4. Бағрикенгликнинг зидди “мутаассиблик”дир. Умумий маънода “мутаассиблик” – бу бир ғоянинг тўғрилигига қаттиқ ишониш ва ундан ўзгаларини кескин рад этишни англатади. Мазкур феноменнинг хавфли жиҳати шунда-ки, у борган сари кучайиб ксенофобия, экстремизм ва хатто терроризмга айланади.
Терроризм бутун дунёда тинчликни таъминлаш йўлидаги асосий ғов, тўсиқдир. Зеро, ХХ асрнинг иккинчи ярмида халқаро миқёсда ўзини очиқ намоён этаётган хатарли воқеликлардан бири, турли шиорлар билан ниқобланган терроризм минтақалар ва мамлакатлар ҳаётига бирдек таҳдид солмоқда. Кенг кўлам ва хилма-хил кўринишлар касб этаётган ушбу иллатга қарши кураш бутун дунё учун долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Маълумотларга кўра, бугун дунё бўйича 500 га яқин террорчилик ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Бир йил мобайнида бутун Ер юзида содир этилган терактлар ва уларнинг оқибатида ҳалок бўлганларнинг сони бир неча ўн мингни ташкил этиши терроризмнинг тинчлик ва хотиржамликни издан чиқаришга қаратилган асосий таҳдидлардан бирига айланганини кўрсатади.
Айни пайтда, замонавий терроризмнинг, бир томондан, тобора шафқатсизроқ ғайриинсоний моҳият, иккинчи томондан, ақлга сиғдириш қийин бўлган жуғрофий кўламлар касб этиб бораётганини алоҳида таъкидлаш муҳим. Ҳозирда ҳар куни дунёнинг у ёки бу бурчагида кимларнидир қўрқувга солиш орқали муайян мақсадларга эришишни кўзлаган қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Ва, афсуски, уларнинг сони мунтазам ошиб бормоқда.
Марказий Осиё минтақасида диний мутаассиб оқимлар фаолияти ХХ асрнинг 80-йиллари бошларида хорижий экстремистик марказлар саъй-ҳаракатлари билан шакллана бошлади. Минтақада хориждан келаётган молиявий ёрдам ҳисобига жангари сифатида фойдаланиладиган шахсларни танлаш ва тайёрлаш билан шуғулланадиган гуруҳлар пайдо бўлди. Марказий Осиё республикалари мустақилликка эришган 1990-йилларнинг бошларида эса, бу гуруҳлар фаоллашиб кетди. Минтақада асосан “Ҳизбут-таҳрир”, “Туркистон ислом ҳаракати”, “Акромийлар”, “Нурчилар” каби гуруҳларнинг фаолияти кузатилди.
Ислом асосларини бузиб талқин қилиш, илмсиз, ташқи таъсирга берилувчан аҳолини ўз талқинидаги диний ғоялар билан заҳарлаш, ўзларига қўшилмаган кишиларга, давлатларга ва тузимларга нисбатан зўравонлик, бузғунчилик, қотиллик қўллашни ҳалол деб ҳисоблаш каби хусусиятлар юқорида зикр этилган ташкилотларнинг барчасига хосдир. Афсуски, сўнгги йилларда мазкур гуруҳлар фаолияти натижасида дунё бўйлаб ҳар йили 30 мингдан ортиқ тинч фуқаро ҳалок бўлмоқда. Ўнлаб миллион аҳоли ўз уйларини ташлаб кетиш ва дунёнинг турли мамлакатларида сарсон-у саргардон бўлишга мажбур қолмоқда. БМТ маълумотларига кўра эса, бир миллиондан ортиқ ёш болалар очликдан ўлиш хавфи остидадир. Уларнинг аксар қисми террорчилик авж олган, бузғунчи гуруҳлар томонидан эгаллаб турилган ҳудудларга тўғри келади. Бугунги кунда Ироқ, Сурия, Нигерия, Афғонистон, Яман, Ливия ҳануз дунёнинг энг қайно нуқталари ҳисобланади. Таҳлилчилар фикрича, ҳеч қайси давлат ўзининг террорчилар хуружидан ҳоли эканига 100 фоиз кафолат бера олмайди. Жумладан, 2015 йилда дунёнинг 96 мамлакати, у ёки бу даражада террорчиликдан азият чеккан.
Do'stlaringiz bilan baham: |