек театр санъати Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева, Маннон Уйғур, Етим Бобожоновлар мисолида ўзбек миллати шуҳрат топди.
Бу даврда ўзбек тилида вақтли матбуот, матбаачилик, бадиий асарлар нашр этиш, санъатда бадиий юксаклик ўзбек халқи ижодиятида ўз аксини топди. Ўзбек тили рус ва бошқа интернационал сўзларни қабул қилиш йўли билан бойиб борди ва ўзбек тили грамматикаси такомиллашиб, унинг сўз ясовчилик диапозони кенгайиб борди.
Халқ хўжалигини тиклаш (нэп), мамлакатни индустрлаштириш, қишлоқ хўжалигини жамоалаштириш туфайли мамлакатда туб ўзгаришлар юз берди. Бу ўзгаришлардан Ўзбекистон республикаси ҳам четда қолмади. Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ўзбек аталмиш халқ ижтимоий таркибида қабилавий ва уруғ-аймоқчилик сарқитлари барҳам топиб, Республика ҳудудида фаолият кўрсатаётган ҳар бир жамоа ва умум жамиятнинг ютуғи Ўзбекистон халқи, ўзбек фарзанди эришган ютуқ эканлиги халқ онгига шунчалар сингиб кетдики, ўзбекларнинг миллат бўлиб уюшиш жараёни 1940 йиллар арафасида тугалланди. Туб жойли маҳаллий аҳоли ўзининг ўзбек эканлигидан фахрлана бошладилар.
1930 йиллар ўрталаридан нафақат иқтисодий–хўжалик, балки маданий ҳаётда ҳам улкан ютуқлар қўлга киритилганлиги қайд қилиниб, бу СССРда, жумладан, Ўзбекистон республикасида ҳам маданий революция юз берди, деб эълон қилинди. Иккинчи томондан эса, 1937 йилги оммавий қатағонликлар бошланиб кетди. Жойларда миллий кадрларнинг сараси қатағон қилинди. Совет ҳокимиятининг ҳар бир қадами кенг халқ оммасини ҳадиксираб яшашга, таъзйиқлар ва қўрқитув асосида жипслашишга олиб келди. Аммо, меҳнаткаш халқ “вақт ҳамма дардларни даволайди”, деган донолар мақолига амал қилиб, Она-Ватанга, ўз халқига содиқ хизмат этишда давом этаверди. СССР ватаним, Ўзбекистон эса унинг таркибий қисми деб билди. Чунки, узоқ йиллар мунтазам, мақсадли олиб борилган кенг қамровли тарғибот ишлари барча қатори ўзбек халқини ҳам келажакка катта умид билан меҳнат қилишга чорлади. Ана шундай вазиятда инсоният бошига фашизм чумадек ёғилиб келди. Ўзбек халқи бунга бефарқ бўла олмади.
СССРни иккинчи жаҳон урушига тортилиши муносабати билан дастлаб, фронтларда ҳарбий кадрларга бўлган ишончсизликлар (уруш олдидан ҳарбий кадрларни сараси қатағон қилинган эди) туфайли кўп қурбонликлар беришга тўғри келди. Аммо, Ўзбекистон жангчилари ўша оғир кунларда ҳам аждодларига хос матонат билан фашизмга қарши ўзбек миллатининг вакиллари сифатида курашдилар. Уруш ўзбек жангчиларини ўзбек халқи шон-шуҳрати, она-Ватан озодлиги учун янада жипслашишга хизмат қилди. Ўзбек номини шон-шуҳратларга буркаган, кўкракларида “қаҳрамон” орденлари билан фронтдан қайтган ва жангларда мардлик ва манонат кўрсатиб қайталмаган ўзбек ўғлонлари (генерал С. Раҳимов, генерал А. Узоқов, Қ. Турдиев, Т. Назаров, А. Раҳимов, М. Фаёзов, А. Ҳакимов, М. Топиболдиев ва бошқалар) ўзбек номини жаҳонга танитди. Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1.443.230 киши қатнашди. “Бир қараганда, дейди президент И.А.Каримов, ...бу рақам унча катта туйилмаслиги мумкин”. Аммо, “1941 йилда Ўзбекистон аҳолиси бор–йўғи...6,5 миллион киши эканини эсласак, республика халқи бошига тушган синовнинг нақадар катта экани яққол кўринади”1. Ўзбек жангчиларидан 263.005 киши ҳалок бўлган, 132.670 киши бедарак йўқолган, 60.452 киши ногирон бўлиб қайтган. Урушнинг дастлабки дамларида чегара қўшинлари катта талофат кўрди. Чегара қўшинлари сафида, Брест қальаси мудофаасида ўзбек жангчилари (лейтенант Шарипов, А. Алиев, Д. Абдуллаев, Б. Кашанов, У. Ўтаев, Н. Сиддиқов, М. Хожиев, Р. Арсланбоев, С. Бойтемиров) матонат кўрсатдилар2.
Москва учун жангларда ўзбекистонликлардан А. Тоғаев, М. Мадаминов, ўзбек қизи Зебо Ғаниевалар мисли кўрилмаган жасоратлари билан қуролдошларининг таҳсинига сазовор бўлдилар. Масква жангларида қатнашган ўзбек ўғлонларидан 1753 киши мукофатланган3. 1942 йил қишки ҳужум кунларида ўзбек халқининг шонли фарзанди Қўчқор Турдиевнинг номи бутун Жанубий-ғарбий фронтга ёйилди. У жангларда бир неча марта мартлик ва жасорат кўрсатган, юксак даражада ўзини дадил тутиш ва маҳорат намунасини кўрсатган. Немис–фашист босқинчиларига қарши курашда кўрсатган мардлик ва жасорати учун Қўчқор Турдиевга 1942 йил май ойида Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилган4.
1942 йилнинг октябрида 2.412 минг республика аҳолиси имзоси билан ўзбек халқи номидан ўзбек жангчиларига очиқ хат юборилди. Хатда “Ўзбек халқининг шонли анъаналарига содиқ бўлингиз, жангда қўрқиш нималигини билмангиз!” деб дилдан ёзилган сўзлар ўзбек жангчиларига қанот бағишлади.
“Кавказ мудофааси учун” жангларда 2974 нафар ўзбекистонлик жангчиларни мардлик ва жасорат кўрсатганликлари учун мукофатланиши ватандошларининг хатига жавоб бўлди. Волга ва Дон дарёлари соҳилларидаги жангларда ўзбек жангчиси Аҳат Бобомурадовнинг ёлғиз ўзи 4 та душман танкини йўқ қилган, Бобоқул Абзалов эса 51 фашистни ер тишлатган5. Сталинград учун аявсиз жангларда 2733 Ўзбекистонлик жангчи давлат мукофатларига сазовар бўлган. Ўзбек фарзандлари Курск, Киев, Харьков, Орёл учун жангларда матонат кўрсатганлар. Орёл-Курск фронтидаги жасоратлари учун Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига ўзбек Аҳмаджон Шукуров, Атаулла Солиҳов сазовор бўлишиб, ўзбек номини сўнмас шон-шуҳратга буркадилар. Днепр дарёсини кечиб ўтишдаги матонатлари учун Қ. Дўсматов, Х. Шониёзов, Х. Аминов, О. Қосимхўжаев, П. Нурманов, В. Набиев, Э. Қорабоев, Ф. Йўлдашев, А. Узаков каби ўзбек жангчилари Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлдилар6.
Ўзбек жангчилари Польша, Руминия, Болгария, Чехославакия давлатларини фашизмдан озод этишда ҳамда Берлинни таслим этишда жонбозлик кўрсатганлар. Биргина Будапештни озод қилиш учун жангларда ҳамюртларимиздан 2430 киши мукофотланган7. Ўзбек жангчилари партизан қўшинлари сафида, Ғарбий Европа мамлакатларининг Қаршилик кўрсатиш ҳаракатлари сафида қатнашиб, ўзбек номига доғ туширмади.
Хуллас, бу уруш ўзбек халқи учун жуда катта сиёсий, мафкуравий синов бўлди. Ўзбек халқи бу синовдан шараф билан ўтди. Халқимиз бу суронли йилларда фронт орқасида ҳам барча синовлардан мардонавор ўтиб, ҳар бир ўзбек оиласи, ўзбек фарзанди қалбида ўзига ишонч, ўзбек номини дилига жо қилган халқига ишонч янада мустаҳкамланди.
Урушнинг оғир дамларида Ўзбекистонга кўчирилган завод ва фабрикаларни ишга туширишда, уларга хом ашё етказиб беришда, урушда ўз ота-оналаридан ажралган етим болаларни ўз фарзандидек асраш ва тарбиялашда намуна бўлди. Аёлларимиз эрлари фронтга кетиб ҳувиллаб қолган шаҳар ва қишлоқларимизни харобага айланиб кетишига йўл бермадилар. Буларнинг барчаси кўнгли дарё, меҳмондўст, болажон, меҳнаткаш ўзбек халқига хос фазилатлар бўлиб, бу ибратона бағрикенглик узоқ асрлар давомида аждодлардан қолган этномаданий мерос эди.
Яна бир бор ишонч билан айтиш мумкинки, XX асрнинг 40 йиллари арафасида ўзбек атамаси нафақат этник маъно ва мазмун касб этди, балки ўзбек халқи ҳаётида юз берган ва бераётган туб социал-иқтисодий, этномаданий ўзгаришлар қатағонлик дарди-аламлари меҳнаткаш ўзбек миллати қалби тўрисида мавж уриб турсада, ўзбек халқи олға интилишдан чарчамади. Афсуски, бу ўзгаришлар коммунистик ғоялар булоғида қайнаб, унинг мафкуравий йўналиши доирасида ривожланди. Ўзбекистон ССРни ташкил этилиши муносабати билан унинг асосий халқи ўзбек аталиб, бу атама совет ҳокимияти йилларида ўзбек номи, шаклланиши жадал кечаётган ўзбек миллати руҳиятига этник бирлик сифатида сингиб кетди. 1950 ва ундан кейинги йилларда юз берган ижтимоий-иқтисодий, этномаданий ўзгаришларнинг моҳияти ҳам мана шу жараёнлар йўналишида ривожланди.
Тарих тақазо этган реал воқеликлар олдида кўз юммаслик объктив олим учун муқаддасдир. Юқорида зикр этилган қатағонликлар, ноҳақ қурбон беришлар бўлишига қарамасдан таъкидлаш жоизки, Совет ҳокимияти ўрта ва олий таълимга эътиборни четда қолдирмади. Шу жумладан, Ўзбекистоннинг кенг меҳнаткашлар оммасини саводхон қилиш, уларни совет ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида фаоллигини ошириш мақсадида Совет ҳокимиятининг дастлабки йиллариданоқ, таълим-тарбия ишларига катта аҳамият берилди. Натижада, ўрта ва олий таълим соҳасида Ўзбекистонда мисли кўрилмаган даражада ўсиш юз берди. Республика вилоят ва туманларининг ҳар бир қишлоқ ва шаҳарларида бошланғич, тўлиқсиз ўрта ва ўрта мактаблар очилиб, барча меҳнаткашларнинг болалари ўз она тиллари-ўзбек тилида ўқишга тортилди.
1960 йилларда турли соҳа мутахассисликлари бўйича Республикада 60 дан ортиқ олий ўқув юртлари фаолият кўрсатар эди. Уруш йилларида ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академиясининг илмий жамоаси Республикада фундаментал фан тармоқларини ривожлантиришга, ер ости бойликлар заҳираларини аниқлашга, тупроқ унумдорлигини ошириш ва пахта ва бошоқли ўсимликларнинг янгидан-янги навларини яратишга, суғорма деҳқончилик маданиятини кўтаришга, ўзбек тили ва адабиёти, тарих ва археология соҳаларини ривожлантириб, ўзбек халқининг кўп минг йиллик тарихи ва маданиятини фундаментал ўрганишга йўналтирилди.
Фан тармоқларини ривожлантириш юқори малакали кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ эди. Бу масала Совет “мустамлакаси” ҳисобланган Ўзбекистонда тўғри тушинилди ва Республика раҳбарияти бунга катта эътиборни қаратди. Бугунги кунда ўзбек халқининг совет даврида номи жаҳонга таралган буюк алломалари – академиклар: Ҳабиб Абдуллаев, Яҳъё Ғуломов, Иброҳим Мўминов, Муҳаммад Ўразбоев, Ҳадича Сулаймонова, Обид Содиқов, Собир Юнусов, Ҳамдам Усмонов, Ҳосил Фозилов, Иброҳим Ҳамрабоев, Ёлқин Тўрақулов, Юнус Ражабий, Мирза-Вали Муҳаммаджонов, Восил Қобулов, Ойбек, Ғофур Ғулом, Иззат Султон, Убайдулла Каримовлар (уларнинг саноғини туби кўринмайди) билан фахрланади. Булар ва уларнинг минглаб шогирдлари ўзбек номи, шон-шуҳратини оламга ёйиб келмоқда.
Совет “мустамлакаси” аталмиш Ўзбекистонда тиббиётга, халқ соғлигига ғамхўрлик қилиниб, тиббий хизматни аҳолига таълим каби бепул қилиб қўйилди. Кенг миқёсда олиб борилган бу ишлар фақат халқ учун дейилди. Ўқиш ва тиббий хизматнинг бепуллиги кенг халқ оммаси тасаввурида оддий бир ҳақиқатга айланиб қолган эди.
Пахта якка ҳокимлиги туфайли келиб чиққан аёллар ва қишлоқ аҳолиси ўртасидаги кам қонлик, ғўзага сепилган заҳарли моддалар билан касалланиш ўзбек ирсияти учун катта хавф эканлигини масъул ҳокимият охиригача тушуниб етмади. Бу ўзбек халқининг фожеаси эди. Аксинча, Советларга “мустамлака” Ўзбекистоннинг миллион-миллион тонналаб пахтаси керак эди. Пахта майдонларини кенгайтириш мақсадида Мирзачўл, Шеробод чўли, Қарши чўли ва Марказий Фарғона ўзлаштирилиб, Ўзбекистоннинг тоғ олди ҳудудларида этнографик гуруҳлар сифатида истиқомат қилиб келаётган ярим кўчманчи, ярим ўтроқ туркийгўй чорвадорларни чўл ҳудудларига кўчириб келтирилди. Бу сиёсат ҳам ўз навбатида, тоғлиқ этнографик гуруҳларни ўтроқлашиш жараёнини тезлаштиришга, оқибат натижада, уларни ўзбек халқи таркибига сингиб кетишга олиб келди.
Советлар даврида ўзбек халқи саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, маданий қурилиш соҳасида катта ютуқларга эришиб, ўзининг маданий ва иқтисодий қолоқлигини тугатди, мамлакатнинг илғор миллатлари сафига чиқиб олди. Ўзбек халқи таркибида миллий саноат ишчилари шаклланди, янги зиёлилар табақаси пайдо бўлди. Ўзбек деҳқонларининг ижтимоий қиёфаси тубдан ўзгариб, улар жамиятнинг қишлоқ жамоалари коллективига айланди.
Ўзбекистон ССР ташкил топгач, мамлакатда олиб борилган кенг кўламдаги индустрлаштириш, коллективлаштириш ва маданий туб ўзгаришлар туфайли ўзбек ерининг илгариги тарқоқлиги, яъни уни Туркистон генерал губернаторлиги, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигига бўлиниши барҳам топди, хонликларда ўзбекларнинг айрим уруғ ва қабилаларга бўлиниб яшашлари натижасида пайдо бўлган уруғ-қабилачилик муносабатларининг қолдиқлари тугатилди. Собиқ Бухоро ва Хива хонликлари ҳудудларининг маданий ва иқтисодий жиҳатдан Фарғона, Тошкент, Самарқанд вилоятлари даражасига яқинлашди. Ярим ўтроқ, ярим кўчманчи ҳаёт кечириб келаётган ўзбекларнинг Сирдарё, Қарши, Шеробод чўлларига кўчириб, уларни колхоз ва совхозлар меҳнат аҳлига айлантириш йўли билан уларни ижтимоий, сиёсий ва маданий жиҳатдан Ўзбекистоннинг илғор вилоят ва туманлари даражасига кўтарилди. Натижада, воҳа ва тоғли ҳудуд аҳолиси ўртасидаги ҳудудий жиҳатдан чекланиш бартараф қилиниб, бутун бир ўзбек эли ягона миллат бўлиб бирлашди. Улар учун янги жойларда нафақат уй-жойлар, балки мактаблар ташкил этилиб, 1950-йиллардан бошлаб, махсус квоталар ёрдамида ёшларни олий ўқув юртларига тортиш амалга оширилди.
Ўзбекларнинг миллат бўлиб уюшиш жараёни ўзбек тилининг тараққиёти ва унинг адабиётда тўла ҳажмда акс этилишига тўсиқ бўлиб турган шевачиликни бартараф қилиш ҳам катта аҳамиятга эга эди. Маълумки, миллий тил бутун миллат миқёсида кишиларни бир-бирларига яқинлаштириш, боғлаш воситаси бўлиб хизмат қилади. Бундай вазифани бажаришда ёзма тил асосий роль ўйнайди. Шунинг учун миллий тил, ҳамма учун тушинарли тил адабиётда, матбуотда, радио каналларида бир хиллик бўлишликни талаб қилади. Ўша кезларда Андижон, Қўқон, Тошкент, Фарғона шаҳарлари диалектлари маданий марказ диалектлари сифатида ўзбеклар орасида кенг ёйилди. Бу шаҳар аҳолисининг тили бутун ўзбекларнинг газета ва журнал, китоб ва радио каналлари, мактаб ва олий ўқув юртлари дарслик ва қўлланмаларининг тилига, ўзбекларнинг кундалик муносабат воситаси бўлиб қолди. Бироқ, 1926 йилда қабул қилинган янги ўзбек орфографияси жонли ўзбек тилининг умумий хусусиятларини акс эттира олмай қолди. Шундан сўнг, амалдаги ўзбек ёзма тили ривожланаётган жонли умумўзбек тилидан ажралиб қолди. Бу муаммони илмий ечими йўлида тегишли амалий ишлар қилинди.
Тилшунос фан дарғаларимизнинг таълим беришича, тилнинг адабиётда мустаҳкамланиши ёзма адабиётнинг пайдо бўлишидан иборат бўлмай, балки жонли умумхалқ тилининг адабиётда тўла акс эттирилишидан иборат бўлади. Миллий тилнинг қабила тилидан фарқи ҳам шундаки, унинг умуммиллат элементлари устунлик қилиб, айрим лаҳжа ва диалектлар устидан ҳукмронлик қилади. Шева ва диалектларнинг хизмати кундан-кунга қисқариб, умумхалқ тили уларни сиқиб чиқара бошлайди. Кундалик иқтисодий, сиёсий ва маданий муносабатларнинг кучайиши мазкур жамоа яшаётган барча туманларда бир хил стандартлар ва нормаларни қўллашни талаб қилади. Ана шу умумтил стандарти ва нормаларининг ёзувда акс эттирилиши тилнинг адабиётда мустаҳкамланишининг гаровидир. Бу ишлар назариётчи ва амалиётчи тилшунос ва бадиий адабиёт ижод аҳли томонидан ўз вақтида бажарилиб борди.
Ўзбек тилининг миллий тил даражасига кўтарилишидан гувоҳлик берадиган омиллардан бири соҳалар бўйича қатор илмий-терминологик луғатлар тайёрлаш ва уларни халқ ўртасида кенг тарқалганлиги бўлди. Бу луғатларнинг ўзбек тили адабиётида кенг қўлланишиши ҳозирги замон ўзбек тили умуммиллат тили сифатида тўлиқ шаклланганлигидан гувоҳлик берар эди.
Ниҳоят, ўзбек миллатининг шаклланиши билан унинг миллий характери, ўзбекка хос менталитет ҳам шаклланди (Бу ҳақда навбатдаги бобда алоҳида сўз боради). Энг муҳими, ўзбек миллатининг шаклланиш жараёнида, Республика ўзбеклари орасида миллий ўзликни тушуниш ҳисси мавж уриб, “ўзбек” сўзи уларнинг умумий миллий номи сифатида ҳамма томонидан тан олинди. Масалан, агар 1926 йилда ўтказилган аҳоли рўйхати материалларида Фарғона водийси ва Тошкент воҳасида яшайдиган 32784 киши ўзини “қипчоқ” деб, 50 078 киши “қурама”, 21565 киши “турк” деб атаб, ўзини ўзбекларга қарама-қарши қўйган бўлса, 1939 йилда ўтказилган аҳоли рўйхати вақтида уларнинг ҳаммаси ўзини ўзбек деб атадилар. Айни шу вақтда Қашқадарё, Сурхондарё водийларида, Хоразм воҳасида яшаб келган қўнғирот, кенегес, жалойир, манғит, қарлуқ каби қабилалар ўзларини ўтмишда ўзбек атаб, турк сартларига қарши қўйган бўлсалар, энди, уларнинг ҳаммаси ўзларини сартлар билан қоришиб сингиб кетган умумўзбек миллатининг ажралмас таркибий қисмига айланиб кетган эдилар. Айни бир вақтда собиқ сартлар ва Мовароуннаҳр турклари миллий ном сифатида ўзбек атамасини қабул қилиб, ўзларини ўтмишнинг кўчманчи ўзбеклари билан бир миллат бўлиб кетганлигини ҳис қиладиган бўлдилар. Қабилачилик, “шаҳарчилик” ҳис-туйғуларининг бартараф бўлиши ва ўзбек миллий этник бирлигининг биринчи ўринга кўтарилиши ўзбеклар орасида миллий онгнинг ўсиши ва миллий характернинг шаклланиш ифодаси эди. Буларнинг барчаси ўзбек сўзининг миллат этник асосига айланганлиги ва умуммиллат этноними бўлиб шаклланганлигидан далолат берар эди. Аммо, жамиятнинг бош иқтисодий омили ҳисобланган мулк саноат ва қишлоқ ҳаётида ижтимоий характерда бўлиб, мамлакат иқтисодиётининг ривожи давлат капитализми йўлидан борди.
Тахминан 1980 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб мамлакат ишлаб чиқаришида иқтисодий манфаатдорликнинг йўқлиги туфайли, юксак ютуқларга эришиш мумкин бўлмай қолди, мамлакат ер ости ва ер усти табиий бойликлар заҳираси ҳисобига яшай бошлади, ишлаб чиқаришда иқтисодий буҳронларнинг реаллиги кўзга ташланиб қолди, натижада, европача ҳаёт билан таниша бошлаган Марказнинг калтабин сиёсатчи етакчиларининг лоқайдлиги, улар атрофидаги лаганбардонларнинг ўз шахсий манфаатлари йўлида Ватан ва халқ қайғусидан узоқлиги туфайли, “социалистик” жамият сиёсий инқирозга юз тутди. Бу салбий ҳолатлар гирдобига “социалистик” Ўзбекистон ҳам тортилди. Унинг оқибати ўлароқ, Марказнинг ташаббуси билан ўзбек миллати шаънига доғ бўлиб тушган “пахта иши”, “ўзбек иши” кўтарилиб, ўз айбларини меҳнаткаш ўзбек миллати зиммасига юклашга уринишлар бўлди. Марказнинг бу сиёсати ўзбек халқининг советлар давлати ва унинг ҳар бир ишда раҳнамоси бўлган коммунистлар партиясига ишончини сўндирди. Оқибатда, қудратли “қизил империя”нинг ўзи ҳам ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий буҳронликлар гирдобига тортилиб парчаланиб кетди.
Кичик бир сиёсий чекинишдан сўнг, яна бевосита мавзу билан боғлиқ баъзи бир назарий ва илмий методологик масалаларга қайтадиган бўлсак, шуни таъкидлаш жоизки, Совет даврида халқларнинг этногенези ва этник тарихи масалаларига қизиқиш катта бўлсада, этнологиянинг баъзи бир назарий ва илмий-методологик масалаларида ноаниқликлар йўқ эмас эди. Айниқса, Ўрта Осиё халқлари этногенези масаласида этник атамаларнинг туб моҳиятига чуқур эътибор берилмаган. Масалан, халқ ва миллат, улар ўртасидаги кўз илғамас фарқлар масаласи. Таниқли элшунос, академик К. Шониёзов ўзининг этногенез ва этник тарихга бағишланган асарларида этнос, этник бирлик, қабила, қабила иттифоқи, элат, халқ, этнографик гуруҳ (субэтнос) ва этник гуруҳларга яхши илмий тушунчалар ва таъриф беради, уларнинг мазмун ва асл моҳиятини яхши очиб беради8. Аммо, унинг ишларида миллат таърифи, унинг шаклланиши билан боғлик талаблар очиб берилмайди. К. Шониёзов тушунчасига кўра, “элат билан миллат атамалари хали фанда обдан такомиллашгани йўқ”9. Албатта, биз бу фикрга қўшила олмаймиз. Чунки, миллат билан халқ таърифига қўйилган талаблар ташқаридан қараганда бир-бирларига ўхшаб кетади. Аммо, улар моҳият жиҳатидан бир тушунчани англатмайди. Биринчидан, халқ феодализм жамиятининг ижтимоий маҳсули, миллат эса капиталистик жамиятнинг ижтимоий маҳсулидир. Иккинчидан, халқни уюштирувчи этник омиллардан ҳудудий бирлик чегаралари тарих тақазосига кўра, ўзгарувчан хусусиятга эга бўлади. Аммо, миллат давлат чегаралари – қатъий, мутлақо дахлсиз, жаҳон жамоатчилик ташкилотлари томонидан тан олинган ва муҳофазали бўлади. Учинчидан, халқ шаклланган пайтда ҳамма вақт ҳам унинг этник номи бўлавермайди. Чунки, одатда ҳар қандай халқ тарихи унинг номига нисбатан қадимий бўлади. Масалан, французлар Ғарбий Европанинг жуда қадимий халқларидан бўлишига қарамай, ўз номини каролинглар империяси парчаланиши натижасида (IX аср) ташкил топган Ғарбий Франк қироллиги асосида X асрда олди. Украин халқи ўз она юртида жуда қадимдан яшаб келади, аммо украин атамаси қадимги рус йилномаларида XII-XIII асрлардагина учрай бошлайди. Шу сингари ўзбек халқи тарихи ҳам, унинг номидан анча қадимий. Бугунги кунда ўзбек этносини ташкил этган ўзбекларнинг аждодлари XI-XII асрларда узил-кесил халқ сифатида шаклланиб бўлган эди. Унинг этник номи эса, бу заминда XVI аср бошларида пайдо бўлди. Шунинг учун халқ миллат даражасига кўтарилганда эса, унинг халқ номи бўлиши шарт. Тўртинчидан, халқнинг сиёсий уюшмаси-давлат, тарих тақазосига кўра, ҳамма вақт ҳам этнос номи билан аталавермайди. Аммо, халқ миллатга айланганда, унинг давлат номи ҳам миллат номи билан юритилиши шарт. Бешинчидан, этноснинг халқ даражасида ўзликни англаш, миллий ғурур, Ватан фидоийси бўлиш, ўз ватани ва халқидан фахрланиш ҳисси ўша давр жамияти тартиб-қоидаларига кўра, кўпчиликда бир хил, юксак даражада бўлмайди. Аммо, халқ миллат даражасига кўтарилганда бу сифатлар юксак даражада бўлиши талаб этилади. Олтинчидан, этноснинг тил бирлиги элатнинг халқ даражасида ҳамма вақт ҳам давлат мақомини олавермайди, халқ миллат даражасига кўтарилганда унинг тили албатта, давлат мақомини олади. Бизда, Ўзбекистонда бу тарихий факт 1989 йил 21 октябрда юз берди. Еттинчидан, менталитет этноснинг халқ даражасида эмас, балки миллат даражасида шаклланади ва ниҳоят, саккизинчидан, миллат узил-кесил шаклланганда давлат жамият томонидан бошқарилади, яъни давлат халқ хизматчиси, барча соҳаларда миллат талаби ва хоҳиш-иродасини бажарувчи механизмга айланади.
Демак, миллатнинг шаклланиши этногенетик жараён каби узоқ давом этадиган тарихий воқелик бўлиб, миллат этник тарихнинг энг юқори юксак чўққиси, камолот босқичики, биринчидан, бу босқичга кўтарилган халқнинг давлати миллат номи билан юритилади; иккинчидан, миллат номи билан юритилган давлат чегаралари қатъий, дахлсиз, жаҳон жамоатчилик ташкилотлари томонидан тан олинади; учинчидан, аниқ ҳудудий чегарада муомилада бўлган умуммиллат тили давлат тили мақоми даражасига кўтарилади; тўртинчидан, аҳолининг ўзликни англаш даражаси фуқароларнинг ҳаёт мазмунига, кундалик турмуш тарзига айланади; бешинчидан, миллатга хос миллий менталитет шаклланади; олтинчидан, давлат жамият томонидан бошқарилади, яъни давлат миллатнинг хоҳиш-иродасини бажарувчи механизмга айланади.
Миллатни тил, ҳудуд ва этномаданий жиҳатдан бирлаштирувчи омил иқтисодий негиздир. Миллатнинг иқтисодий-хўжалик бирлиги асосида тил ва ҳудуд ҳамда этномаданий бирликлар шаклланиб боради. Миллатнинг иқтисодий ва сиёсий бирлашиши халқ оғзаки тилининг (лаҳжаларининг) яқинлашиши асосида ягона миллий тил-ёзма адабий тилнинг пайдо бўлишига олиб келади. Лаҳжалар ўрнини миллий адабий тил эгаллайди. А. Навоий ва М.З. Бобир тиллари эски ўзбек адабий тили бўлиб, бу тилда Маҳмур, Машраб, Увайсий, Турдий, Нодира, Огоҳий, Аваз Ўтар ўғли, Хувайдолар ижод қилдилар. Бу тил Комил Хоразмий, Мунис, Феруз, Муқимий, Фурқат, Завқийлар замонасида янада сайқал топиб, жадидлар даврида ўзининг юксак чўққисига кўтарилди. Унинг заминида шаклланган ҳозирги замон ўзбек адабий тилида Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғофур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия каби бадиий ижоднинг дарғалари қалам тебратдилар. Ҳозирги замон ўзбек адабий тилига давлат тили мақомини берилиши ўзбек миллатининг мустақил ҳаёт сари қўйган биринчи дадил қадами бўлди. Бу қадам ўзбек миллати тарихида ошкоралик ва демократия учун кураш амалий ҳаёт билан боғланиб кетган дамларда қўйилди. Мустақиллик тамойилларининг сиёсий ва мафкуравий тамал тошларини қўйиш эса ўзбек миллати тарихида 1991 йил 31 августдан бошланди. Мустақил Ўзбекистон давлати ўзбек миллатини узил-кесил шаклланишининг бош омили сифатида жаҳон харитасида пайдо бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |